Диего Коста ва унинг дўстлари сув тошқинида жабрланганларни қутқаришда ёрдам беришди.
Cadena SER хабарига кўра, «Гремио»да ўйнаётган «Челси» ва «Атлетико»нинг собиқ форварди машғулотдан сўнг уйига қайтаётганда Риу-Гранди-ду-Сул штати ҳудудларида сув тошқини туфайли ёрдамга муҳтож одамлар гуруҳига дуч келди.
Қандай қилиб ёрдам бериши мумкинлигини аниқлагач, футболчи ўзининг гидроциклини (сув скутери) жабрланувчиларга берди. Шунингдек, қўшимча сув транспорти билан 4 нафар дўстини чақирди. Улар биргаликда ҳалокатли вазиятга тушиб қолган 100 га яқин одамнинг ҳаётини сақлаб қолишгани айтилмоқда.
«Мен 56 ёшдаман ва доим Geral («Гремио» мухлислари гуруҳи ) билан биргаман. Бугун Диего қилган ишларни ҳеч қачон кўрмаганман. У бир неча ой олдин келган. У йўл танламас машинасини сувда қолдириб, гидроциклини олди ва дўстларига қўнғироқ қилди», — деди мухлислардан бири.
BBC'нинг хабар беришича, сув тошқини туфайли Риу-Гранди-ду-Сулдаги 150 мингга яқин аҳоли уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Камида 85 киши ҳалок бўлган, яна 130 киши бедарак йўқолган. Вазият шу ҳафтадаги кучли ёмғирлар сабаб янада ёмонлашиши кутилмоқда.