Англия стартда! Дунёнинг энг оммабоп чемпионати дастлабки тури ҳақида барча фактлар
Aug. 11, 2017, 6:41 p.m. 5828

Икки ойдан кўпроқ вақт давом этган танаффусдан сўнг, дунёнинг энг томошабоп чемпионати сифатида таъриф бериладиган Англия чемпионати бугун старт олиш арафасида турибди. 129 йиллик тарихда кузатилмаган воқеилик билан бошланаётган чемпионат ҳар доимгидек кескин курашларга бой ўтиши кутилмоқда. Tribuna.Uz чемпионат учрашувлари превьюсини батафсил бериб боради. Бугун бошланадиган 1-тур учрашувларига оид қизиқарли фактлар, хабарлар, маълумотлар барчаси шу ерда.

Англия премьер-лигаси 2017/2018 йилги мавсум, 1-тур

«Арсенал» – «Лестер» (11 август, 23:45, Futbol TV, Матч! Футбол 1)

Ўтган ҳафтада Англия суперкубогидаги ғалаба билан мавсумни бошлаб олган Арсен Венгер барча эртакларни тугатиб, яна олдинги ҳолатига қайтган «Лестер»ни қабул қилиш орқали премьер-лиганинг янги мавсумини очиб беради.

Ўйинолди қизиқарли фактлар
—Англия чемпионатларининг 129 йиллик тарихида илк марта мусобақа жума куни старт олади.
— «Арсенал» «Лестер»га қарши ўз уйида кечган сўнгги 10 учрашувнинг барчасида ғалаба қозонган. Умуман бу икки жамоа АПЛ доирасида 22 марта тўқнаш келган бўлса, «Лестер» фақат бир мартагина лондонликлардан устун келган. 14 учрашувда «Арсенал» ғалаба қозонган бўлса, 7 учрашув дуранг натижа билан тугаган.
— Жейми Варди «Лестер»нинг «Арсенал»га урган сўнгги учта голнинг иккитаси муаллифлик қилган, лекин ўша учрашувларида «тулкилар»нинг омади чопмаган

Йўқотишлар
«Арсенал» таркибида Алексис Санчес, Лоран Косьелни, Габриэл Паулиста, Санти Касорла жароҳати сабаб ўйнай олмайди. Шунингдек Фрэнсис Коклин, Аарон Рэмзи ва Пер Мертезакернинг ҳам ҳолати сўроқ остида қолмоқда. Месут Ўзил ва Шкодран Мустафи эса жамоага кеч қўшилган ва жисмонан тайёр эмас.
«Лестер Сити»да эса Келечи Иҳеаначо кичик жароҳатдан сўнг яна умумий гуруҳ машғулотларига қайтган, аммо Дэнни Дринкуотер ва янги харид қилинган Висенте Иборра жароҳати сабаб ўйнай олмайди. Роберт Ҳутнинг ўйинда иштироки ҳам сўроқ остида қолмоқда.


«Брайтон» – «Манчестер Сити» (12 август, 21:30, UzReport, Матч! Футбол 1)

Янги мавсум олдидан 200 млн еврога яқин пулни ҳимоя чизиғини кучайтириш учун сарфлаган Хосеп Гвардиола бу мавсумда катта натижаларни ваъда қилмоқда. АПЛ чемпионлиги учун асосий даъвогар бўлиб турган «Сити» бу йўлдаги дастлабки қадамини АПЛ дебютанти «Брайтон»га қарши учрашув билан бошлайди.

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— Бу иккала жамоанинг премьер-лига доирасидаги илк тўқнашуви бўлади. АПЛ ташкил этилгунига қадар (1992 йилгача) жамоалар Англия чемпионати доирасида 8 марта дуч келган бўлиб, уларнинг 4тасида «Сити» иккитасида «Брайтон» ғалаба қозонган. 2 учрашувда дуранг қайд этилган.
— Сўнгги марта бу икки жамоа 2008 йилда Англия лига кубогида дуч келган бўлиб, ўшанда ўйиннинг асосий вақтида 2:2 ҳисобида дуранг қайд этилган, пенальтилар сериясида эса «Брайтон» зафар қучган.
— «Манчестер Сити» 6 мавсумдан буён АПЛни фақат ғалаба билан бошлаб келмоқда. Бу ҳозирги кундаги энг яхши кўрсаткич саналади.
— «Манчестер Сити» сўнгги икки йилдан буён АПЛнинг дастлабки олти турида фақат  ва фақат ғалаба қозонмоқда.
— Серхио Агуэро «Манчестер Сити»нинг премьер-лига доирасидаги сўнгги олтита дастлабки тур ўйинларида 5 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлган.
— «Amex» номидаги стадион АПЛ ўйинлари ўтказилган 56-янги майдон сифатида тарихга киради.

Йўқотишлар
«Брайтон» таркибида Сэм Балдок  ва Берам Каял жароҳати сабаб премьер-лигадаги дебютини ўтказиб юборади. Жамоанинг янги хариж қилган футболчилари Дэви Проппера, Иззи Браун, Маркус Саттнер, Паскал Гросс ва Мэтью Райан бу учрашувда иштирок этиш учун тайёр бўлиб туришибди.
«Манчестер Сити» таркибида эса Илкай Гундўған эски жароҳатидан тўлиқ тикланиб улгурмагани учун бу учрашувни ўтказиб юборади. Шунингдек янги харид қилинган дунёнинг энг қиммат ҳимоячиси Бенжамен Менди ҳам бу учрашувда АПЛда дебют қила олмайди. Уокер, Данило, Эдерсон, Бернарду Силва каби янги футболчилар эса клубдаги дебют учрашувини ўтказиши кутилмоқда.


«Уотфорд» – «Ливерпуль» (12 август, 16:30, Futbol TV, Матч! Футбол 1)

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— «Ливерпуль» сўнгги тўртта мавсумнинг дастлабки турида фақат ғалаба қозонган. Унгача эса жамоа тўрт мавсум кетма-кет АПЛни ғалабасиз ўйинлар билан бошлаганди.
— «Ливерпуль»нинг биринчи турдаги сўнгги мағлубиятидан учтаси меҳмондаги учрашувларда кузатилган (8 ғалаба, 5 дуранг, 3 мағлубият).
— «Уотфорд» ҳозиргача премьер-лига дебютида ғалаба қозона олмаган (2Д, 2М).

— «Ливерпуль» премьер-лига доирасидаги сўнгги 3 учрашувда бирорта ҳам гол ўтказмасдан ғалаба қозонган. Охирги марта жамоа меҳмондаги кетма-кет тўртта учрашувда гол ўтказмасдан ғалабани тантана қилган вақти 2002 йилнинг январидан мартига қадар бўлиб ўтган учрашувларда кузатилган.

Йўқотишлар
«Уотфорд» ҳимоячиси Крейг Кэткарт жароҳати сабаб учрашувда майдонга туша олмайди. Ҳужумчи Трой Дини эса жароҳатдан сўнг машғулотларга тўлиқ киришиб кетгани йўқ ва бу учрашувда иштироки сўроқ остида қолмоқда.

«Ливерпуль» таркибида эса Адам Лаллана жароҳати сабаб мавсумнинг дастлабки қисмини ўтказиб юборади.


«Челси» – «Бёрнли» (12 август, 19:00, Futbol TV, Матч! Футбол 1)

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— «Челси» АПЛнинг 1-турларида жами очко тўплаш (54 очко) бўйича премьер-лиганинг исталган клубидан устун ва бу борада етакчи саналади.
— АПЛнинг барча даврларидаги 25 чемпиондан фақат ўтган мавсумда «Лестер Сити» амалдаги чемпион сифатида биринчи турда «Ҳалл Сити»га ютқазиб (1:2) қўйганди. Бошқа ҳолатларда ҳеч қачон амалдаги чемпион янги мавсумни мағлубият билан бошламаган.
— «Бёрнли» премьер-лигадаги барча учта мавсумидаги дастлабки турларни мағлубият билан бошлаган ва фақатгина битта гол урган.
— Агар «Челси» бу учрашувда ғалаба қозонса Премьер-лигада дам олиш кунлари 300 ғалабага эришган иккинчи жамоага айланади. Ҳозирга қадар «Манчестер Юнайтед» 327та шанба куни кечган учрашувларда ғалаба қозонган.

Йўқотишлар
Қизиқ томони, иккала жамоада ҳам биринчи турда ҳеч қандай йўқотишлар йўқ.


«Кристал Пэлас» – «Ҳаддерсфилд Таун» (12 август, 19:00)

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— «Ҳаддерсфилд» сўнгги марта «Кристал Пэлас» билан 1972 йилда тўқнаш келган ва ўшанда «Селҳёрст Парк» стадионида кечган учрашувда ҳисоб очилмаган.
— «Пэлас» премьер-лига дастлабки тури доирасидаги сўнгги беш мавсумдаги учрашувларнинг фақат биттасида 1-турни ғалаба билан (1Ғ, 1Д, 3М) бошлаган.
— Бу Франк де Бур ва Дэвид Вагнернинг АПЛдаги биринчи тўқнашуви бўлади. Охирги марта бундан 13 йил олдин АПЛда икки дебютант мураббий бир вақтда тўқнаш келиши ҳолати кузатилганди.
— 2008/2009 йилги мавсумдан буён премьер-лига дебютантлари 1-турда жами бўлиб 4та учрашувда ғалаба қозона олишган холос.

Йўқотишлар
«Ҳаддерсфилд» АПЛдаги дебют учрашувида Наҳи Уэллс, Жонатан Ҳогг, Мартин Крэйни ва Жон Станкович хизматидан фойдалана олмайди. «Пэлас»да бундай йўқотишлар йўқ.


«Эвертон» – «Сток Сити» (12, август, 19:00)


Ўйинолди қизиқарли фактлар
— «Эвертон» премьер-лиганинг сўнгги тўрт мавсумини фақат дуранг натижа билан бошлаган. Уларнинг учтасида 2:2 ҳисоби қайд этилган.
— Фақатгина Фрэнк Лэмпард ва Алан Ширер (8та гол) Премьер-лиганинг биринчи турида Уэйн Рунидан кўпроқ гол (7та гол) урган .
— Гарет Бэрри ўзининг АПЛдаги 21-мавсумида майдонга тушиши мумкин. Бундан яхшироқ кўрсаткич фақатгина Райан Гиггзда (22 мавсум) бор.
— Питер Крауч «Эвертон»га қарши учрашувларда 6 гол ва 4та голли узатма муаллифи бўлган. У фақатгина «Астон Вилла»га қарши ўйинларда бундан яхшироқ (11та самарали ҳаракат) натижага эришган.

Йўқотишлар
«Эвертон» таркибида жароҳати сабаб Шеймус Коулмэн, Янник Болази ва Рамиро Фунес-Мори учрашувда иштирок эта олмайди. Росс Баркли ва Жеймс МакКартини иштироки сўроқ остида.
«Сток Сити»да бу каби муаммолар ҳозирча йўқ.


«Саутҳемптон» – «Суонси» (12 август, 19:00)

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— «Саутҳемптон» ҳеч қачон премьер-лиганинг дастлабки тур учрашувини ғалаба билан бошламаган. 9 мавсум, 0 ғалаба (5Д, 4М).
— Аммо, «авлиёлар» Премьер-лига доирасидаги «Суонси»га қарши сўнгги 8 учрашувнинг олтитасида ғалаба қозонган (6Ғ, 0Д, 2М). Жамоалар жами 10 марта дуч келган бўлса, яна 2 учрашув дуранг билан тугаган.
— «Суонси» фақат бир маротаба 2015 йилнинг февралида «Саутҳемптон» уйида ғалаба билан қайтган (1Д, 3М).
— «Суонси» премьер-лиганинг сўнгги уч мавсумидан буён биринчи турда ютқазмаяпти (2Ғ, 1Д).

Йўқотишлар
Уэльс жамоаси сафида Фернандо Льоренте, Ки Сунг Ёнг ва Натан Дайер жароҳати сабаб майдонга туша олмайди. Гильфи Сигурдссон эса бошқа жамоага ўтаётгани сабабли бу ўйин қайдномасига киритилмайди.
Мезбонлар «Саутҳемптон»да Виржил ван Дейкнинг ҳолати Сигурдссон билан бир хил бўлиб турибди. Бошқа чизиқларда йўқотишлар йўқ.


«Вест Бромвич» – «Борнмут» (12 август, 19:00)

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— «Борнмут» Премьер-Лига доирасидаги «Вест Бромвич»га қарши 4 учрашувнинг фақат биттасида мағлубиятга учраган (2Ғ, 1Д).
— Аммо «Борнмут» премьер-лигада бунгача ўтказган икки мавсумида ҳам биринчи турни мағлубият билан бошлаган (2015 йил «Астон Вилла»га 0:1, 2016 йилда «Манчестер Юнайтед»га 1:3).
— Гарет Маколи «Борнмут»га қарши 4 учрашувнинг 2тасида гол киритган, бошқа бирор жамоага у бунчалик тез фурсатларда гол кирита олмаган.
— «Борнмут» ҳужумчиси Жошуа Кинг 2017 йилда АПЛ 13та гол киритган. Фақатгина Ромелу Лукаку (15 гол) ва Ҳарри Кейн (21 гол) жорий календарь йили ҳисобида Кингдан кўра яхшироқ натижага эришиб туришибди.

Йўқотишлар
«ВБА» таркибида Гарет Маколи ва яримҳимоячи Жеймс Моррисон майдонга туша олмайди.
«Борнмут» эса Каллум Уилсон, Жуниор Станислас учрашувни ўтказиб юборади. Стив Кук ва Жермейн Дефонинг иштироки сўроқ остида қолмоқда.


«Манчестер Юнайтед» – «Вест Ҳэм» (13 август, 20:00, Futbol TV, Матч! Футбол 1)

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— Ҳеч бир жамоа «Манчестер Юнайтед» каби премьер-лига дастлабки турини кўп ғалаба билан билан бошламаган (16 ғалаба, «Челси» билан бир хил натижа).
— «Манчестер Юнайтед» «Вест Ҳэм»га қарши сўнгги 9 учрашувдан буён мағлубият нималигини билмай келмоқда (7Ғ, 2Д).
— Жозе Моуриньо бутун мураббийлиги тарихида якшанба куни ўз уйида ўтказган бирорта учрашувда ҳам ютқазмаган (86Ғ, 26Д).
— Жо Ҳарт «Олд Траффорд» кетма-кет учта учрашувда гол ўтказмаган илк дарвозабонга айланиши мумкин. Бунгача у «Манчестер Сити» сафида икки марта 2014 йил мартида ва 2015 йилнинг октябрида майдонга тушиб ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолганди.

Йўқотишлар
«МЮ» таркибида Маркос Рохо (тизза), Люк Шоу (оёқ) ва Эшли Янг (тиззаости пайлари) жароҳати сабаб учрашувни ўтказиб юборади. «Вест Ҳэм»да ҳозирча бундай муаммолар йўқ.


«Ньюкасл» – «Тоттенҳэм» (13 август, 17:30, Futbol TV, Матч! Футбол 1)

Ўйинолди қизиқарли фактлар
— «Ньюкасл Юнайтед» Премьер-лигадаги сўнгги тўққизта стартдаги учрашувнинг фақат биттасида ғалаба қозонган. (4Д, 4М), аммо жамоа 2012 йилда айнан «Тоттенҳэм»ни АПЛ стартида мағлуби (2:1) этганди.
— Ҳарри Кейн Премьер-лига доирасидаги сўнгги 15 учрашувда 20та гол киритган. Аммо у ҳеч қачон август ойида АПЛ ўйинларида гол ура олмаган.
— Икки жамоа ўртасида «Сент-Жеймс парк» стадионида кечган сўнгги уч учрашувда жами 14 гол киритилган. Жумладан 2016 йилнинг май ойида бўлиб ўтган сўнгги тўқнашувда «Ньюкасл» 5:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
— «Ньюкасл» бош мураббийи Рафаэль Бенитес Премьер-Лига доирасидаги «Тоттенҳэм»га қарши ўз уйида ўтказган 8 учрашувнинг бирортасида мағлубиятга учрамаган (5Ғ, 3Д).

Йўқотишлар
Иккала жамоада ҳам ҳозирги вақтда йўқотишлар тўғрисида маълумотлар берилмаган.