X («Твиттер») ижтимоий тармоғидаги «Scout in Eurasia» хабарига кўра, Канадада туғилган ва ҳозирда «Канзас Сити II» клуби шарафини ҳимоя қилаётган ўзбек миллатига мансуб футболчи Камрон Ҳабибуллоҳ Ўзбекистон олимпия жамоаси таркибига чақирилиши мумкин.
Манба хабарига кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси 20 ёшли вингерни маҳаллийлаштириб, Париж-2024 Олимпиадасига олиб бориш имкониятини кўриб чиқмоқда.
«Википедия» ва яна бир қатор манбаларда эса футболчининг оиласи асли ўзбекистонлик экани, Камрон 2003 йил 23 октябр куни Тошкентда туғилгани ва кейинчалик оиласи билан Канадага кўчиб кетгани қайд этилган.
Қайд этилишича, Камрон 17 ёшида Канаданинг «Ванкувер Уайткэпс» клуби сафида MLS чемпионатида дебют қилган ва жорий мавсум «Канзас Сити II» клуби сафида МЛС «Next Pro» чемпионатида 7 ўйинда 7та голга муаллифлик қилган.
«Scout in Eurasia» хабарига кўра, Ҳабибуллоҳ Канада ўсмирлар ва ёшлар жамоалари таркибида КОНКАКАФ ва U17 жаҳон кубогида иштирок этган.