Санчес «Бавария»га ўтмаслиги аниқ бўлди
July 17, 2017, 12:02 p.m. 1798

Мюнхеннинг «Бавария» жамоаси бошқарув кенгаши раиси Карл-Хайнц Румменигге маълум қилдики, жамоа «Арсенал»дан Алексис Санчесни сотиб олиш ҳақида ортиқ ўйламаяпти.

Бироз олдинроқ чилилик футболчи фаолиятини қаерда давом эттириш истагида экани ҳақида сўрашганида, Чемпионлар лигасида ўйнамоқчи эканини айтганди. Якунланган мавсумда лондонликлар жамоаси АПЛда бешинчи ўринда қолди ва Европа Лигасида ўйнайдиган бўлди.

«Аниқ гап айта олмайман. Айтишим мумкин бўлгани, «Бавария» унга ортиқ қизиқмаяпти», — дея Руммениггенинг сўзларини келтирган Bild нашри.

Якунланган мавсумда Алексис Санчес АПЛ ўйинларда «Арсенал» учун 24 гол урди. Мавсум давомида ОАВ ушбу футболчи фаолиятини «Бавария»да давом эттириши ҳақида кўп марта хабар тарқатганди.