Жанжалли трансфер: «Барселона» Дембеле учун таклифни яхшилади
Aug. 10, 2017, 10:55 p.m. 9377

«Барселона» Дортмунднинг «Боруссия» клубига Усмон Дембеле трансфери бўйича иккинчи таклифни йўллаган. Бу маълумот Испаниядаги Sport.es нашри томонидан тарқатилди. 

Бугун немислар клуби Дембеле учун «Барселона» йўллаган таклиф рад этилгани ҳақида расман маълум қилганди. Манба маълумотига кўра, кўк-анорранглилар жамоаси футболчини аввалига 70 млн еврога сотиб олишни мўлжаллаганди. Каталонлар эндиликда дастлаб 90 млн евро тўлаш ва кейинроқ 40 млн еврони бонуслар кўринишида ўтказишни назарда тутувчи таклиф тайёрлаган. 

Дембеле «Барса» билан оғзаки шартнома борасида келишиб олгани айтилмоқда.

Каталонлар таклифи рад этилганидан хабар топгач, футболчи жамоа машғулотларига келмади.

Шундан сўнг «Боруссия» уни жамоадан вақтинчаликка четлатган.

Охирги хабарларга кўра, ушбу футболчини қўлга киритиш учун «Реал» ҳам ҳаракат бошлади. Бу жамоа Мбаппени трансфер қилиш имкониятлари йўқолаётгани учун эътиборини Дембелега қаратди. Қолаверса, мадридликлар трансфер рақобатида яна бир бор «Барселона»ни доғда қолдирмоқчи.

Усмон Дембеле «Боруссия»га 2016 йилда «Ренн» таркибидан келиб қўшилган. У дортмундликлар сафида ўтган мавсумда барча турнирлар доирасида 50 учрашувда қатнашди ва 10 гол уриб, 22 голга узатма берди.