Дани Алвес Гвардиолани аҳмоқ қилди. Тафсилотлар
July 13, 2017, 7:23 p.m. 8523

Гвардиола Дани Алвеснинг ҳаракатидан дарғазаб бўлди ва уни хоин деб атади.

«Манчестер Сити» раҳбарияти Дани Алвеснинг «ПСЖ» клубини танлагани учун ундан қаттиқ норози бўлди.

Бразилиялик футболчи аввалига «шаҳарликлар» жамоаси таркибига қўшилишга ваъда берган эди. Бироқ, охирги кунда қарорини ўзгартириб, «ПСЖ» билан шартнома имзолади.

Marca хабарига кўра, Алвеснинг бу ҳаракатидан «Манчестер Сити» бош мураббийи, унинг «Барселона»даги собиқ устози Хосеп Гвардиола ҳамда «Барселона»нинг собиқ вакили, ҳозирда манчестерликлар жамоаси спорт директори бўлиб ишлаётган Чики Бегиристайн қаттиқ норози бўлган.

Ўтган ҳафтанинг жума кунида Гвардиола ва Алвес Барселонада учрашиб, бирга тушлик қилишганди. Ўшанда томонлар Англияда яна ҳамкорликда ишлашга келишишган.

Кўп ўтмасдан Дани Алвес «Ювентус» билан шартномани узди ва ҳамма унинг «Манчестер Сити»га бориб қўшилишини кута бошлади.

Унинг «шаҳарликлар» билан келишувга эришгани ҳақида ўтган ойдаёқ ёза бошлашганди. У ўшандаёқ шартнома тузиши мумкин бўлган, аммо таътилни ўтказиш учун ватанига кетган. У океан ортидан қайтгач, Барселонада Гвардиола билан суҳбатда бўлди, 4 кун ўтиб эса Париж жамоасида тиббий кўрикдан ўтди.

Бу тўрт кун ичида у Ибицада испаниялик Хоана Санс билан турмуш қуришга ҳам улгурди. Айнан шу аёл футболчини Париж жамоасини танлашга ундаган бўлиши мумкин, Хоана Санс тез-тез Парижга ташриф буюриб туриши маълум.

Шартнома имзолаши биланоқ L’Equipe нашрига берган интервьюсида Дани Алвес Гварлиола билан қўнғироқлашгани ҳақида гапирган: «Биз гаплашиб олдик. Ишонаверинг, буни мен сизга айтаяпман. Мен қарорим сабабларини тушунтирдим».

«ПСЖ»да Дани Алвес бир қатор ватандошлари билан бирга тўп суради: Тиагу Силва, Маркиньос, Лукас, Тиагу Мотта. Бундан ташқари Париж жамоасида унинг ҳам ватандоши, ҳам «Барселона»даги собиқ шериги Максвелл ишламоқда, у 4 июль куни клубнинг янги спорт директори, португалиялик Антер Энрикега биринчи ўринбосар бўлди. Айнан Максвелл Дани Алвеснинг трансферида муҳим ўрин тутгани айтилмоқда.

Трансфернинг асосий сабаби эса пуллар. L’Equipе маълумотига кўра, «ПСЖ» футболчи эркин агент мақомида эканидан фойдаланган ва унга йилига 14 миллион евро миқдорида (Le Pаrisien 12-14 миллион евро деб ёзган, бу Манчестер жамоаси таклиф қилган 6 миллион евродан камида икки баравар кўп) маош таклиф этган. Бу миқдор – солиқлар чиқариб ташланганида. Аммо футболчига бонуслар ваъда қилинмаган.

Буни ёши ўтиб қолган футболчи учун келажакка «олтин парашют» дейиш мумкин. Дани Алвес эндиликда Тиагу Силва ва Кавани, билан бирга жамоанинг энг кўп маош олувчи футболчилари (икки футболчи ҳам ойига миллион евродан ортиқ ишлаб топади) қаторида.

Маълумот учун, Алвеснинг молиявий ишларини унинг собиқ хотини Санта Анна Динора (улар 2011 йилда ажрашган, икки фарзанд бор) юритади, бу хоним Flashforward агентлик компанияси раҳбари ҳисобланади.

Ушбу фахрий футболчи янги жамоада ивуарлик Орьенинг ўрнини эгаллайди, бу безори футболчи «ПСЖ»ни тарк этишга қарор қилган, у «Ювентус», «Интер» ёки Англия жамоаларидан бирига ўтади. Жамоанинг ўнг қанотида яна бир футболчи - бельгиялик Менье бор, у ҳам Алвес каби ҳужумга ўтишни хуш кўрувчи қанот футболчиси, аммо Унаи Эмери бразилиялик футболчининг салоҳиятига кўпроқ ишонч билдириши аниқ.