30.11.2023 16:55
12689
Теглар
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон миллий жамоаси сўнгги 6 йилликдаги энг яхши натижасини қайд этди

ФИФА расмий сайти ноябр ойидаги саралаш баҳсларидан кейин миллий жамоаларнинг янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2017 йилдан кейинги энг яхши натижасига эришди.

2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистон миллий жамоаси рейтингда беш поғона кўтарилиб, 1345 очко билан 68-ўринни эгаллади. Сречко Катанец шогирдлари аввалги ойда 73-ўринда эди. Вакилларимизнинг Осиё қитъасидаги ўрни ҳам ўзгарди – «оқ бўрилар» Уммондан ўтиб, 9-ўринга юқорилади.

ФИФА рейтингида ҳам ўнлик ўзгарди. Аргентина миллий жамоаси 1-ўринда бормоқда, Франция 2-ўрин, 3-ўриндаги Бразилия эса ўрнини Англияга бўшатиб, 5-ўринга пастлади. Кейинги ўринларни Белгия (4), Нидерландия (6), Португалия (7), Испания (8), Италия (9) ва Хорватия (10) ўнликдан жой олган.

Осиё жамоалари орасида эса Япония рейтингда 17-ўринга кўтарилиб, пешқадам саналади. Шунингдек, қитъада топ-10ликдан Эрон (21), Жанубий Корея (23), Австралия (25), Саудия Арабистони (56), Қатар (58), Ироқ (63), БАА (64), Ўзбекистон (68) ва Уммон (74) жой олган. Эътиборлиси, миллий жамоамиз ОФКга аъзо мамлакатлар орасида ФИФА рейтингида 5 поғона юқорилаб, Ироқ ва БАА билан бирга энг катта ўсишга эришган жамоа бўлди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон миллий жамоаси октябр ойида 73-ўринга кўтарилиб, охирги 5 йилликдаги энг яхши натижасига эришганди. Бунгача вакилларимиз 2018 йил февраль ойида 72-ўринга кўтарилган, шундан сўнг 95, 84, 83, 82, 77-ўринларни эгаллаганди. Бу сафар эса 68-ўрин билан сўнгги 6 йилликдаги энг яхши натижа забт этилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси октябр ойида Хитойда йиғин ўтказиб, Виетнам (2:0) ва Хитой (2:1) миллий жамоалари устидан ғалабага эришган бўлса, ноябрда ЖЧ-2026 саралаши доирасида Туркманистон устидан ғалабага (3:1) эришди, Эрон билан эса дуранг (2:2) қайд этди.

Маълумот учун, Ўзбекистон миллий жамоасининг ФИФА рейтингидаги энг яхши натижаси – 45-ўрин бўлиб, вакилларимиз 2006-2007 йилларда ушбу ўринда қайд этилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар