«Пахтакор» «Камолот» логотипи бўйича изоҳ берди
Aug. 12, 2017, 8:59 p.m. 2607

10 август Tribuna.uz cайтида «Пахтакор» клуби ўтказган матбуот анжуманида «Камолот» рамзидан фойдаланилгани ҳақида хабар чоп этилганди. Бугун Тошкентнинг «Пахтакор» клуби ушбу мақола юзасидан тушунтириш бериб ўтди.

«Клуб матбуот хизмати ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг изоҳларини қизиқиш билан ўрганади ва уларнинг талабларини ҳисобга олади. Ушбу мақолага боғлиқ ҳолатни қуйида тушунтириб ўтамиз.

2017 йил 30 июнь куни «Камолот» Ўзбекистон ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тузилди. «Пахтакор» футбол клуби «Камолот» Ўзбекистон ёшлар ижтимоий ҳаракати билан узоқ ва фойдали ҳамкорлик қилиб келади. Ҳаракат рамзидан клубнинг барча расмий тадбирларида фойдаланади.

Республика ёшлар иттифоқи раҳбарига рамзни алмаштириш юзасидан мурожаат этилганда «Камолот» Ўзбекистон ёшлар ижтимоий ҳаракатини Ўзбекистон ёшлар иттифоқига айлантириш юзасидан қарор қабул қилингач, иттифоқнинг янги рамзини ишлаб чиқиш учун конкурс эълон қилингани ҳақида жавоб олинди.

Бугунги кунда ёшлар иттифоқи раҳбарияти томонидан қабул қилинган таклифлар кўриб чиқилмоқда. Бу жараёнда энг маъқул разм танлаб олинади. Сўнг у Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан тасдиқланиши керак.

«Камолот» бизнинг ҳамкоримиз ҳисобланади ва келишувга кўра, биз унинг рамзидан янги рамз расман тасдиқланмагунча турли реклама ва расмий баннерларимизда фойдаланишимиз лозим. Янги рамз тақдим этилгунга қадар «Пахтакор» ФК эски рамздан фойдаланиб туради. Расмий тасдиқдан сўнг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи рамзини жойлаштирамиз», дейилади клуб расмий баёнотида.