20.04.2024 16:57
3836
Испанияда Эл-Класико, Италияда чемпионлик ўйини, Англияда яримфинал. Ҳафта ўйинлари анонси

Бу ҳафта Англияда кубок финалчилари аниқланади, Испанияда эса чемпионлик масаласига таъсир кўрсатадиган, балки узил-кесил нуқта қўядиган учрашув бўлиб ўтади. Албатта, Эл-Класикони бошқа қўшимча сўзлар билан таърифлашга ҳам эҳтиёж йўқ. Шунингдек, Германиядан кейин, бу сафар Италияда ҳам расман чемпион номи эълон қилинади.

МАНЧЕСТЕР СИТИ – ЧЕЛСИ (20 апрел, 21:30)

«Челси» 2017 йилдан буён Англияда чемпионлик учун курашгани йўқ. Аммо «Манчестер Сити»га етарлича қаршилик қилиши ҳам факт – лондонликлар Пеп Гвардиола жамоасини бир марта кубокдан чиқариб юборган, бир марта Чемпионлар Лигаси финалида доғда қолдирган. Узоққа бормайлик, агар шу йилнинг ўзида ҳам мабодо «Сити» чемпионликка эриша олмаса, бу ерда ҳам «Челси»нинг қўлини кўриш мумкин, зеро чемпионат доирасидаги икки ўйинда ҳам дуранг қайд этилди. Ҳатто бу дуранглар автобус қўйиб эмас, имкон қадар очиқ, ҳужумкор футбол орқали қўлга киритилгани ҳам «Челси»нинг «Сити» учун бироз ноқулай рақиб эканини англатади.

Яна бир қизиқ жиҳат – Коул Палмер. Бир неча йил олдинги ҳолатдан туриб қарасак, бу ўйинда гўёки Стерлингнинг собиқ жамоасига қарши афиша бўладиган даражада факт бўларди балким, аммо ҳозир Палмер шу даражада ўйин кўрсатмоқдаки, Гвардиола ҳам саволга тутила бошланди. Ахир «Манчестер Сити» тарбияланувчиси, ўтган ёзда сотиб юборилган, «Челси»даги илк мавсумида нафақат жамоада, балким Премьер Лигада тўпурар бўлиб турибди. Голлар сони бўйича Ҳоланд билан тенг кўрсаткич, Палмерда ассистлар икки баробар кўп. Футболчининг «Манчестер Сити»га қарши ўйини алоҳида эътибор беришга арзийди. Зеро шунчаки чемпионатда очко олиб қўйиш эмас, гап Англия кубоги яримфинали ҳақида бормоқда. Бу ўйиндаги мағлубият «Манчестер Сити»нинг мавсумни умуман совринсиз тугатиш хавфи остида қолдиради. Еврокубокларга чиқиш имконияти у қадар катта бўлмаган «Челси» учун эса мавсумни қутқариб қолиш учун сўнгги имконият.

Чемпионлар Лигасини тарк этган ва чемпионатдаги навбатдаги ўйинини келаси ҳафта охирида ўтказадиган «Манчестер Сити» ўйинга бор асосий таркибини туширса керак. Хабарларга қараганда, Эрлинг Ҳоланднинг кичик жароҳати бор ва илк дақиқалардан майдонга тушмаслиги мумкин. Шунингдек, Мануэл Аканжининг ҳам ўйинга тайёр бўлиши сўроқ остида. Эдерсон Мораеш тикланиб, «Реал»га қарши ўйинда дарвозани қўриқлаган бўлса-да, Гвардиола кубок учрашувларида Ортегага ишонч билдирмоқда. Катта эҳтимол билан яримфиналда ҳам аввалги босқичларда бўлгани каби немис дарвозабони майдонга тушса керак.

«Челси»да эса доимгидек, жароҳатланган футболчилар жуда кўп. Нкунку ва Жеймс яна икки ҳафтадан кейин сафга қайтишади, Санчес ва Колвилда муддат бироз камроқ бўлиши мумкин. Шунингдек, Аксел Диссасининг ҳам ушбу ўйинда майдонга туша олмаслиги мумкинлиги ҳақида хабарлар бор.

Эслатиб ўтамиз, учрашув анъанага кўра «Уэмбли» стадионида бўлиб ўтади. Иккинчи яримфинал ўйини эса эртаси куни «Манчестер Юнайтед» ва «Ковентри» ўртасида кечади.

РЕАЛ МАДРИД – БАРСЕЛОНА (21 апрел, 23:55)

Ушбу ҳафта «Реал» учун энг ҳал қилувчи ва балки мавсумни белгилаб берадиган паллага айланиши эҳтимоли катта. Мадридликлар Манчестерда керагидан ортиқ гол ўтказиб юбормасликни уддалашди ва Чемпионлар Лигаси яримфиналига чиқишди. «Барселона» билан ўйин эса Ла Лига ғолиблиги учун катта қадам бўлади. Ҳозирда икки жамоа ўртасидаги фарқ 8 очкони ташкил қилмоқда ва агар мезбонлар ғалаба қозонадиган бўлса, 11 очкога етади. Турнир тугашига 6 тур қолганда бундай масофани йўққа чиқариш деярли имконсиз ҳолга келади. Ҳатто дуранг ҳам, «Реал»ни қисман қониқтириши турган гап.

«Барселона» эса аксинча, бир ҳафтада бор умидидан мосуво бўлмаслик учун бутун имкониятини ишга солади. «ПСЖ»га қарши ўйин яхши бошланган бўлса-да, аламли тарзда ниҳоясига етди. Муваффақиятсизлик агар Мадридда ҳам давом этадиган бўлса, чемпионат ҳам қўлдан кетади. Демак Хави жамоаси учун ғалаба қозониб, чемпионлик пойгасини давом эттириш жуда муҳим ҳисобланади.

Сўнгги икки ўйинда «Реал»нинг қўли баланд келса-да, айнан «Бернабеу»даги баҳсларда каталонияликларнинг устун келиши ҳам ўзига хос анъана бўлиб қолган. Хави мураббий сифатида илк Класикосини ҳам айнан Мадридда ўтказиб, 4:0 ҳисобида ғалаба қозонганини ҳам эсласангиз керак. Ўтган мавсум чемпионат ўйинида «Реал» ғалаба қозонган, аммо кубок учун ўйинда қизиғи, «Бернабеу»да «Барселона» ғалаба қозониб, «Камп Ноу»да устунликни бой бериб қўйганди. Хави ёзда жамоани тарк этишини инобатга олсак, бу мураббий учун охирги катта учрашув бўлади. Албатта, Хави ҳам турнир нуқтаи назаридан аҳамиятли бўлган, ҳамда шахсий мотивицион сабаблари бўлган бу ўйинда бор имкониятини ишга солади.

Таркибларга тўхталсак, «Барселона»да бутун мавсумга сафдан чиққан Балде ва Гавидан ташқари ҳамма қайтган ва айтиш мумкинки, ўйин борасида жуда яхши ҳолатда. Афсуски, Чемпионлар Лигасидаги Араухонинг қизил карточкаси умумий натижага катта таъсир ўтказди. Йирик мағлубият чалғитмаслиги керак, зеро Париждаги илк ўйин ва Барселона футболчилар сони тенг бўлиб турган пайтда Хави шогирдлари устунроқ кўринаётган эди. Яъни гарчи кейинги босқичга «Реал» ўтган бўлса-да, чорак финал ўйинларидан хулоса ўлароқ «Барселона» рақибидан кам эмаслигини бемалол айтиш мумкин. «Реал»да ҳам барча иштирокчилар деярли тайёр. Фақат Манчестердаги учрашув қаҳрамонларидан бири Карвахалда кичик жароҳат бўлиши мумкин. Унинг Класикога тайёр ҳолатда бўлиши бироз шубҳа остида қолмоқда.

РОМА – БОЛОНЯ (22 апрел, 21:30)

Испаниядан «Атлетико» ва «Барселона», Англиядан эса биратўла тўрт жамоанинг еврокубокларни тарк этишининг А Сериядаги курашларга ҳам таъсири бор. Чемпион масаласи-ку, деярли аниқ, бу ҳақида пастроқда тўхталамиз. Еврокубокларда юқорида тилга олинган вазият шуни англатадики, Италия жамоалари ушбу мавсумда еврорейтингда энг кўп очко тўплашди ва якунда уларни фақат Бундеслига қувиб ўтиши мумкин, холос. Маълумки, энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган икки Лига келаси мавсумда Чемпионлар Лигасида 5 иштирокчига эга бўлади. «Болоня» ва «Рома» эса айни дамда тўртинчи ва бешинчи ўринларни эгаллаб туришибди.

Бу яхшику, демак кураш йўқ, ҳар иккиси ҳам йўлланмани қўлга киритади, дейишингиз мумкин. Аммо бошқа жиҳатдан, йўлланмалар сони ошгач, уларни таъқиб қилаётган қуйидаги жамоаларда ҳам умид пайдо бўлганини айтиш лозим. Ҳозир «Болоня»даги 59, «Рома»да 55 очко бор. Кейинги ўринларда келаётган «Лацио»да 52, «Аталанта»да 51, «Наполи»да 49 очко эга. Демак, айниқса, «Рома» бу ўйинда очко йўқотадиган бўлса, кейинги жамоалар минимум равишда яқинлашиб олишади. Бундан ташқари, мавсум охиригача римликлар ҳам «Наполи», ҳам «Аталанта»га қарши сафарда тўқнаш келишини ҳам унутмаслик керак.

Де Росси келганидан буён «Рома»нинг натижалари ёмон эмас, 17 ўйиндан атиги 2 марта мағлубиятга учради. У ҳам пешқадам «Интер» ва ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган «Брайтон» билан ўйинда. Энди мавсумнинг энг маъсулиятли даврида барқарорлик сақланиб қолиши ва Чемпионлар Лигаси йўлланмаси қўлга киритилиши лозим.

«Болоня» ҳақида эса ҳар қанча гап оз, Тиаго Моттанинг қисқа муддатдаги ишлари борасида катта мақола ёзиш мумкин. Фақат Алонсонинг «Байер»даги муваффақияти соясида Мотта камроқ муҳокама қилинаётган бўлиши мумкин, аммо Моттага ҳам бир қатор топ-клублар кўз тикканлиги ҳам бор гап. «Болоня»нинг натижалари шунчаки эгаллаб турган ўрнигина эмас, кўп кўрсаткичлар бўйича Мотта шогирдлари эътирофга сазовор. Масалан, тўп назорати ва ўтказиб юборилган голлар бўйича «Болоня» фақат «Интер»дан ортда холос. Шунингдек, ўз майдонидаги натижалар бўйича ҳам фақат «Интер» яхшироқ кўрсаткичга эга холос.

Қизиғи, «Рома» ва «Болоня»нинг сўнгги ўзаро ўйинлари ҳам жуда муросасиз кечиб, гол уриш жуда қийин бўлмоқда. Биринчи даврадаги учрашувда 2:0 ҳисобида «Болоня» устун келди, ундан олдинги беш ўйинда эса ҳаммаси бўлиб 3 гол урилган холос. Икки ўйинда умуман ҳисоб очилмаган.

МИЛАН – ИНТЕР (22 апрел, 23:45)

Олти йил олдинга Манчестер дербисини кўпчилик яхши эсласа керак. «Манчестер Сити» уни таъқиб қилаётган «Манчестер Юнайтед»ни 12 очкога ортда қолдираётган ва агар дербида ғалаба қозонса, расман чемпионликни ҳал қиларди. Яъни якунда соврин нақд бўлса-да, айнан дербидаги рақибига қарши ўйинда масалани ҳал қилиш байрамнинг даражасини бир неча карра ошириб юбориши мумкин.

Худди шундай ҳолат Милан дербисида ҳам кузатиладиган бўлди. Ҳозирда «Интер» 83 очкога эга ва «Милан»дан 14 очко олдинда турибди. Бу ўйиндан кейин яна 5 тур қолган. Демак, Милан дербисидаги «Интер» ғалабаси масофани 17 очкога етказади ва Индзаги шогирдларини расман чемпионга айлантиради. Албатта, мухлислар учун катта совға бўларди.

Бир пайтлар «Юнайтед» амалга оширган ишни уддалаш ва «фақат бугун эмас» дейиш эса «Милан» учун ўзига хос чақириқ. Жамоа Европа Лигаси яримфинали остонасида «Рома»га имкониятни бой бериб қўйди, «А Серия»да эса келаси мавсум ЕЧЛ йўлланмаси ҳам нақд. Мавсум якуни учун яна бир мотивация – «Интер» устидан ғалаба. Биринчи даврадаги дербида 5:1 ҳисобида «кўк-қоралар» ғалаба қозонгани ҳам «Милан»да қасос олиш истаги ҳам борлигини кўрсатади. Умуман олганда ҳам, беш ўйиндан бери «Милан» дербида ғалаба қозона олмаяпти. Бу беш ўйин ичида яна Чемпионлар Лигаси яримфинали, ҳамда Италия Суперкубоги учун баҳс ҳам бор.

Таркибларга келсак, номинал меҳмонлар сафида йўқотишлар йўқ. «Интер» барча футболчилардан фойдаланиши мумкин. Қисман «Милан»нинг ҳолати ҳам шундай – Кьер ва Калулу анча олдин узоқ муддатга сафдан чиқиб бўлган. Фақат Малик Тианинг «Сассуоло»га қарши ўйинда навбатдаги сариқ карточкани олиб, дисквалификацияга учраганини айтиш мумкин.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

20 апрел. Эмполи – НАПОЛИ (21:00), Унион – БАВАРИЯ (21:30), Вулверҳэмптон – АРСЕНАЛ (23:30), ЖИРОНА – Кадис (23:55)

21 апрел. АСТОН ВИЛЛА – Борнмут (19:00), Фулҳэм – ЛИВЕРПУЛ (20:30), БОРУССИЯ Д – БАЙЕР (20:30), Алавес – АТЛЕТИКО (21:30), Монца – АТАЛАНТА (23:45).

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар