Самарқанд вилоятининг Ўзбекистон чемпионатларидаги ягона ва бош футбол клуби «Динамо» жамоаси молиявий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда. Суперлига иштирокчисига айланган, аммо кўҳна шаҳардаги «Динамо» ва «Афросиёб арена» стадиони талабга жавоб бермаслиги боис, ўз ўйинларини Жиззахда ўтказаётган клуб аъзоларига уч ойдан буён маош берилмаяпти.
«Бундай ҳолатни кузатиш оғриқли»
Ўзбекистонлик таниқли собиқ футболчи, жорий мавсумдан «Динамо» ўринбосарлар жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият юритаётган Андрей Пятницкий «Фергана» нашри мухбири билан суҳбатда «Динамо» жамоасида бу йил ҳисобидан фақат бир марта – январ ойи маоши берилганини маълум қилган.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, сафар ўйинларига бориб-келиш, жамоани зарур анжомлар билан таъминлаш масаласида ҳаммаси жойида, фақатгина футболчилар, мураббийлар ва клуб ишчиларига маош тўлаш масаласида муаммолар кузатилмоқда.
«Маош берилмаётгани уч ойга чўзилди. Ўзимни футболчиларнинг ўрнига қўйиб кўриб айтаман – сабр қилиш мумкин, аммо унчалик кўпга эмас. Ўринбосарлар сафидаги кўплаб ўйинчилар шаҳарга туманлардан қатнайди. Баъзида пул йўқлиги учун ёш ўйинчилар машғулотларга ҳам қатнай олмаяпти. Уларнинг ота-онасида ҳам гоҳида ўша пул топилмайди. Шу сабаб жамоадаги интизом масаласига қарамай, уларга нисбатан чора кўришга қўлим бормайди. Самарқанд – футболни жуда севадиган ва ардоқлайдиган ажойиб туристик шаҳар. Аммо бундай ҳолатни кузатиш оғриқли.
Бу ерда шу йилдан ишлашни бошлаганим боис, очиғи бу мен учун кутилмаган ҳол. Фикримча, ҳозирги ҳолатдан асосий жамоа бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам ҳайрон қолаётгандир. Барчаси тезроқ ҳал бўлишига ва биз ўз ишимизни давом эттиришга умид қиламан», - дейди Пятницкий «Фергана» мухбири билан суҳбатда.
«Динамо» хусусий клубми ёки вилоят жамоаси?
«Динамо» футбол жамоаси Ўзбекистон чемпионатидаги бошқа вилоят клублари сингари ҳокимлик қарамоғидаги жамоа саналаса-да, 5 йилдан буён «Agromir Buildings» компанияси томонидан молиялаштирилмоқда ва бу даврда клубда молиявий муаммо кузатилмаган.
Яқинда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев «Спорт» телеканалидаги чиқишида Суперлига клубларининг хусусийлаштириш масаласига тўхталиб, Ўзбекистонда ҳозирга келиб фақат «Сурхон» ва «Динамо» деярли хусусий экани, «Пахтакор» ҳам шу йўлдан бориб, Жаҳонгир Ортиқхўжаев томонидан молиялаштирилиши ҳақида маълум қилганди. Сурхондарё клуби «Eriell» нефтгаз компанияси бошқарув раиси Бахтиёр Фозилов томонидан сотиб олинган бўлса, Самарқанд жамоаси «Agromir Buildings» компанияси томонидан молиялаштирилган. Суперлиганинг қолган клублари эса вилоят ҳокимиятлари ва давлат улуши бор йирик корхоналар ҳомийлиги остида қолмоқда.
Самарқанд жамоаси нега Жиззахда ўйнамоқда?
«Динамо» бу йилдан Суперлига иштирокчисига айланган бўлса-да, Самарқанд шаҳридаги иккита стадион – «Динамо» ва «Афросиёб арена» ўйингоҳлари ЎзПФЛ талабларига жавоб бермаслиги боис, вилоятнинг бош жамоаси қўшни Жиззахда ўз уй ўйинларини ўтказиб келмоқда.
Шу ўринда қайд этиш жоиз, ўтган йиллар давомида айнан шу камчилик туфайли ЎФА ва ОФК Осиё кубоги U23 cаралаш босқич ўйинларини Самарқандда эмас, Тошкент, Фарғона ва Қаршида ўтказганди. Бу йил эса ФИФА футзал бўйича жаҳон чемпионати мезбонлигини Ўзбекистонга топшириб, туристик салоҳияти ва меҳмонхоналар масаласидаги устунлик сабаб Самарқандда ҳам ўйинлар ўтказилиши кўриб чиқилганди, аммо спорт инфратузилмасидаги камчиликлар туфайли мезбонлик Тошкент, Андижон ва Бухорога ишонилди. ЎФА ташаббуси билан қуръа ташлаш маросими учун Самарқанддаги Регистон майдони танланди. Кўҳна шаҳардаги стадион ва спорт инфратузилмаси ҳам яхшиланса, Самарқанд нафақат сиёсий ва маданий марказ, балки йирик нуфузли мусобақалар мезбонига ҳам айлана оларди.
«Динамо» стадиони чими ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги энг яхшиларидан бири саналса-да, дренаж тизими йўқлиги боис, ПФЛ майдонни тўлиқ янгилаш талабини қўйган эди. Ўтган уч ой давомида майдон чими янгиланиб, ҳозирга келиб тайёр ҳолатга келган, аммо «Динамо» ҳамон Самарқандда ўйнай олмаяпти. Гап шундаки, стадион майдонини тўлиқ янгилаган фирма билан ҳамон ҳисоб-китоб қилинмагани, Самарқанд вилояти ҳокимининг «Динамо» стадионини 2024 йилги футбол мавсумига тайёрлаш бўйича чора-тадбир режаси март ойида тасдиқланган бўлишига қарамай, ўйингоҳда зарур ишлар ҳали ҳам бажарилмагани – Ўзбекистон Профессионал футбол лигасининг жамоага ўз ўйингоҳида тўп суришга рухсат бермаётганига сабаб бўлмоқда.
Кўҳна шаҳарга футболнинг қайтиши умиди
Ўзбекистонда футболга мамлакат президенти даражасида юксак эътибор қаратилаётган ва бунинг натижасида футболчиларимизнинг илк бор Париж-2024 Олимпиадасига йўлланма олиб, юртимизда футбол байрамига сабаб бўлаётган бир пайтда, кўҳна шаҳарда «миллионлар ўйини» ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларга панжа ортидан қаралаётгани оқибатида 4 миллиондан ортиқ аҳолига эга вилоят катта футболдан бебаҳра қолаётгани мухлисларни ранжитмоқда.
«Динамо» жамоаси навбатдаги уй учрашувини 20 май куни амалдаги чемпион «Пахтакор»га қарши ўтказиши лозим. Суперлиганинг ҳар бир ўйини водийдан воҳагача футбол мухлислари учун байрамга айланаётган паллада «Динамо» ҳам келаси ҳафта Самарқандда 2024 йилдаги илк учрашувини ўтказишига ва кўҳна шаҳарда футболнинг расман қайтишига умид билдириб қоламиз.
А.Иззатиллаев