08.01.2024 16:53
4606
Теглар
Шацкихнинг Хитойга бормагани, Қосимов ва Гейнрихдан супергол ва Баҳрайндан аламли мағлубият. Осиё кубоги-2004ни қандай эслаймиз?

Ливанда ўтган Осиё кубоги-2000даги шармандаликдан сўнг Юрий Саркисян истеъфога чиқарилиб, «Пахтакор» клуби негизида шакллантирилган Ўзбекистон миллий жамоаси таркибида авлодлар алмашинуви кузатилади. Хитойдаги турнир олдидан бу мамлакатда парранда гриппи тарқалгани сабабли ҳужумдаги етакчи Максим Шацких чин юртига бормайди, шунга қарамай, янгиланган таркиб ўзбек футболи тарихида янги саҳифа очади.

Саралашдаги ғалабалар ва қўшнимиз ўрнига Таиланд

2004 йилги Осиё кубоги саралаш баҳслари олдидан турнирнинг финал босқичига илк марта 16 жамоа иштирок этиши маълум қилинди ва энди гуруҳдан фақат 1-ўринлар эмас, 2-ўриндаги жамоа ҳам қитъа биринчилигига йўлланма оларди.

Ўзбекистон саралашни «А» гуруҳида бошлаб, Таиланд, Тожикистон ва Ҳонконгга қарши Тошкент ва Бангкокда ўтган ўйинларда 5-тургача 4 ғалаба ва 1 дуранг қайд этиб, 13 очко билан 1-ўринни нақд қилганди. Сўнгги турда эса гуруҳда 2-ўринни ким қўлга киритиши Ўзбекистонга боғлиқ эди. Таиландни 1-даврада йирик ҳисобда мағлуб этган жамоамиз Бангкокда йирик мағлубиятга учради – 1:4. Натижада, 8 очкога эга Тожикистон гуруҳда қолиб кетди, Таиланд эса 9 очко эвазига 2-ўрин билан Осиё кубоги-2004га йўлланмани қўлга киритади.  

Юрген Гёде ва янги номлар

2000 йил Ливандаги шармандали натижа миллий жамоада авлодлар алмашинувига сабаб бўлганди. Ўзбек футболида тизим ҳам ўзгариб, клуб эгалари ака-ука Бахтиёр ва Ботир Раҳимовлар томонидан «Пахтакор»нинг яккаҳокимлик даврига тамал тоши қўйилганди. Энди миллий жамоалар «Пахтакор» клуби негизида шакллантирила бошланганди. Осиё кубоги-2004дан олдин Равшан Ҳайдаров ва Юрген Гёде мураббийлигидаги миллий жамоага Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Игнатий Нестеров, Ислом Иномов, Анвар Солиев, Асрор Алиқулов, Марат Бикмаев, Леонид Кошелев, Александр Гейнрих, Элдор Магдиев сингари янги авлод кириб келганди.

Шацкихнинг Хитойга боришдан бош тортиши

Турнир олдидан Хитойда парранда гриппи тарқалиши ҳақидаги хабарлар ортидан Ўзбекистон миллий жамоасининг асосий голеадори Максим Шацких бу мамлакатга бормайдиган бўлди. Ўшанда «Ўзбекистон футболи» газетасида миллий жамоа мураббийлари Шацкихнинг Хитойга бормаслиги сабабини Киевнинг «Динамо» клуби уни қўйиб юбормагани билан изоҳлаган бўлса, Украина нашрлари Максим Хитойдаги парранда гриппи эпидемиясидан хавотирланиб, таваккал қилмасликка қарор қилгани ҳақида ёзганди. Яқинда эса Шацкихнинг ўзи Tribuna.uz сайтига берган интервюсида бунинг сабабини эслай олмаслигини айтганди.

«Орадан кўп вақт ўтди... Балки мен турнирдан олдин касал бўлгандирман... Тўғриси, эслолмаяпман. Бу саволга жавоб беришга тайёр эмасман. Миллий жамоа Хитойга йўл оляпти ва фақат бир ўзим касалликдан қўрқиб бормай қолишим мумкин эмас…», - дея жавоб қайтарганди.

Ўзбекистоннинг Осиё кубоги-2004 учун таркиби:

Дарвозабонлар: 1.Александр Поляков («Крилья Советов», Россия), 12.Игнатий Нестеров («Пахтакор»), 21.Евгений Сафонов («Шинник», Россия).

Ҳимоячилар: 2.Бахтиёр Ашурматов («Пахтакор»), 3.Андрей Фёдоров («Рубин», Россия), 13.Шавкат Раимқулов («Трактор»), 22.Николай Ширшов («Ростов», Россия), 24.Асрор Алиқулов («Пахтакор»), 25.Ислом Иномов («Пахтакор»), 28.Алексей Николаев («Пахтакор»).

Яримҳимоячилар: 4.Миржалол Қосимов («Алания», Россия), 6.Леонид Кошелев («Пахтакор»), 7.Андрей Акопянц («Ростов», Россия), 8.Сервер Жепаров («Пахтакор»), 9.Анвар Солиев («Пахтакор»), 11.Владимир Шишелов («Пахтакор»),18.Темур Кападзе («Пахтакор»), 20.Элдор Магдиев («Пахтакор»), Илёс Зейтуллаев («Ювентус»).

Ҳужумчилар: 15.Александр Гейнрих (ЦСКА, Россия), 17.Зафар Холмуродов («Насаф»), 26.Марат Бикмаев («Пахтакор»).

Қосимов ва Гейнрихдан суперголлар, Баҳрайндан учралган аламли мағлубият

Хитойда Ўзбекистон миллий жамоаси «С» гуруҳида Ироқ, Саудия Арабистони ва Туркманистон билан бир гуруҳдан ўрин олиб, ўз тарихида илк марта гуруҳдан пешқадам сифатида чоракфиналга йўлланма олганди.

Равшан Ҳайдаров ва германиялик Юрген Гёде мураббийлар тандемидаги миллий жамоамиз 1-турда Миржалол Қосимовнинг Ироқ дарвозасига жарима зарбасидан киритган суперголи эвазига дасталбки 3 очкони қўлга киритган эди.

2-турда Саудия Арабистонига қарши баҳсда Александр Гейнрихнинг суперзарбаси турнирнинг амалдаги финалчиси устидан муҳим ғалабани келтирган – 1:0.

3-турда ҳам Қосимовнинг Туркманистон дарвозасига йўллаган ажойиб голи вакилларимизга минимал ғалаба ва 9 очко билан плей-офф йўлланмасини тақдим этди. Ироқ эса 2-ўрин билан кейинги босқичга чиқади.

Чоракфиналда турнир кашфиёти дея таърифланган Баҳрайнга қарши майдонга тушган ҳамюртларимиз аламли мағлубиятга учраганди. Учрашувда баҳрайнликлар етакчиси Аъло Ҳубайлнинг дублига Гейнрих ва Шишелов ўз голлари билан жавоб қайтарган бўлса-да, пеналтилар сериясида Марат Бикмаев ва Леонид Кошелевнинг ўз имкониятидан фойдалана олмагани жамоамизнинг турнирни аламли тарзда тарк этишига сабаб бўлганди. Шунга қарамай, бу миллий жамоа Осиё кубогида янги саҳифа очиб қайтганди. Баҳрайнни яримфиналда мағлуб (3:4) этган Япония финалда мезбон Хитойдан устун (3:1) келиб, Осиёда тенгсиз эканини яна бир марта кўрсатганди.

Осиё кубоги-2004. «C» гуруҳи
1-тур. 2004 йил, 18 июл
Ироқ – Ўзбекистон – 0:1
Гол: Миржалол Қосимов (21).

2-тур. 2004 йил, 22 июл
Ўзбекистон – Саудия Арабистони 1:0
Гол: Александр Гейнрих (13).

3-тур. 2004 йил, 26 июл
Туркманистон – Ўзбекистон – 0:1
Гол: Миржалол Қосимов (58).

Чоракфинал. 2004 йил, 30 июл
Ўзбекистон – Баҳрайн – 2:2. Пенальтилар бўйича – 3:4

Голлар: Александр Гейнрих (60), Владимир Шишелов (86) – Аъло Ҳубайл (71, 76).

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар