ЕЧЛ финали вақтида «Ювентус» футболчилари ўртасида можаро бўлганми?
July 16, 2017, 8:46 p.m. 6321

Италияда «Ювентус»нинг асосий ҳимоячиларидан бири Леонардо Бонуччи Туринни тарк этиб, «Милан» сафига қўшилгани сабаблари муҳокама қилинмоқда.

La Stampa нашри Европа чемпионлар лигаси финалида рўй берган воқеа ҳақида инсайдерлик хабарини тарқатди. Унга кўра, финал учрашуви танаффуси вақтида «Ювентус» кийим алмаштириш хонасида можаро рўй берган.

Хабарда айтилишича, биринчи бўлимдан кейин (1:1) танаффус вақтида Дани Алвес жамоадоши Пауло Дибаладан ғазабланган, уни жон куйдириб ўйнамаётганликда, босим ўтказмасликда ва сариқ карточкадан сўнг ўйинни ташлаб қўйганликда айблаган.

Шу вақтда хонага жамоа бош мураббийи Массимилиано Аллегри кириб келиб, Дибалани ҳимоя қилган ва Алвесдан ўзини босиб олишни сўраган.

Леонардо Бонуччи эса Алвеснинг фикрига қўшилган. Дибала кулимсираб, ўзини эътирозларга бепарво тутади. Бонуччи бундан ғазабланиб, Дибаланинг томоғидан ушлайди ва уни бурчак итариб юборади.

Шунда ўртага Андреа Барзальи тушиб, Алвес ҳамда Бонуччидан тинчланишни сўрайди. 

Бонуччи эса Барзальининг ўзини ҳам айблашга тушади, унга бу жамоадоши биринчи бўлимда Марселони бир неча марта ўтказиб юборгани ёқмаганди.

Ўз навбатида Барзальи ҳам жим турмайди ва биринчи гол Бонуччининг хатосидан келиб чиққанини унинг юзига солади ва футболчилар муштлашиб кетишига бир бахя қолади. Аллегри бир амаллаб муштлашувнинг олдини олади.

«Бу жамоа билан бошқа ўйнамайман. Энди менсиз давом этади». Бу Бонуччининг иккинчи бўлимга чиқиш олдидаги фикрлари эди. «Ювентус» кейин ҳеч нарса қила олмади ва «Реал» рақиб дарвозасини 3 марта ишғол қилиб, турнир ғолибига айланди.

Бу ҳодисада яна бир вазият бўлган. Унга кўра, ўйиндан олдин Аллегри Алвесдан ЕЧЛнинг бир неча бор ғолиби сифатида иштиёқ уйғотувчи нутқ сўзлашни сўраган. Бразилиялик футболчи сўзини бошлаганида Дибала уни тингламай, телефонини ўйнаб, мусиқа тинглаб ўтган. Бразилиялик футболчи бунинг учун уни қаттиқ жазолаган: телефонини тортиб олиб, деворга отиб синдирган.

Якунда туринликлар жамоаси икки футболчисидан қутулишга тўғри келган. Аввалроқ 35 ёшли Алвес эркин агент мақомида Парижга йўл олганди.

Бонуччининг трансферидан эса туринликлар 40 миллион еврога яқин маблағ ишлаб олишди.