25.11.2023 12:09
2640
Теглар
ЖЧ-2023да гол ўтказмаган ягона жамоа. Ўзбекистон Францияга қарши ўйинда тарихни янгилай оладими?

Индонезияда ўтаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Испания билан жанговар дуранг, Англияни эса турнирдан чиқариб юбориб шов-шувга сабаб бўлган Ўзбекистон бугун яримфинал остонасида Францияга қарши саф тортади. Бутун Осиё ўзбекларга мухлислик қиладиган баҳсда ўсмирларимиз ЖЧ-2023да ҳали дарвозаси ишғол этилмаган Европа вице-чемпионини мағлуб этиб, тарихни янгилашга уринишади.

Жамоалар ЖЧ-2023га қандай йўл олганди?

Жалолиддин Раҳматуллаев мураббийлигидаги ўсмирларимиз ёзда Таиландда ўтган Осиё кубоги U17 баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, ЖЧ-2023га йўлланма олганди. Ўзбекистон D гуруҳида Япония билан 7 очкодан жамғариб, чоракфиналда Саудия Арабистонини мағлуб (2:0) этган ҳолда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганди. Вакилларимиз яримфиналда корейсларга ютқазган (0:1) бўлса, Япония финалда Жанубий Кореяни мағлуб (3:0) этиб, турнирга Осиё чемпиони сифатида борганди. Ҳозирга келиб эса Осиёда ўтаётган турнирда осиёликлардан фақат Ўзбекистон қолди.

Жан Люк Ваннуки қўл остидаги Франция ўсмирлар жамоаси эса ЖЧ-2023га Европа вице-чемпиони сифатида келган. Французлар ёзда ўтган U17 Европа чемпионати яримфиналида Испанияни 3:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, финалда Германия билан 0:0 ҳисобни қайд этган ва пеналтилар сериясида мағлуб (4:5) бўлиб, қитъа чемпионлигини қўлга кирита олмаганди.

Чоракфиналгача босилган йўл

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси жаҳон чемпионатини Малидан учралган йирик мағлубият (0:3) билан бошлагач, Жамолиддин Раҳматуллаев шогирдларининг турнирга «сайёҳ» сифатида келгани ҳақида гапирганлар кўп бўлди. Аммо улар 2-турда Канада устидан йирик ҳисобда зафар қучгач (3:0), ўсмирларимизнинг ўз кучига бўлган ишончи ошди. 3-турда эса Испания билан тенгма-тенг курашда жанговар дуранг қайд этилгач, плей-офф йўлланмаси қўлга киритилди. Нимчоракфиналда барча Англияни фаворит сифатида кўрсатган бўлса-да, Ўзбекистон футбол ватани бўлган мамлакатни уйига равона (2:1) қилиб, Францияга қарши ўйнайдиган бўлди.

Келажак юлдузлари фабрикаси сифатида эътироф этиладиган Франция U17 жамоаси эса гуруҳ босқичида Буркина-Фасо (3:0), Жанубий Корея (1:0), АҚШ (3:0) ўсмирларини мағлуб этиб, плей-оффга юз фоизлик натижа билан чиқди. Нимчоракфиналда эса Сенегал устидан пеналтилар сериясида (0:0, 5:3) устун келиб, Ўзбекистонга қарши ўйнайдиган бўлди. Франция бу турнирда ҳали дарвозасидан гол ўтказиб юбормаган ягона жамоа бўлиб турибди.

ФИФА ўз хатосини хаспўшлаб, Францияни аяди

Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан Франция ЖЧ-2023даги асосий можаро иштирокчиси бўлиб қолди. Сенегал 1/8 финалда пеналтилар сериясида мағлубиятга учраб, турнирни тарк этган бўлса-да, Франциянинг ҳам чоракфиналда ўйнашига қарши чиқиб, французлар ҳужумчиси Яннис Иссуфунинг ЖЧ-2023 Африка саралаш баҳси доирасида Нигер ўсмирлар жамоаси сафида майдонга тушганини ФИФА регламентининг қўпол тарзда бузилиши дея шикоят ёзди. Сабаби ФИФА қоидаларига кўра, футболчининг бир турнирда икки жамоа сафида ўйнаши қатъиян ман этилган. Шундан келиб чиқилса, ФИФА регламентига биноан Франция турнирдан дисквалификация қилиниши лозим эди. Шу билан бирга бу – Яннисни турнир «заявка»сидан ўтказган ФИФАнинг ҳам йўл қўйган хатоси эди.

Қизиғи, 22 ноябр куни ФИФАга йўллаган апелляциясида турнирда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлмаган ўйинчини ўз сафига қўшиб олгани ва турнирда рўйхатдан ўтказгани учун Франциянинг ЖЧ-2023дан дисквалификация қилинишини қатъий сўраган Сенегал футбол федерацияси бир кун ўтиб, ФИФА билан маслаҳатлашувдан сўнг апелляциясини қайтаришини маълум қилди. Шу тариқа, Франция ва ФИФА можарони «тинчитишди».

Рақиб мураббийи нима дейди?

Франция U17 жамоаси бош мураббийи Жан Люк Ваннуки Ўзбекистоннинг ўйинидан хабардор эмаслигини, аммо Англияни мағлуб этган жамоа кучли бўлишини айтиб ўтди.

«Очиғини айтсак, Ўзбекистон қандай ўйинашини билмаймиз. Бу рақиб – биз учун янгича жамоа саналади. Аммо Ўзбекистон Англияни мағлуб этган экан, бу уларнинг кучли жамоа эканини кўрсатади. Уларни ўрганаяпмиз», - дейди французлар устози.

Қайд этиш жоиз, ўтган ўйинда қизил карточка кўрсатилгани боис Жамолиддин Раҳматуллаев учрашувни трибунадан томоша қилади. Ўсмирларимизни Осиё ва жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўришида Раҳматуллаевга маслаҳатчи сифатида ёрдам берган делегация раҳбари Усмон Тошев ёки ёрдамчи мураббийлар Собир Усмонхўжаев ва Анвар Раҳимов ҳал қилувчи ўйинда жамоани бошқариши мумкин.

Тарих янгиланадими?

Индонезиядаги мундиал Ўзбекистон учун ўсмирлар ўртасидаги 3-жаҳон чемпионатидир. Вакилларимиз илк марта – 2011 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган. Ўшанда Алексей Евстафеев мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси Мексикадаги турнирда футболимиз тарихидаги энг яхши натижани қайд этишганди. Аббосбек Махсталиев ва Темур Ҳакимов етакчилигидаги ўсмирларимиз порлаган мусобақада Евстафеев шогирдлари чоракфиналгача етиб борганди.

Орадан икки йил ўтиб, Дилшод Нуралиев мураббийлигидаги ўсмирлар жамоаси Осиё чемпиони сифатида БААдаги ЖЧ-2013га йўлланма олганди. Отабек Шукуров, Достонбек Ҳамдамов, Рустам Ашурматов, Жамшид Болтабоев, Жавоҳир Сиддиқов сингари ўйинчилар кашф этилган турнирнинг гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаган Нуралиев шогирдлари, нимчоракфиналда кутилмаганда Ҳондурасга мағлубиятга (0:1) учраб, турнир билан хайрлашганди.

 

Орада ўсмирлар ўртасидаги сўнгги 3та жаҳон чемпионатига (ЖЧ-2021 ўтказилмаган) йўлланма ололмаган вакилларимиз, 10 йил ўтиб Жалолиддин Раҳматуллаев бошқарувида мундиалга чиқишди. Учинчи уринишда Раҳматуллаев жамоаси Евстафеев шогирдлари қайд этган энг яхши натижамизни яхшилашга уриниб кўради. Тарихни янгилаш учун эса энг аввало Франция мағлуб этилиши лозим. Испания ва Англияга қарши ўйинлар орқали турнирда шов-шув кўтарган ўсмирларимиз бу баҳсда европалик скаутлар эътиборида бўлиши табиий. Шундай экан, бу жамоанинг тарих зарварақларидан ўрин олишини бутун Ўзбекистон кутмоқда.

U17 жаҳон чемпионати. 1/4 финал.

25 ноябр (шанба)

Франция U17 – Ўзбекистон U17

Ўйин бошланиш вақти: 13:30

Стадион: «Манаҳан», Суракарта.

ТВ-трансляция: «Спорт».

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар