«Арсенал»нинг собиқ футболчи Санчес масаласида Венгерга қизиқ маслаҳат берди
July 17, 2017, 4:39 p.m. 3199

«Арсенал» клубининг собиқ футболчиси Пол Мерсон Алексис Санчеснинг «Манчестер Сити»га эҳтимолий трансфери ҳақидаги хабарларга ўз муносабатини билдирди.

Бундан аввалроқ чилилик ушбу футболчи Чемпионлар лигасида иштирок этишни истаётгани туфайли «канонирлар» сафидан кетмоқчилиги, аммо Арсен Венгер унинг қолишига ишонч билдираётгани айтилганди.

«Мен «Арсенал» Санчесга муносиб ўринбосар топа олади деб ўйламайман. Алексис ҳар мавсумда 30тадан гол урмоқда. Албатта клуб ҳамиша футболчилар фикри билан ҳисоблашиши керак. Агар у «Арсенал» учун ўйнашни истамаётган бўлса, уни сотиб юбориш керак.

Санчес – юқори савияли футболчи, бунга шубҳа йўқ. Унга «Манчестер Сити»дан қизиқиш борлигини эшитдим. Менимча Арсен Венгер Санчес учун улардан Серхио Агуэрони талаб қилиши керак. Шундагина иш натижаси плюс бўлади. Бошқа ҳолатда трансфер муваффақиятсиз ҳисобланади», – деган эксперт.

Мерсон шунингдек, «Арсенал» олдинда турган мавсумда Англия чемпионатида муносиб иштирок этиб, Чемпионлар лигасига йўлланма олишига умид билдирган.

«Чемпионлар лигаси ҳақида айтадиган бўлсам, Венгер Санчессиз ҳам кучли тўртликка кириши мумкин. Ишонаманки, улар олдинда турган мавсумда чемпионлик учун курашишади. Бу албатта осон кечмайди. Айниқса, асосий футболчингни бой берсанг. Аммо яна қайтараман, жамоа бунга қодир», – деган Мерсон Goal учун берган интервьюсида.