Вадим Афонин Ўзбекистон терма жамоаси йиғинига чақирув олди
Nov. 4, 2016, 2:35 p.m. 2313

Бугун, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян 15 ноябрь куни ЖЧ-2018 саралаш босқичининг 5-турида Жанубий Кореяга қарши баҳсга чақирилган футболчилар рўйхатини маълум қилди. 

Терма жамоа бош мураббийи мазкур йиғинга 24 нафар футболчини жалб қилди. Улар қаторида Россиянинг "Оренбург" жамоасида тўп сураётган ярим ҳимоячи Вадим Афонин ҳам жой олди. Бабаян яқинда Афониннинг ҳаракатларини кузатиш учун "Краснодар" ва "Оренбург" учрашувига ташриф буюрган эди. Айни пайтда "Оренбург" Россия Премьер-лигасида иштирок этмоқда. Вадим Афонин жамоанинг етакчи футболчиларидан бири ҳисобланади. 


Шуни қўшимча қилиш керакки, Вадим Афонин шу кунга қадар Ўзбекистон терма жамоаси сафида битта учрашувда майдонга тушган. 2012 йилда Қувайтга қарши ўтказилган (3:3) ўртоқлик учрашувда Афонин терма жамоадаги дебютини ўтказган.