12.12.2023 17:03
5326
Теглар
«МЮ» ва «ПСЖ» гуруҳда қолиб кетадими? ЕЧЛда сўнгги тур саволлари

12-13 декабр кунги ўйинлар билан Европа Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичи якунланади.

Аслида ўтган 5 турнинг ўзида 12 жамоа кейинги босқич масаласини ҳал қилиб улгурган. «Манчестер Сити», «Бавария», «Реал» ва «Арсенал» каби жамоалар ҳатто 1-ўринни ҳам кафолатлаб олган. Шундай бўлса-да, қолган 4 йўлланма учун бирданига 10 жамоа даъвогарлик қилаётгани, бундан ташқари, баъзи гуруҳларда 1-ўрин масаласи, баъзиларида эса,Европа Лигаси йўлланмаси ҳал қилинмагани туфайли ҳам сўнгги турлар учун қизиқиш юқори бўлиши керак. Қуйида мана шу икки кунда ўз жавобини кутиб турган беш асосий савол кўриб чиқилади.

Биринчи савол: «Манчестер Юнайтед» еврокубокларсиз қоладими?

12 декабр. «МЮ» – «Бавария», «Копенҳаген» – «Галатасарой»

Бир қараганда, бошида, ҳаммаси аниқдек туюлган бу гуруҳда инглизлар нафақат Чемпионлар Лигаси плей-офф, балки ҳатто Европа Лигасидан ҳам қуруқ қолиши мумкин. «Манчестер Юнайтед»нинг айни дамда эгаллаб турган ўрни мана шу воқеалар ривожини тақозо қилмоқда.

Гуруҳда иккинчи ўринни олиш учун «Манчестер Юнайтед» ўз майдонида «Бавария» устидан ғалаба қозониши, параллел ўтадиган «Копанҳаген» – «Галатасарой» ўйинида худди Истанбулдаги каби дуранг қайд этилиши керак. Фақат мана шу сценарийда Эрик тен Ҳаг шогирдлари Чемпионлар Лигасида курашни давом эттира олади. «Юнайтед»нинг немислар устидан ғалабаси ҳамда Копенҳагендаги дуранг бўлмаган ҳисоб «МЮ»ни Европа Лигасига юборади, Даниядаги учрашув ғолибини эса гуруҳнинг 2-ўрин соҳибига айлантиради.

«Манчестер Юнайтед» дуранг ўйнаб ҳам Европа Лигасига ўтиши мумкинми? Ҳа, бунинг учун «Галатасарой» Копенҳагенда ғалаба қозониши керак бўлади. Ўшанда инглизлар «Копенҳаген» билан тенг очко бўлиб, ўзаро ўйинларда тенглик бўлгани учун тўплар нисбатига кўра гуруҳда учинчи ўринни олишади.

Яна бир масала. Агар «Манчестер Юнайтед»ни бир четга қўйиб турсак, даъвогар икки жамоадан қайси бирида имконият кўпроқ? Очколар тенг, тўплар нисбати бўйича эса данияликларнинг устунлиги бор. Агар ушбу учрашув дуранг билан тугайдиган бўлса, ўзаро ўйинларда тенглик юзага келади ва биринчи навбатда тўплар нисбатига қаралади. Демак, агар «Копенҳаген» дуранг ўйнаса, ҳар қанақа ҳолатда ҳам еврокубокларда қолади – «МЮ» ютса, «Копенҳаген» Европа Лигасига йўл олади, юта олмаса Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичига чиқади.

Иккинчи савол: «Реал»га ким шерик бўлади?

12 декабр. «Наполи» – «Брага»

С гуруҳи ғолиби маълум – Мадриднинг «Реал» жамоаси. Иккинчи йўлланма эгаси Неаполда бўлиб ўтадиган «Наполи» – «Брага» ўйинида маълум бўлади. Айни пайтда италияликлар рақибидан 3 очко олдинда. Қолаверса, «Наполи» Португалиядаги биринчи ўйинда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.

Демак, «Брага»нинг икки тўп фарқи билан ғалабаси жамоани ўзаро ўйинлардаги устунлик туфайли плей-офф иштирокчисига айлантиради. Бир тўп фарқи билан ғалаба меҳмонларни қониқтирмайди. Тўғри, ўша ҳолатда очколар ва ўзаро ўйинлар бўйича тенглик юзага келади, аммо кейинги қараладиган кўрсаткич – тўплар нисбати бўйича устунлик «Наполи»да бўлади. Бир тўп фарқи билан мағлубиятга учраганда «Наполи»да тўплар нисбати минус 2, «Брага»да эса минус 3 бўлиб қолади.

Учинчи савол. D ва Е гуруҳлари ғолиби ким бўлади?

12 декабр. «Интер» – «Реал Сосиедад»

13 декабр. «Атлетико» – «Лацио»

Ушбу гуруҳларда асосий масала – плей-офф иштирокчилари маълум бўлиб улгурган. Ҳар икки гуруҳда 1-ўрин эгаси номаълум ва қизиғи, пешқадамлар ўзаро ўйинларда ушбу саволга ойдинлик киритади. Ҳар икки ўйин ҳам Испания ва Италия вакиллари ўртасида кечади.

Миланда «Интер» «Реал Сосиедад»ни қабул қилади ва ҳозирча очколар тенг, биринчи даврадаги ўзаро ўйинда дуранг қайд этилган. Тўплар нисбати бўйича эса испанларда устунлик бор. Демак, гуруҳда биринчи ўринни олиб, плей-оффда осонроқ рақиб тушиш эҳтимолини ошириш учун «Интер» «Сосиедад» устидан ғалаба қозониши шарт. Дуранг меҳмонларни тўлиқ қониқтиради.

Кейинги жуфтлик Мадридда орани очиқ қилади. Миландаги ўйиндан фарқли равишда мезбон «Атлетико»ни дуранг қониқтиради, чунки «Лацио» бир очко кам жамғарган. Римликлар фақат ғалаба қозонибгина гуруҳда 1-ўринга чиқиб олиши мумкин.

Қизиқ томони, гуруҳдаги ғолиблик жамоалар учун муҳим бўлиши ҳар қанча таъкидланмасин, бу фақат эҳтимоллар назарияси билангина аҳамиятли, зеро, гуруҳда иккинчи ўринни олиб ҳам, масалан, қуръада «Боруссия»га тушиб, 1-ўринни эгаллаган жамоа «ПСЖ»га рақиб бўлиб қолиши мумкин. Қайси бири осонроқ рақиб, буни ўйлаб кўрса бўлади.

Тўртинчи савол: Париж гуруҳда қолиб кетиши мумкинми?

13 декабр. «Боруссия» – «ПСЖ», «Нюкасл» – «Милан»

Ҳа, мумкин. Бунинг учун «Боруссия» ўз майдонида «ПСЖ»га ютқазмаслиги ва «Нюкасл» ўз майдонида «Милан»ни ютиши кифоя қилади. Чунки бу ҳолда «ПСЖ» дуранг ўйнаган тақдирда ҳам, очколар бўйича «Нюкасл» етиб олади, ўзаро ўйинлар натижасига кўра инглизлар «ПСЖ»дан устун.

Ёки «Боруссия» «ПСЖ»ни ютиши, иккинчи ўйинда эса дурангдан фарқли ҳар қандай ҳисоб қайд этилиши ҳам Энрике жамоасини плей-оффдан ташқарида қолдиради. Чунки у ҳолатда «ПСЖ» 7 очко билан қолиб кетади, «Милан» ёки «Нюкасл» ғалаба эвазига очколарини 8 тага етказиб олиши мумкин. Демак, ҳар бир жамоага алоҳида тўхталиб ўтамиз:

  • «Боруссия» гуруҳ масаласини ҳал қилган. Аммо «ПСЖ»га ютқазса, иккинчи ўринга тушиб қолади. Шунинг учун ўз майдонида «ПСЖ»га ютқазмаслик учун ўйнайди;
  • «ПСЖ» ҳаммаси ўз қўлида қолиши учун Дортмундда ғалаба қозониши шарт. Ана шунда жамоа гуруҳда 1-ўринни эгаллайди. Дуранг ўйнаса, «Нюкасл» «Милан»ни ютмаслигидан умид қилиши керак. Ютқазса, Нюкаслдаги ўйинда дуранг бўлишигина парижликларни қутқариб қолади;
  • «Нюкасл» «Милан»ни енгиши ҳамда «ПСЖ»нинг ғалаба қозонмаслигидан умид қилиши керак. «Милан» эса гуруҳдан чиқиши учун сафарда «Нюкасл»ни мағлуб этиши ҳамда «ПСЖ»нинг мағлубиятга учрашидан умид қилиши лозим.

Дарвоқе, «Нюкасл» – «Милан» ўйинидаги дуранг инглизларни Европа Лигаси иштирокчисига айлантиради, чунки тўплар нисбати бўйича Эдди Ҳау жамоаси миланликлардан устун.

Бешинчи савол: «Порту» ёки «Шахтёр»?

13 декабр. «Порту» – «Шахтёр»

Плей-офф учун ҳақиқий финал сўнгги гуруҳда бўлиб ўтади. Бошқа гуруҳлардаги ўйинлар барибир параллел ўйинларга ёки қандайдир аниқ ҳисобларга боғлиқликни сақлаб қолса, Португалиядаги учрашувда ҳаммаси аниқ. «Порту» ва «Шахтёр» бир хил – 9 тадан очко тўплаган. Тўплар нисбати ҳам, ўзаро ўйин (биринчи ўйинда «Порту» 3:1 ҳисобида ютган) бўйича мезбонлар устунлиги туфайли, дуранг уларни қониқтиради. «Шахтёр» гуруҳдан чиқиши учун ғалаба қозониши шарт.

Хўш, яна бир қўшимча савол, «Барселона» якунда гуруҳда иккинчи ўринга тушиб қолиши мумкинми? Эҳтимоли жуда кам, аммо шунақа вариант ҳам бор. Бунинг учун «Барселона» «Антверпен»га йирик ҳисобда мағлубиятга учраши ва ўз навбатида, «Шахтёр» ҳам «Порту»ни тўрт тўп фарқи билан мағлуб этиши шарт бўлиб қолади. Ана шунда украиналикларнинг очкоси «Барселона» билан тенглашиб, орадаги 7 голдан иборат тўплар нисбати йўққа чиқади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар