22.04.2024 19:37
2432
Рўзиқул Бердиев: «Динамо»дан худди шундай ўйин кутгандим, чунки Абрамов доим очиқ футбол таклиф қилади»

Ўзбекистон кубоги 2-тури доирасидаги «Динамо» - «Насаф» учрашувидан кейин қаршиликлар устози Рўзиқул Бердиев фикрлари билан ўртоқлашди.

«Динамо» билан «Насаф» ўйини ҳар доим шунақа бўлса керак – бугун ҳам очиқ футбол бўлди. Вазиятлар кўп, голларга бой баҳс бўлди. Иккинчи голни киритганимизда вазиятимиз яхшироқ бўлиши мумкин эди. Қайд этишим керак, «Динамо» ожиз нуқталаримизга эътибор қаратиб, керакли натижага эришди. Бу ҳимоямиздаги йўқотишлар ва дарвозабонимизни ўйин амалиёти камлиги эди. 

Гуруҳдаги вазият? Бу гуруҳдаги курашда кўп нарса «Навбаҳор»га боғлиқ бўлиб қолди. Гуруҳдаги учта жамоадан қай бири уларга маъқул келса, ўша жамоа чиқиши мумкин. Учта жамоа ҳам охиригача курашади. 

«Динамо»дан бугунгидек очиқ ва ҳужумкор ўйин кутган эдик ва улар шуни кўрсатишди. Чунки Абрамовни биласизлар – очиқ ва ҳужумкор футбол ўйнашни яхши кўради ва шуни таклиф қилади. Буни йигитларимизга тушунтиргандик, аммо осон голларни ўтказиб юбордик. Хатолар қимматга тушди.

Ўйиндаги бурилиш Жигаури урган 2-голимиз бекор қилингач рўй берди. Ўшандан кейин «Динамо» ўзгариб кетди, ташаббус уларга ўтди. Йигитларимиз эса гол уришимиз осон деган фикрга келишди, чоғи. Ҳа, дурангга эришдик, аммо бу биз кутган натижа эмасди.

Бор эътиборимизни Суперлигага қаратамиз, кубокда бизга аниқ мақсад қўйилмаган-у, барибир охиригача курашамиз. Кубокда охирги уч йилда биз ғолиб бўлдик. Сўнгги турда «Динамо» - «Навбаҳор» жанговар руҳда ўтса, «Андижон»га қарши ўйинимиз финалга мос ўтади. Энди барчаси ўз қўлимизда эмас», - дейди Рўзиқул Бердиев.

Маълумот учун, 3-тур учрашувлари 28 апрел куни бўлиб ўтади. «Навбаҳор» 6 очко билан 1-ўринни эгаллаб плей-оффга чиқди. «Динамо» 2 очко билан 2-ўринда, «Насаф» ва «Андижон» ҳисобида биттадан очко бор.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар