Мичу 31 ёшида футболдан кетишга мажбур бўлди
July 17, 2017, 3:10 p.m. 3188

Бир неча йил олдин «Суонси»даги ўйинлари билан АПЛ юлдузига айланган испаниялик ҳужумчи Мичу 31 ёшида футболдан кетди.

Ine.es хабарига кўра, у жароҳатлари туфайли футболчилик фаолиятини якунлашга мажбур бўлган.

Унинг охирги жамоаси  Сегунда вакили «Овьедо» бўлиб қолди. Ўтган йил ёзида у айнан шу жамоа билан шартнома имзолаганди.

2015 йил кузида Суонси» билан шартномасини бекор қилгач, ушбу футболчининг фаолиятида кескин қулаш кузатилди.

У 2015 йилнинг ноябрида Испания 4-дивизиони вакили бўлмиш «Унион Лангрео» жамоасига ўтган, лекин 2 ой ўтибоқ жамоадан кетганди.

Мичу – «Овьедо» жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади. Футболчи фаолияти бошида астурияликлар жамоасида майдонга тушган.

Маълумот учун, «Суонси» Мичуни 2012 йилда «Райо Вальекано»дан 2,2 млн евро эвазига сотиб олганди. Ўшанда футболчи илк мавсумда 18та гол уриб, АПЛ тўпурарларидан бирига айланди.

2013 йил ёзида футболчига бир қатор жамоалардан таклифлар бўлди, аммо уэльсликлар унинг нархини 30 млн фунт этиб белгилаб қўйди ва барча таклифларга рад жавобини берди. Лекин янги мавсум арафасида футболчи жароҳат олди ва шундан кейин жароҳатлар гирдобидан чиқиб кета олмади. 2014 йилда Мичу 1,5 млн евро эвазига кейинроқ 7,5 млн евро эвазига сотиб олиш ҳуқуқи билан «Наполи»га 1 йил муддатга ижарага берилди. Италияликлар жамоаси сафида у атиги 3та ўйинда майдонга тушди. Италияликлар жамоаси уни сотиб олишни истамади ва Англиядаги ёрқин ўйинлари туфайли Испания терма жамоасига номзод бўлган ва ўртоқлик учрашувларида терма жамоа сафида майдонга тушган ҳужумчининг фаолияти қоронғуликка чўмди.