АПЛ старт олмоқда. Мавсум арафасидаги энг асосий фаворитлар
Aug. 11, 2017, 4:23 p.m. 6114

Бугун, 11 август куни Англия премьер-лигасида янги мавсум бошланади. Бу мавсумда ҳам «Челси», «Тоттенҳэм», «Манчестер Сити», «Ливерпуль», «Арсенал» ва «Манчестер Юнайтед» клублари асосий фаворитлар ҳисобланади. «Трибуна» ёзги трансферлар вақтида қандай даражада кучайганини кўриб чиқади.

«Челси»га қийин бўлади
Антонио Контега «Челси» бошқарувида бу мавсумда қийин бўлиши мумкин. Биринчидан, одатда титулни ҳимоя қилиш руҳий жиҳатдан осон бўлмайди. Иккинчидан, Чемпионлар лигасидаги иштирок ҳам тақвимда муаммолар келтириб чиқариши тайин. Учинчидан, рақобатлар кучайишди.

Лондонликлар ҳам таркибни кучайтирган. «Рома»дан Рюдигер олиб келинди. Манчестерга кетган Матич ўрнида «Монако»дан трансфер қилинган ҳавбек Бакайоко ҳаракат қилади, «Реал»дан эса катта умидлар билан 70 миллион еврога Мората сотиб олинди. Жамоадан Матичдан ташқари Куадрадо, Терри, Натан Аке ва дарвозабон Асмир Бегович кетган.

Асосий савол – Конте яна ўзини кўрсата оладими? Италиялик ушбу мутахассиснинг кейинги йиллардаги фаолиятига назар ташланса, у етакчиларига дам бериш учун ротациядан фойдаланмаслигини кўришимиз мумкин. У мавсумни битта таркиб билан ўтказади. У муваффақиятларини давом эттиришни истаса, бу борада Зидандан ўрнак олиши – муҳим ўйинлар учун етакчиларини асраши керак бўлади.

«Тоттенҳэм»ни эътибордан қочириб бўлмайди!
Кейинги 3 йил давомида Маурисио Почеттино муштарак жамоа ташкил қилди. Ўтган мавсум «шпорлар» учун кейинги ўн йилликлардаги энг аълоси бўлди: иккинчи ўрин ва муҳими «Арсенал»дан юқоридаги ўрин. Жамоанинг асосий рақиби 5-ўринда қолди.

Клуб президенти Даниэль Леви ғалати трансфер қарорлари билан маълум. У бу мавсумда ҳам ўзгармади. Жамоа асосий футболчиларидан бири Кайл Уокерни қўйиб юборди (у рақиб жамоани – «Манчестер Сити»ни кучайтирди). Шунингдек, ўтган мавсумда ижарага берилган ҳавбек Бенталеб «Шальке»да қолди. Лекин янги футболчилар учун бир цент ҳам сарфланмади. Бу вақтда эса барча рақиблар фаол трансфер сиёсати олиб боришди. Бу жамоа Британиядаги кучли олтиликда, лекин энг пассиви.

Лондон жамоасида захира ўриндиғи кенг эмас. Лекин жамоанинг бу сиёсатининг ўзига хос сабаблари мавжуд, янги стадион қурилмоқда, иқтисод қилиш керак. Кўп эҳтимол билан бу мавсумда «Тоттенҳэм»нинг вазифаси – чуқур шўнғишдан сақланиш бўлади.

«Манчестер Сити»: Пепнинг иккинчи уриниши
Хосеп Гвардиола ўтган мавсумда фаолияти давомида илк марта ҳеч қандай совринсиз қолди. Испания футболи Британияда осон мослаша олмаяпти, унинг ғоялари ижроси керагидек бўлмаяпти. Ўтган мавсумдан хулосалар ясаган Пеп иккинчи мавсумга ўтмоқда: у вазиятдан келиб чиққан ҳолда иш тутиши керак бўлади.

Раҳбарият ҳам хатолар устида ишлади. Жамо трансферларга жиддий қаради. Бернарду Силва Турени алмаштиради, чап қанотда Клиши ва Коларов ўрнини босадиган Бенжамин Менди Англия учун мос футболчи, Санья ва Хесус Навас ўрнига келган Уокер учун АПЛга мослашиш муаммо эмас, Данило Отаменди билан ҳамкорликда ўйнайди, Эдерсон эса дарвозадаги муаммоларни бартараф этиши керак.

Шубҳа йўқки, «Манчестер Сити» – асосий фаворит. Бу жамоада энг яхши бўлиш учун барчаси мавжуд. Асосийси мураббий жамоага кераксиз деб ҳисоблаган футболчиларидан қутулди. Энди янги таркибни бир мақсад йўлида бирлаштириш керак. Йўқса, биз яна бир бор асосий рақибларга мағлуб бўлувчи юлдузлар галасига дуч келамиз.

Тушунарсиз «Ливерпуль»
«Ливерпуль»да қандайдир режа борлигига кимдир ишонишига ишониш қийин. Юрген Клопп жамоасида ўзгаришлар сезилмаяпти. Ушбу германиялик мутахассис бошқарувида икки мавсумда ҳам жамоа энг томошабоп ва  шавқли футбол намойиш этди. Лекин бу ўйинлари орқали жамоа «лига Робин Гуди» номини олди, Клопп шогирдлари кучли жамоаларни осонлик билан енгиб, аутсайдерларга очко улашди.

Ҳозирги «Ливерпуль»нинг асосий жиҳати – туганмас шижоат ва ҳаракатланиш. Лекин ҳужумдаги футболчилар қанчалик ёш ва ғайратли бўлса, ҳимояда сифат жуда паст. Мавсумлар оралиғидаги ягона жиддий трансфер – «Рома»дан Муҳаммад Салоҳ бўлди. «Саутҳемптон»дан Виргил ван Дейк ва «Лейпциг»дан Наби Кейтани олиш учун ҳаракатлар самарасиз кетмоқда.

Ҳозирда шундай тасаввур мавжудки, «Ливерпуль»дан ташқари бошқа барча клублар ўтган мавсум хатоларидан хулоса чиқаргандик. Кимдир хато қилган (энг яхши ҳимоячисини сотган «Тоттенҳэм»), кимдир трансферлар бозорида фаол бўлган («Манчестер Сити»). Кимдир эса, яъни «Ливерпуль» бир жойда депсиниб турибди. АПЛда бундай ҳолат фақат Фергюсон давридаги «МЮ»да нормал қабул қилинган. Клопп эса сэр Алекс эмас, замон ўзгарган.

Янгиланган «Арсенал»
«Канонирлар» ўтган мавсумнинг иккинчи қисмидаёқ ўзгаришлар бошлаганди, Арсен Венгер иккинчи даврада жамоа ўйин услубида кескин ўзгаришларни амалга оширди. «Арсенал» кейинги 20 йилдан ортиқ вақт ичида илк марта уч ҳимоячи билан ўйинни қуришга ўтди, натижада мавсумдаги охирги 10 ўйинда 9 ғалаба, жумладан «Сити» ва «Челси» мағлуб этилди.

Ёзги трансферлар вақтида ҳужумчи Александр Ляказетт, ва қанот ҳимоячиси, босниялик меҳнаткаш Колашинац (у «Шальке»дан эркин агент мақомида келди) трансфер қилинди. Шунингдек, Алексис Санчес ва Месут Ўзил қолишга кўндирилди. Шу билан бирга Венгер даврида илк марта «Арсенал» Чемпионлар лигасида қатнашмайди!

Жамоа олдида қийин, шу билан бирга қизиқарли вазифа турибди: Нега энди ўз имкониятларингни янги турнирда синаб кўрмаслигинг керак? Бу турнир ҳам ўзига яраша нуфузга эга, лондонликлар эса бу турнир фаворити.

Лекин Венгернинг охирги интервьюларидан билиш мумкинки, у асосий эътиборни АПЛга қаратади. Европа Лигасидаги ўйинларда асосан ўринбосарлар иштирок этиши кутилмоқда.

«Манчестер Юнайтед» ҳаммани ҳайрон қолдирмоқчи
Жозе Моуриньо «МЮ»ни Луи ван Гаал давридаги инқироздан кейин кўтармоқда. Португалиялик мутахассис ҳам жамоани олтинчи ўриндан юқорига олиб чиқа олмади, унинг даврида ҳужум унутилди (ҳатто «Борнмут» кўпроқ гол урган), дуранглар синдроми (15та дуранг ва рекорд). Лекин у барчасини бир нарса учун қурбон қилди: Европа Лигасидаги ғалаба ва Чемпионлар лигасига йўлланма!

Ёзда жамоа катта харидларни амалга оширди  – Матич (45 миллион евро), Лукаку (100 млн евро ва бонуслар), Линделеф (35 млн евро). Жамоа барчани ҳайрон қолдиришга ҳозирланмоқда. Португалиялик мураббий футболчиларда амбиция уйғотиш қобилияти билан ажралиб туради.

Янги мавсум «МЮ» учун бурилиш мавсуми бўлиши мумкин. Погба, Мхитарян ва Байи мослашиш давридан ўтди, Лукаку ва Матич аввалдан Англияда. Манкунианлар кучли олтиликдаги бошқа клубларга нисбатан жиддий тайёрланди, жамоа стартга жисмонан юқори формада етиб келган.

Биринчи тур ўйинлари бугун, Тошкент вақти билан соат 23:45да «Арсенал» ва «Лестер» учрашуви билан бошланади.