03.01.2024 16:21
5499
Теглар
Дебютдаги омадсизлик. Ўзбекистоннинг Осиё кубогидаги илк иштирокини қандай эслаймиз?

Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихидаги илк Осиё кубогида 1996 йил қатнашган. Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлигида ўтган турнирда вакилларимиз дебютант саналса-да, икки йил олдин Япониядаги Осиё Ўйинларида сенсацион равишда ғолибликни қўлга киритгани боис, БААга фаворитлардан бири сифатида борган. Аммо жамоа сардори Миржалол Қосимовнинг таркибда йўқлиги мухлисларнинг жиддий хавотирига сабаб бўлганди.

«Ғаройиб» суперкамбэк эвазига қўлга киритилган йўлланма

Миллий жамоа ўз тарихидаги дастлабки Осиё кубогига йўлланмани осонлик билан қўлга киритмаган. Саралаш босқичида 8-гуруҳдан Ўзбекистон, Тожикистон ва Баҳрайн ўрин олганди. Баҳрайнликлар саралаш олдидан мусобақада иштирок этмасликка қарор қилгач, йўлланма тақдири қўшни мамлакат жамоалари ўртасидаги икки ўйинга кўра, аниқланадиган бўлди.

Дастлабки баҳсда Ўзбекистон миллий жамоаси Тожикистонда меҳмон бўлди. Душанбедаги учрашув олдидан миллий жамоамизнинг ўша даврдаги етакчилари Игор Шквирин, Миржалол Қосимов ва Азамат Абдураимов ўйинга бора олмайдиган бўлишди. 90-йилларда порлаган «Помир» клубининг етакчилари Ҳаким Фузайлов, Рашид Раҳимов, Арсен Аваков сингари номдор ўйинчиларидан ташкил топган Тожикистон миллий жамоаси эса жанговар таркибда майдонга тушганди. Қозоғистонлик бош ҳакам бошқарган баҳсда Ўзбекистон йирик 0:4 ҳисобида мағлубиятга учрайди.

Тошкентдаги жавоб ўйини олдидан вакилларимизнинг Осиё кубогига йўлланма олиши учун 5:0 ҳисобида камбэк қилиши мўъжизага тенг эди. МҲСК стадионида ўтган жавоб баҳси олдидан Миржалол Қосимов ва Игор Шквирин таркибга қўшилганди. Туркманистонлик ҳакамлар бошқарган баҳсда сенсация рўй берди. Қосимов дублга эришган, Шквирин ҳам ўз ҳисобига гол киритган баҳснинг асосий вақти 4:0 ҳисобида якунига етди. Қўшимча бўлим бошланишидан олдин бош ҳакам тожикистонликлар етакчиси Рашид Раҳимовни майдондан четлатгач, 95-дақиқада Зафар Мусабоев «олтин гол» муаллифига айланиб, миллий жамоамизга ўз тарихидаги илк Осиё кубогига йўлланмани тақдим этди – 5:0.

Ўйиндан кейин Тожикистон бош мураббийи Шариф Назаров ҳакамлар бригадасини танқид қилганча, аламзада ҳолда «Ўзбекистон бу ўйини билан Осиё кубогида узоққа боролмайди», деганди. Афсуски, унинг гаплари рост бўлиб чиқди...

Қосимов ва Фёдоровсиз қолган жамоа

Ўзбекистон миллий жамоаси 1996 йилги қитъа биринчилигига фаворитлардан бири сифатида эътироф этилган. Сабаби вакилларимиз икки йил олдин Ҳиросимадаги Осиё Ўйинларида бош совринга эга чиқиб, кичик сенсация қайд этганди. Бироқ турнир олдидан таркибда кузатилган йўқотишлар барибир ўз сўзини айтди.

Жамоамиз асосий юлдузи Миржалол Қосимов жароҳати сабаб Осиё кубогини ўтказиб юборадиган бўлди. Етакчи ҳимоячи Андрей Фёдоров эса «Нефтчи» сафида Осиё чемпионлар кубоги доирасидаги «Елимай» - «Нефтчи» баҳсида тожикистонлик рефери Владимир Домлажоновни ургани учун ОФК томонидан 2 йилга дисквалификация қилингани сабабли Осиё кубогида қатнашмайдиган бўлди.

Хитой устидан ғалаба, Япония ва Сурияга мағлубият

БААдаги Осиё кубоги-1996да 12 жамоа уч гуруҳга бўлиниб баҳсларни бошлайди. Ўзбекистон Япония, Хитой ва Сурия билан «C» гуруҳидан ўрин олганди. Баҳодир Ибрагимов мураббийлигидаги жамоамиз мусобақани яхши бошлайди. Биринчи турда футболчиларимиз Игор Шквирин ва Олег Шацкихнинг голи эвазига Хитойни 2:0 ҳисобида мағлуб этишади.

Иккинчи турда эса Япониядан қақшатқич зарбани қабул қилади. Ал-Айндаги баҳсда Павел Бугало дарвозасига жавобсиз тўртта гол йўлланади – 0:4.

3-турдаги Сурияга қарши баҳсда вакилларимизни дуранг натижа ҳам гуруҳдан кейинги босқичга олиб чиқарди. Қолаверса, сурияликлар имкониятни деярли йўқотгани ва Баҳодир Ибрагимов Ўзбекистон миллий жамоасигача Сурия миллий жамоасини бошқаргани сабабли бу ўйинда вакилларимизнинг ғалабасини тахмин қилиш мумкин эди.

Аммо барчаси биз учун хунук якунланади. Сурияликлар 48-дақиқада ҳисобни очгач, кўп ўтмай Сергей Лебедов пеналтидан ҳисобни тенглаштиради. Бироқ «Нефтчи» юлдузи қизил карточка билан майдондан четлатилади ва сурияликлар ғалаба голини киритиб, ўзи билан бирга Ўзбекистонни ҳам уйига равона қилади – 1:2.

Шу тариқа, миллий жамоамиз учун илк Осиё кубоги ҳисобланган БААдаги мусобақани вакилларимиз гуруҳ босқичидаёқ якунлашади. Турнир эса Саудия Арабистонининг чемпионлиги билан якунланади. Улар финалда мезбон БААни мағлуб (0:0, пен: 2:4) этишади.

Осиё Кубоги-1996.

«C» гуруҳи. 1-тур
1996 йил, 6 декабрь.
Хитой – Ўзбекистон – 0:2
Голлар: Игор Шквирин 78, Олег Шацких 90.

2-тур. 1996 йил, 9 декабрь.
Япония – Ўзбекистон – 4:0
Голлар: Ҳироши Нанами (7), Казуоши Миура (37), Масакио Майзано (86, 90).

3-тур. 1996 йил, 12 декабрь.
Ўзбекистон – Сурия – 1:2
Голлар: Сергей Лебедев 53 пеналтидан – Нодир Жоҳодар (48), Али Дииб (74).

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар