«Ростов» Шомуродовни ўз футболчиси сифатида таништирди
July 17, 2017, 12:52 a.m. 6196

Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси, шу вақтгача «Бунёдкор» сафида тўп суриб келган Элдор Шомуродов расман «Ростов» футболчисига айланди.

Донликлар жамоаси 22 ёшли футболчини ўз аъзоси сифатидан таништирди, бу ҳужумчи янги жамоасида 14-рақамли футболкада ҳаракат қилади.

Шартнома 4 йил муддатга тузилган, келишувнинг молиявий жиҳатлари ошкор этилмаган.

«Ростов»да яна бир қатор футболчилар пайдо бўлган бўлса-да, жамоа расмий сайти айнан Шомуродовнинг ташрифини мухлислар учун кутилмаган совға деб атади.

Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 18 учрашув ўтказган ва 6 гол урган.

Элдор Шомуродов «Бунёдкор»даги икки ярим йиллик фаолияти мобайнида 83та учрашув ўтказиб, рақиблари дарвозасига 22та гол урди.