Рууд Гуллит: «Неймар трансферидан «ПСЖ» ҳам «Барселона» ҳам бахтиёр»
Aug. 12, 2017, 2:20 p.m. 2233

Нидерландия терма жамоаси собиқ футболчиси Рууд Гуллит Неймарнинг «Барселона»дан «ПСЖ»га трансфер қилинишига ўз муносабатини билдириб ўтди.

«Бизнинг давримизда клублар бундай катта пул сарфлашмасди. Мен 10-12 миллиард лира атрофида турганман. Марко ван Бастен эса сал камроқ, чунки унинг жисмоний ҳолати бўйича мунтазам ишончсизликлар юрарди. Албатта, агар биз ҳозир ўйнаганимизда ва трансферимиз энди амалга ошганида, бизга ҳам юқори нарх қўйишарди. Ҳар қандай вазиятда ҳам Берлускони катта пул сарфлаб бўлсада, қисқа вақт ичида барча совринларни ютишга тайёр эди. Ўшанда бизга бу кулгули туюлганди, аммо якунда у ҳақ бўлиб чиқди.

Кимда кўпроқ пул бўлса, у қоидаларни ёзади. Футболчиси бор жамоа эса иккита йўли бор: агар у кетишни истаса, уни зўрлик билан бўлсада, олиб қолиш ва ундаги мотивацияни ўлдириш. Яна бир йўли эса уни қўйиб юбориш ва катта пул ишлаб олиш. Одатда иккинчи йўл ғалаба қозонади.

Неймар учун 222 миллион евро — катта пул, аммо қоидаси шунақа. Кимдир Неймарни қўлга киритишни истаса, шу товон пулини тўлаши керак бўларди. «ПСЖ» бу ишни бажарди. Охир-оқибатда бу барчани бахтиёр қилди: «ПСЖ» Неймарни қўлга киритди, «Барселона» катта пуллик бўлиб олди. Албатта Неймарнинг ўзи ҳам қолган фаолиятини тўкин-сочин ҳаётда ўтказиши мумкин бўлади», дея Гуллитнинг сўзларини келтиради Football Italia.