Бонуччи «Милан»да? Европадаги яна бир трансфер эртаги тафсилотлари
July 14, 2017, 11:16 a.m. 4597

«Ювентус» ҳимоячиси Леонардо Бонуччи яқин орада «Милан» футболчисига айланиши мумкин. Sky хабарига кўра, «россонерилар» футболчининг агенти Алессандро Луччи билан музокара олиб бормоқда.

«Милан» футболчи учун 30 млн евро беришга тайёр, бироқ туринликлар уни 45 млн евродан камига қўйиб юбормоқчи эмас. Бу вазиятда «Россонери» битим доирасида ҳимоячи Маттиа Де Шильони қўшиб бериб, «Юве»ни кўндиришга ҳаракат қилмоқда.

«Милан» футболчига 7 миллион евро маош ваъда қилган. Туринликларнинг футболчи билан амалдаги шартномаси 2021 йилгача мўлжалланган.

Ўз навбатида Алессандро Луччи Calciomercato бу борада «Милан»дан аниқ таклиф келиб тушмаганини айтган. 30 ёшли футболчига «Милан»дан ташқари «Челси», «Манчестер Сити» ва «Барселона»дан жиддий қизиқишлар сақланиб турибди.

«Айни вақтда бизда аниқ маълумот йўқ. Кутиш керак», деган агент.

Таниқли инсайдер Жанлука ди Марцио эса Бонуччи бугуноқ «Милан» футболчисига айланиши ҳақида айтмоқда: «Леонардо Бонуччининг «Милан»га ўтиши ҳал бўлган. Томонлар трансфернинг охирги жиҳатларини, бонуслар масаласини ҳал қилишмоқда. Умуман олганда «россонерилар» бу футболчи учун 40 миллион евро сарфлашади. Марко Фассоне жамоа билан Хитойга учмади. У трансферни расмийлаштириш учун Миланда қолди. Бонуччи бугуноқ Миланда бўлади».

Бонуччини «Ювентус»да нима қониқтирмади?

Буни эҳтимол, ҳеч қачон аниқ билиб бўлмас. Аммо ўтган мавсум давомида миш-мишлар тарқалганди - футболчи мураббий билан зиддиятда бўлган.

Ундан ҳам «жиддийроқ» тарих ҳақида айтишади. Матбуотда ЕЧЛ финали вақтида жиддий жанжал рўй берган. Агар Италиядаги нашрларга ишонсак, бу можаро иштирокчилари Бонуччи ва Дибала бўлишган. Манбалар бу икки футболчи муаммони муштлари билан ҳал қилишга уринишгани ҳақида айтишган.

Вақт ўтиб бу ҳақида унутишди. Леонардо Бонуччи жамоа билан янги мавсумга тайёрлана бошлади, жамоа раҳбарияти ҳам бу ҳодисага алоҳида эътибор қаратмади.

12 июль куни эса Mediaset манбасида трансфер ҳақида илк хабар чиқди, бир кун ўтиб янада ишончлироқ манба - Sky бу маълумотни тасдиқлади. Бу манбаларга ишонилса, Андреа Бертолаччи «Милан»дан  «Женоа»га ўтади, унинг агенти Алессандро Лучи эса «россонери» раҳбариятига бошқа мижози Бонуччини сотиб олишни таклиф этган.

Бу маълумотни кўп ўтмасдан Sportitalia тасдиқлади ва агент сўзларидан иқтибос келтирди: «Мен Бонуччи трансфери устида ишламоқдаман». 13 июль куни давомида бу хабар барча нашрларга тарқалди. Кўринишидан футболчи ва мураббий ўртасида низо бўлгани ҳақиқат. Ахир жиддий сабабсиз «Ювентус»дан кетишмайди.

Нега «Милан»га?

Ўтган ёздаёқ Англиядаги бир қатор бой клублар Бонуччига қизиқа бошлашганди. Айниқса «Манчестер Сити» ва «Челси» фаоллик кўрсатишди, бу жамоаларнинг мураббийлари Гвардиола ва Конте Леонардони ўз жамоасида кўришни ҳамон исташмоқда. Футболчи Англияга трансфер бўлиши мумкин эди, аммо бир омил бунга қаршилик қилади.

Гап шундаки, Леонардонинг кичик ўғлида жиддий хасталик аниқланган ва у фақат Италияда даволаниши мумкин. Англия ёки Испаниядаги шифокорлар ҳам кучли бўлиши мумкин, аммо ота-она фарзанди соғлиги борасида таваккал қилишни исташмади ва Италияда қолишга қарор қилишди.

Қолаверса, италиялик мухлислар олдида «Италияда қолиш вазифаси» бажарилди.

Бонуччи учун Италияда кўп жамоа талабгор эмасди: у Миланнинг «Интер» жамоаси тарбияланувчиси ҳисобланади, аммо у фақат қизил-қора рангдаги миланликлар билан музокара ўтказди. Леонардо Бонуччи «Интер»дан можаро туфайли кетганди ва буни унутмаган. Футболчи ва унинг агенти Вальтер Сабатини билан («Интер»нинг спорт директори) учрашишдан шунчаки бош тортишган.

Трансфер амалга ошиши қанчалик ҳақиқат?

«Милан» ёзги трансферларнинг энг фаол жамоаси. Янги хўжайинлар қўлига ўтган жамоанинг мақсадлари жиддий, ёзда бу жамоа 7 нафар жиддий харидни амалга ошириб бўлган. Фассоне ва Мирабелли бошчилигидаги раҳбарият июль ойида ҳам ҳаммани ҳайрон қолдиришда давом этмоқчи. Шу вақтгача келганлар ҳам савияли футболчилар эди, аммо Бонуччи – буткул бошқа даражадаги футболчидир.

Леонардо – ҳозирда дунёнинг энг яхши ҳимоячиларидан бири. У 30 ёшдами? Ҳимоячи учун (айниқса итальян) бу катта ёш ҳисобланмайди. Унинг келиши жамоанинг мудофаасини шакллантириши, Алессио Романьоли ундан кўп нарсани ўрганиши мумкин. Қанотларга Родригез ва Конти сотиб олинган, Монтелла бемалоқ 3-5-2 схемасидан фойдаланиши мумкин бўлади.

13 июль куни Италия матбуоти ушбу трансфердаги муҳим жиҳатлардан бири ҳақида ёзди, охирги маълумотларга кўра барчаси муваффақиятли якунланиш арафасида. Маттиа де Шильо ушбу трансфер доирасида Туринга йўл олмоқда.

Кўринишидан, икки жамоа Бонуччининг трансферини 40 миллион еврога келишган (матбуот Леонардо миланликлар билан 5 йиллик шартнома бўйича келишувга эришгани, бу йиллар давомида унга ёки 6, ёки 7 миллион евродан маош тўланиши ҳақида ёзмоқда). Барчаси Де Шильонинг нархига тақалмоқда. Миланликлар уни 15 миллион еврога баҳоламоқда, «Ювентус» эса фақат 10 миллион евро таклиф қилмоқда. Савдо давом этмоқда, лекин барчаси амалга ошишга яқин.