10.11.2023 13:03
2145
Теглар
Юлдузлар кашф этилган турнир. Ўзбекистон Индонезияда Мексикадаги натижани янгилай оладими?

Бугун, 10 ноябр куни Индонезияда ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига старт берилади. 17 ёшгача бўлган дунёнинг энг кучли 24 жамоаси иштирок этадиган турнирга Ўзбекистон Осиёнинг 3-жамоаси сифатида йўл олган. ФИФА Исроилнинг мамлакатга киритилишига қарши намойишлар ортидан Индонезиядан 20 ёшлилар ўртасидаги мундиални тортиб олгач, бу сафар U17 мезбонлигини ушбу мамлакатга топширган.

Ўзбекистон U17 жамоаси ЖЧ-2023га қандай йўл олди?

Жалолиддин Раҳматуллаев мураббийлигидаги ўсмирларимиз ёзда Таиландда ўтган Осиё кубоги U17 баҳсларида муваффақиятли иштирок этиб, ЖЧ-2023га йўлланма олганди. Ўзбекистон D гуруҳида Япония билан 7 очкодан жамғариб, чоракфиналда Саудия Арабистонини мағлуб (2:0) этган ҳолда жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритганди.

Вакилларимиз яримфиналда корейсларга ютқазган (0:1) бўлса, Япония финалда Жанубий Кореяни мағлуб (3:0) этиб, турнирга Осиё чемпиони сифатида йўл олди.

Гуруҳдаги рақиблар

Швейцариянинг Цюрих шаҳрида ўтказилган қуръа ташлаш маросимида Жамолиддин Раҳматуллаев мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси Испания, Мали ва Канада билан «B» гуруҳидан жой олди. Испания Европанинг 3-жамоаси, Мали Африканинг 4-жамоаси, Канада эса Шимолий Американинг 4-жамоаси сифатида турнирга йўлланма олган.

Қайд этиш жоиз, март ойида Индонезия Исроил ёшлар жамоасининг мамлакатга киритилишга қарши бўлгач, ФИФА ёшлар ўртасидаги (U20) ЖЧ-2023ни бу мамлакатдан тортиб олиб, Аргентинага топширганди. Кўп ўтмай, ФИФА ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини Индонезияга топширишга қарор қилди. Турнир 10 ноябрдан 2 декабргача давом этади. Гуруҳ босқичида 1 ва 2-ўринни эгаллаган жамоалар, шунингдек, 3-ўринни эгаллаган энг яхши 4 жамоа 1/8 финалга чиқади.

Ўзбекистон U17 жамоасининг гуруҳ босқич ўйинлари тақвими билан танишинг:

Евстафеев ва Нуралиев жамоасининг натижаси янгиланадими?

Индонезиядаги мундиал Ўзбекистон учун ўсмирлар ўртасидаги 3-жаҳон чемпионатидир. Вакилларимиз илк марта – 2011 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этган. Ўшанда Алексей Евстафеев мураббийлигидаги Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси Мексикадаги турнирда футболимиз тарихидаги энг яхши натижани қайд этишганди. Аббосбек Махсталиев ва Темур Ҳакимов етакчилигидаги ўсмирларимиз порлаган мусобақада Евстафеев шогирдлари чоракфиналгача етиб борганди.

Орадан икки йил ўтиб, Дилшод Нуралиев мураббийлигидаги ўсмирлар жамоаси Осиё чемпиони сифатида БААдаги ЖЧ-2013га йўлланма олганди. Отабек Шукуров, Достонбек Ҳамдамов, Рустам Ашурматов, Жамшид Болтабоев, Жавоҳир Сиддиқов сингари ўйинчилар кашф этилган турнирнинг гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаган Нуралиев шогирдлари, нимчоракфиналда кутилмаганда Ҳондурасга мағлубиятга (0:1) учраб, турнир билан хайрлашганди.

Орада ўсмирлар ўртасидаги сўнгги 3та жаҳон чемпионатига (ЖЧ-2021 ўтказилмаган) йўлланма ололмаган вакилларимиз, 10 йил ўтиб Жалолиддин Раҳматуллаев бошқарувида мундиалга чиқишди. Учинчи уринишда Раҳматуллаев шогирдлари Евстафеев ва Нуралиев шогирдлари қайд этган энг яхши натижамизни яхшилашга уриниб кўради.

Юлдузлар кашф этилган турнир

Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати 1985 йилдан бошлаб ўтказиб келинмоқда. Мусобақанинг энг кўп карра ғолиблари Нигерия (5 марта) ва Бразилия (4) саналади. Сўнгги ЖЧ-2019да Бразилия ўсмирлар жамоаси тенгсиз бўлган.

Ўтган йиллар давомида ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида Роналдо, Роналдиньо, Луиш Фигу, Алессандро Дел Пьеро, Иньеста, Хави, Тони Кроос, Каземиро, Неймар, Стерлинг, Хамес, Гётце сингари юлдузлар кашф этилган.

Ўзбекистон Малига қарши ўйин билан бошлайди

Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси ЖЧ-2023 баҳсларини бугун, 10 ноябр куни Малига қарши баҳс билан бошлайди. Бу турнирнинг дастлабки ўйинига айланади. Учрашув «Манаҳан» стадионида Тошкент вақти билан соат 14:00да бошланади. Ўйин ФИФАнинг расмий портали – plus.fifa.com орқали трансляция қилинади.

Жалолиддин Раҳматуллаев Малига қарши майдонга тушадиган Ўзбекистон U17 жамоаси таркибни эълон қилди:

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар