16.11.2023 00:32
5404
Теглар
«Бундай даражадаги ўйин сунъий қопламада ўтиши чиройли эмас». Катанец ва Шомуродов Туркманистонга қарши баҳс ҳақида

ЖЧ-2026 ва Осиё кубоги-2027 қўшма саралаш босқичи доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси 16 ноябр, пайшанба куни Туркманистонга қарши майдонга тушади. Ашхободдаги дастлабки расмий ўйин олдидан Сречко Катанец ва Элдор Шомуродов матбуот анжуманида иштирок этди.

«Бу ўйинга тайёргарлик ҳақида гапирадиган бўлсам, тўлиқ таркиб билан бор йўғи битта машғулот ўтказа олдик. Биласиз, ФИФА кунларида тақвим сабабли кўпроқ машғулот ўтказишнинг иложи бўлмайди. Шундай экан, бизни эртага қийин ўйин кутиб турибди. Рақиб жамоа ҳақида ҳам яхши фикрдаман, ҳар қандай рақибни ҳурмат қилиш лозим. Туркманистон таркибида яхши ўйинчилар бор, уларга қарши юз фоиз куч билан тўп суриш лозим», - дейди Катанец.

«Ассалом алайкум барчага! Жамоамизда ажойиб муҳит ҳукм сурмоқда. Барча ўйинчилар эртанги ўйинга тайёр. Биринчи ўйин осон бўлмайди. Туркманистон яхши жамоа эканини биламиз, аммо бизнинг олдимизда ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш вазифаси турибди. Шундай экан, биз бу ерга фақат ғалаба илинжида келдик.

Гуруҳ ҳақида нима дейиш мумкин? Эрон яхши ва кучли жамоа эканини барча билади. Форслар гуруҳ фаворити ҳисобланишади. Шунга қарамай, олдимизда ЖЧ-2026 мақсади турибди ва шунинг учун ҳам гуруҳда 1-ўринни эгалламоқчимиз. Бунинг учун эса бизда яхши жамоа бор», - деди Шомуродов.

«Биз рақиб ўйинидан келиб чиқиб ўйнамоқчи эмасмиз. Биринчи навбатда ўз ўйинимизни кўрсатишимиз керак. Эртага сунъий қопламали майдонда ўйнашимиз энг камида чиройли эмас, бундай даражадаги ўйин сунъий қоплама устида ўтиши футбол эмас. Бу футзал ёки бошқа спорт тури. Бундай майдонда ўйинчилар осонгина жароҳатга йўлиқиши мумкин.

Туркманистоннинг таркиби? Улар сафида яхши вингерлар, қанот ўйинчилари мавжуд. Бу жамоа стандарт вазиятларда ҳам жуда хавфли. Бу футбол – ҳисобни биз очишимиз ёки улар гол уриб қўйиши мумкин. Биринчи баҳс икки томон учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Икки йилдан буён жамоада ишлаб келяпман, ўйинчиларни руҳлантириш масаласида менда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Эртага барча энг яхши ўйинини кўрсатишга интилади», - дейди Сречко Катанец ўйин олди матбуот анжуманида.

Маълумот учун, Туркманистон – Ўзбекистон баҳси 16 ноябр, пайшанба куни соат 19:00да бошланади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар