14.02.2024 18:47
2257
Теглар
Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо клубига айланган «Насаф» Осиёнинг энг қиммат 4-жамоасига қарши. 8 йил аввалги мағлубият учун реванш олинадими?

Осиё Чемпионлар лигаси нимчоракфинали доирасидаги «Насаф» - «Ал-Айн» ўйини билан Ўзбекистонда янги футбол мавсуми старт олади. Рўзиқул Бердиев қўл остидаги янгиланган жамоаси билан Осиёдаги юришини давом эттиришга уринади.

Жамоалар нимчоракфиналгача қандай етиб келишди?

«Насаф» ОЧЛ-2023/24 мавсумини сентябр ойида «В» гуруҳида бошлаб, ўтказилган 6та тур якунларига кўра, 11 очко билан 1-ўринни қўлга киритди ва нимчоракфиналга йўлланма олганди.

Бирлашган Араб Амирлигининг «Ал-Айн» клуби эса «А» гуруҳида 15 очкони қўлга киритиб, «Пахтакор»ни гуруҳда қолдирган ҳолда 1-ўрин билан 1/8 финал йўлланмасини қўлга киритганди.

Қуръа ташлаш маросимида Ўзбекистон ва БАА клублари яна ўзаро тўқнаш келишди. Бугун плей-офф доирасидаги биринчи учрашув ўтказилса, кейинги ҳафтада жавоб баҳси Ал-Айнда бўлиб ўтади.

«Ал-Айн» қандай ҳолатда?

«Ал-Айн» клуби Ўзбекистонга жанговар таркиби билан кела олмади. Аргентиналик таниқли собиқ футболчи, ҳозирда жамоани бошқараётган Эрнан Креспо қўл остидаги ал-айнликлар Қаршига ҳужумчи Каку, ҳимоячи Эрик Менезес ва исроиллик яримҳимоячиси Омер Ацилини олиб келмаган. Бу ўйинчилар турли сабаблар билан бугунги баҳсни ўтказиб юборади.

Таркибдаги асосий етакчилар – марокашлик Суфиан Раҳими ва тоголик Кожо Лаба эса бугунги ўйинга тайёр. «Ал-Айн» сўнгги ўйинида кубок доирасида 9 феврал куни «Ал-Иттиҳод»ни (Калба) мағлубиятга учратган.

Трансфер баҳоси: «Ал-Айн» «Насаф»дан қимматроқ таркибга эга

«Пахтакор» бир қатор етакчилари билан хайрлашгач, «Насаф» клуби айни дамда Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо таркибига эга жамоага айланди. Рўзиқуд Бердиев мураббийлигидаги жамоа мавсум олдидан таркибини жиддий кучайтиргач, ҳозирда жамоа ўйинчилари умумий 9,8 миллион еврога баҳоланган. Клуб бу борада Ўзбекистон Суперлигасида пешқадам бўлса, ОЧЛ нимчоракфиналчилари орасида 16 жамоа орасида 12-ўриндан жой олган.

«Ал-Айн» таркиби эса 31,8 миллион еврога баҳоланиб, клуб бу борада ОЧЛда Саудия клубларидан кейинги 4-ўринда бормоқда.

Энг қимматбаҳо ўйинчилар

Қарши клубида Бобур Абдухолиқов (900 минг евро), Шерзод Насруллаев (900 минг евро), Акмал Мозговой (800 минг евро) энг қимматбаҳо ўйинчилар саналса, Суфиани Раҳими (6 млн евро), Каку (5 млн евро) ва Кожо (5 млн евро) «Ал-Айн»нинг энг қимматбаҳо ўйинчилари саналади.

Ўзаро ўйинлар

«Насаф» «Ал-Айн»га қарши ўз тарихида икки марта майдонга тушган. 2016 йил ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасидаги баҳсларнинг дастлабкиси Қаршида ўтиб, дуранг қайд этилган бўлса, БААдаги учрашувда мезбонларнинг қўли баланд келган. 8 йил аввалги таркибдан фақат Бобур Абдухолиқов, Шуҳрат Муҳаммадиев ва Шароф Муҳитдинов бугунги учрашувни асосий таркибда бошлайди.

Ўзаро ўйинлардаги натижа ва таркиб билан танишинг:

ОЧЛ-2016. Гуруҳ босқичи. 5-тур

«Насаф» - «Ал Айн» - 1:1

Голлар: Мақсуд Каримов 5 – Данило Морено 32

«Насаф»: 25.Элдорбек Суюнов, 7.Шуҳрат Муҳаммадиев, 5.Илдар Маматказин, 4.Мақсуд Каримов, 31.Сайдулло Раҳматов, 17.Артур Геворкян, 10.Дилшод Раҳматуллаев, 6.Азиз Ғаниев, 18.Баҳром Абдурахимов, 21.Азамат Алланиязов (14.Шароф Муҳитдинов, 73), 45.Бобур Абдухолиқов.

ОЧЛ гуруҳ босқичи. 6-тур

«Ал Айн» - «Насаф» 2:0

Голлар: Данило Морено 39, Исмоил Аҳмад 90.

Анонс. ОЧЛ-2023/24. 1/8 финал. Дастлабки учрашув.

14 феврал (чоршанба)

«Насаф» – «Ал-Айн» (БАА)

Бош ҳакам: Адҳам Муҳаммад (Иордания)

Қарши. «Марказий» стадион

Ўйин бошланиш вақти: 19:00

ТВ-трансляция: Спорт.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар