Агуэро «Сити»нинг чемпионатдаги асосий рақибларидан бири сафига ўтиши мумкин
July 17, 2017, 5:04 p.m. 4335

«Манчестер Сити» ҳужумчиси Серхио Агуэро «Челси» қизиқишлари доирасига тушган. Бу ҳақда Sports Mole хабар тарқатди.

Аргентиналик футболчидан ташқари,  лондонликлар жамоаси бош мураббийи Антонио Конте «Боруссия» ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг вариантини ҳам кўриб чиқмоқда, аммо Агуэро унинг ёзги трансферлардаги асосий нишонига айланган. «Челси»да «Реал»дан Альваро Моратани харид қилиш варианти ҳам мавжуд.

«Челси» жамоадан кетаётган асосий ҳужумчиси Диего Коста ўрнига ҳужумчи қидирмоқда. Конте ушбу испаниялик ҳужумчига кейинги мавсумда уни ўйнатмоқчи эмаслигини айтган.

Лондонликлар аввалига «Эвертон»дан Ромелу Лукакуни трансфер қилишга уриниб кўрганди, аммо бельгиялик футболчи «Манчестер Юнайтед»га ўтиб кетди.

Серхио Агуэронинг «Манчестер Сити» билан шартномаси 2019 йил ёзига қадар мўлжалланган. Transfermarkt маълумотига кўра, 29 ёшли футболчининг трансфер қиймати 65 млн еврога баҳоланган.