05.10.2023 20:59
2891
Теглар
«Тўғрисини айтсам, бир кун олдин ўзимни яхши ҳис қилмагандим». Баҳодир Жалолов чемпионлик таассуротлари ҳақида

Токио-2020 Олимпиадаси ва икки карра жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов ютуқлари рўйхатига Осиё Ўйинлари ғолиблигини ҳам қўшиб қўйгач, илк таассуротлари билан ўртоқлашди.

Энг оғир вазн тоифасида (+92) юртимиз шарафини ҳимоя қилган 29 ёшли боксчимиз финалда қозоғистонлик принципиал рақиби 31 ёшли Қамшибек Қўнқабоевга қарши рингга кўтарилиб, ғалабага эришган ҳолда Ҳангжоу-2022 олтин медалига эга чиқди.

«Авваламбор, мени қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Алҳамдулиллаҳ, олтин медални қўлга киритдик. Тўғриси, бир кун олдин турли сабабларга кўра ўзимни яхши ҳис қилмагандим. Худога шукур, ғалаба қозондик. Бизни қўллаб-қувватлаганлардан миннатдорман», - дейди Баҳодир Жалолов чемпионлик жангидан кейин «Спорт ТВ» мухбирига.

Маълумот учун, Баҳодир Жалолов Қўнқабоевни 4:0 ҳисобида мағлуб этди. Ҳамюртимиз ушбу боксчига қарши ўтказган 10та жангидан 7тасида ғалабага эришди.

Аввалроқ, Жалолов чоракфиналда тожикистонлик Муҳаммаджон Аброриддиновни, яримфиналда эса хитойлик Байикевузи Данабиекени 1-раунддаёқ нокаут билан мағлубиятга учратишга эришган ва финал йўлланмаси билан бирга Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасига эга чиққанди.

Шу тариқа, бокс бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси Хитойдаги турнирда жами 5та медал – 3та олтин ва 2та бронзани қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Хитойдан кейинги 2-ўринни эгаллади. Спорт делегациямизнинг турнирдаги олтинлари эса 19тага, жами медаллари эса 60тага етиб, вакилларимиз умумжамоа ҳисобида 5-ўринда бормоқда.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар