19.04.2024 16:09
3942
Теглар
Футзал. Жаҳон чемпионати-2024 мезбон шаҳарлари эълон қилинди

Юртимиз сўнгги йилларда халқаро миқёсидаги нуфузли футбол ва футзал бўйича мусобақаларни қабул қилиш юзасидан катта қадамларни ташламоқда, дея ёзади ЎФА матбуот хизмати.

Айниқса, ФИФАнинг 2024 йилги футзал бўйича Жаҳон чемпионати мезбонлигини Ўзбекистонга ишониб топшириши бу борада олиб борилган кенг кўламли ишларнинг маҳсули бўлди. 

Футзал бўйича дунё мундиалининг ҳал қилувчи учрашувлари мезбони сифатида учта бетакрор шаҳарлар – пойтахт Тошкент, қадимий Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Бухоро ва водий дурдонаси саналадиган Андижон танлаб олинди. 

Марказий Осиёда илк бор ўтадиган ФИФА шафелигидаги мусобақада дунёнинг энг кучли 24 миллий жамоаси футзал бўйича Жаҳон чемпионлиги учун кураш олиб боради. Тарихда 10-бор ташкил этилаётган мусобақада амалдаги ғолиб Португалиядан тортиб, беш карра чемпион Бразилия, шунингдек, Франция ва Янги Зеландия каби дебютантлар жорий йилнинг 14 сентябрь ва 6 октябрь кунлари юртимизда жам бўлишади. Тошкент, Бухоро ва Андижон шаҳарлари мезбонлик қиладиган мундиалнинг қуръа ташлаш маросими келаси ой юртимизда ташкил этилади. 

«Биз Ўзбекистоннинг бой ва ранг баранг маданиятини акс эттирувчи учта шаҳри мезбон сифатида танлаб олинганидан жуда ҳам мамнунмиз. Ишончим комил – 24 та иштирокчи терма жамоа буерда ўзини худди уйдагидек ҳис этади ва энг яхши шароитларда машғулот ва ўйинларини ўтказиш имконига эга бўлишади. 

Мазкур мусобақа Ўзбекистонда, умуман Марказий Осиёда ўтказиладиган дастлабки ФИФА турнири саналади ва бу жиҳат мусобақанинг қиймати ва аҳамиятини янада оширади. Бу ташкилотимизнинг янада глобал миқёс касб этиш бўйича мақсадларига тўла муштарак келади», — деди ФИФА мусобақалар ўтказиш бўлими раҳбари Ҳаиме Ярза. 

Бу хусусда Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов шундай деди: 

«Бу ажойиб тадбирга мезбонлик қилиш биз учун катта шараф. Ўзбекистон жадал суръатлар билан ривожланаётган ажойиб мамлакат ва биз энди дунёнинг энг яхши футзалчилари ва мураббийларини қабул қилиш ва уларни ушбу мафтункор маскан билан янада яхшироқ таништиришга ҳозирлик кўришимиз мумкин. Футзалнинг бутун дунёга машҳурлигини инобатга олган ҳолда, бутун жаҳондан минглаб мухлислар трибуналарни тўлдириб, ўз жамоаларини қўллаб-қувватлаши, барчанинг ушбу тадбирдан баҳраманд бўлиши ва ажойиб муҳит яратишларини кутяпмиз».

Қайд этиш жоиз, футзал бўйича ФИФА Жаҳон чемпионати-2024 расмий қуръа ташлаш маросими шу йилнинг 26 май санасида ташкил этилади. Тадбир Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида бўлиб ўтади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар