01.09.2023 18:05
6503
«Ўлим гуруҳи»да кимлар омон қолади? «Барса» бу сафар плей-оффга чиқадими? ЕЧЛ қуръаси бўйича асосий саволлар

Ёзнинг сўнгги кунида Чемпионлар лигаси учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. 32 жамоа Европанинг асосий турнири гуруҳ босқичидаги рақибларини билиб олишди. Қуйида турнир гуруҳ босқичидаги асосий интригалар кўриб чиқилади.

А гуруҳи

«Бавария», «Манчестер Юнайтед», «Копенҳаген», «Галатасарой»

Квартетдаги асосий қарама-қаршилик, албатта, «Бавария» — «Манчестер Юнайтед» иштирокидаги 1999 йилги финал ремейкидир. Ўшанда манкунианликлар 0:1 ҳисобини қўшимча дақиқаларда 2:1 кўринишига келтирганди. Аммо бу жамоаларнинг ўзаро ўйинларида устунлик немислар тарафида: уларда тўрт ғалаба, инглизларда эса атиги иккита. Яна беш ўйинда кучлар тенг келган.

Мантиқан, гуруҳдан айнан шу икки жамоа кейинги босқичга йўл олиши керакдек. Мюнхен амалда барча гуруҳларда фаворит бўлиб кўринади, аммо Томас Тухел бошқаруви давридаги беқарор натижалар гуруҳ масаласи кўрингани каби осон бўлмаслиги ҳақидаги фикрларга ундайди. «МЮ» эса тен Ҳаг келганидан кейин фақат ўсишда давом этмоқда, трансферлар бозорида яхши ҳаракат қилди ва бу мавсумда бир неча фронтларда курашишга тайёр.

Ўз навбатида «Галатасарой» ҳам барчани ажаблантириши мумкин. Турнирдаги иштирокини 2-саралаш раундидан бошлаган турклар жамоаси жозибали футбол намойиш этиб, «Жалгирис», «Олимпия» ва «Молде» каби жамоаларини йўлдан олди. Бу жамоада сўнгги йилларда пасайиш кузатилганди, аммо Икарди, Мертенс, Торрейра, Анхелинио, Зиёш, Заа, Бакамбу, Демирбай, Оливейра каби футболчилардан юлдузли таркиб шаклланирган жамоа яна кўтарилиш босқичида ва камида иккинчи ўрин учун курашиб кўради. «Копенҳаген» эса гуруҳда яққол фаворит.

В гуруҳи

«Севиля», «Арсенал», ПСВ, «Ланс»

Ёз бошида «Севиля» молиявий қийинчиликлар туфайли футболчиларини ёппасига сотиб юбориши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо амалда испанлар нафақат деярли барча етакчиларини сақлаб қолишди (Саудия Арабистонига кетган Бунудан ташқари), балки янги футболчилар учун 32 миллион евро сарфлашди. Лекин бу ЕЧЛда шов-шув кўтариши даргумон, қолаверса, жамоа ла лигада мавсумни ўта муваффақиятсиз бошлаб, уч турда уч бор мағлуб бўлган («Валенсия» ва «Жирона»га 1:2, «Алавес»га 3:4 ҳисобида) ҳолда турнир жадвалининг сўнгги поғонасида бормоқда. Шу билан бирга, қуръа жамоа учун ёмон тушмади.

«Арсенал» — гуруҳда юз фоизлик фаворит, иккинчи йўлланма учун эса яхши имконият бор. Ўтган мавсумда Франция чемпионатида сенсация кўтарган «Ланс» ёзда асосий тўпурар футболчилари Опенда («Лейпциг»га) ва Фофанани («Ан-Наср») сотиб юборди, янги мавсумни жуда ёмон бошлади (уч турда биргина очко), айниқса «ПСЖ» билан ўйинда (1:3) жамоа биринчи бўлимдан кейин қаршилик кўрсатишни тўхтатди. ПСВ эса, еврокубокларда яхши тажрибаси борлигига қарамай, топ-лигалар вакилларига муносиб рақобат кўрсатиши қийин, қолаверса, эйндховенликларнинг ўтган мавсумдаги етакчилари Симонс ва Гакпо энди таркибда эмас.

С гуруҳи

«Наполи», «Реал», «Брага», «Унион Берлин»

«Реал» — «Наполи» қарама-қаршилиги гуруҳ босқичининг энг кўп қизиқишларга сабаб бўладиган тўқнашувларидан бири бўлади. Мадридликлар қайта қуриш даврига ўтди, шу туфайли бу сафар 2017 йилдаги сценарий такрорланиши даргумон, ўшанда 1/8 финал босқичида Зидан жамоаси Сарри бошқарувидаги италияликларни икки ўйин натижасига кўра 6:1 ҳисобида ортда қолдирганди. Бу жуфтлик ўйинларини қизиқарли қиладиган яна бир жиҳат «Реал»нинг Хвича Кварацхелияга қизиқиш билдираётганидир. Гуржистонлик вингерни Мадридга чақиришганди ва у у ерга боради, фақат рақиб жамоа сафида. Ўтган мавсумда Италия чемпиони бўлган ва ЕЧЛда чоракфиналга етиб борган неаполитанликлар бош мураббий Лучано Спаллетти билан хайрлашган бўлса-да, Осимҳен ва Хвичани таркибда сақлаб қолди. Шундай экан, мадридликлар билан бирга плей-оффга айнан шу жамоа чиқиши деярли аниқ.

«Брага» ва «Унион» эса учинчи ўрин учун курашувчи иккинчи даражали актёрлар мақомида ва бу курашда яққол фаворит йўқ. Португаллар жамоаси еврокубокларда тажрибага эга, аммо берлинликлар ўтган мавсум давомида барчани ҳайратга солишди ва ўртамиёна таркиб билан ҳам совриндор ўринлардан бирини қўлга киритишди, янги мавсумни ҳам икки йирик ғалаба билан бошлади: «Майнц» ва «Дармштадт» бир хил ҳисобда мағлуб этилди - 4:1. Умуман олганда, берлинликлар сўнгги тўрт ўйинида тўрттадан гол урган - аввалроқ Германия кубогининг биринчи босқичи доирасида «Астория» дарвозасига жавобсиз тўрт гол йўлланганди, янги мавсум стартидан олдинги охирги ўртоқлик ўйинида «Аталанта» 4:1 ҳисобида таслим этилганди.

D гуруҳи

«Бенфика», «Интер», «РБ Залцбург», «Реал Соседад»

«Интер» ва «Бенфика» Чемпионлар лигасининг ўтган мавсумида 1/8 финал босқичида ўзаро рақиб бўлганди. Ўшанда кўпчилик бу жуфтликда лиссабонликлар жамоасини фаворит сифатида кўрганди, бу жамоа гуруҳ босқичида жозибали футбол намойиш этиб, «ПСЖ»ни иккинчи ўринда қолдириб кетган, якунда бу юлдузли таркибга эга парижликларга қимматга тушганди (французлар плей-оффнинг илк босқичидаёқ «Бавария»га рақиб бўлиб, турнирни тарк этганди). Аммо амалда «Интер» интизомли футбол намойиш этиб, ёрқин футбол намойиш этувчи жамоани турнирдан чиқариб юборганди (икки ўйин натижасига кўра 5:3).

ЕЧЛнинг амалдаги финалчиси сифатида «Интер» гуруҳда фаворит ҳисобланади, жамоа бир қатор етакчилари билан хайрлашган бўлса-да, яхши трансферлар ҳам амалга оширди. Ўз навбатида, «Залцбург» ва «Реал Соседад» ҳам исталган вақтда порлаб, гранд жамоаларга муаммо туғдира олади. Шу жиҳатдан, бу квартетдан исталган натижани кутиш мумкин.

Е гуруҳи

«Фейеноорд», «Атлетико», «Лацио», «Селтик»

Бу гуруҳ «Атлетико» ва бошқалардан иборат. Симеоне жамоаси аллақачон Европанинг тўлақонли гранди ва ЕЧЛнинг доимий иштирокчиси саналади, шундай экан, «Лацио» ҳам, «Селтик» ва «Фейеноорд» ҳам бу жамоага муаммо туғдириши кутилмаяпти. Лекин икки тажрибали мураббийлар Симеоне ва Сарри ўртасидаги тактик қарама-қаршиликни кузатиш қизиқ бўлади. Бу ёрқин ва томошабоп ўйинлар бўлиши факт эмас, аммо ақлли футбол ишқибозлари учун қизиқ жиҳатлар топилади. Гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқиш учун италияликлар асосий даъвогар. «Селтик» ва «Фейеноорд»да эса плей-оффга чиқиш учун имконият деярли йўқ. Бу жамоалардаги ресурсларни Мадрид ва Рим жамоалариники билан таққослаб бўлмайди.

F гуруҳи

«ПСЖ», «Боруссия» Д, «Милан», «Нюкасл»

Чемпионлар лигасининг бу мавсумида ҳам «ўлим гуруҳи» мавжуд, бу гуруҳдаги ҳар бир ўйин катта қизиқишга сабаб бўлади. Бу квартетдаги жамоаларнинг ҳар бири бошқа гуруҳда плей-оффга асосий даъвогарлар саналган бўларди, лекин гуруҳ босқичи якунида бу жамоалардан бири ҳатто Европа лигасига ҳам ўта олмайди ва еврокубоклардаги иштирокини куздаёқ якунлайди.

Парижликлар қайта қуриш босқичида — Месси ва Неймар кетди, Мбаппе қолган бўлса-да, унинг жамоадаги ўрни аввалгидек эмас, жамоа ёзги трансферлар ойнасидаги энг фаол клублардан бўлди, аммо бу ёш футболчилардан тезда кучли жамоа шакллантириб бўлмайди. Лекин парижликлар якунда топ-2га кира олмаслигини тасаввур қилиш қийи.

«Боруссия» Беллингҳем ва Геррейру кетганидан кейин кучсизланган, бу бундеслигадаги илк ўйинларда ҳам сезилди: 1-турда «Кёлн» Маленнинг омад эвазига урган голи билан мағлуб этди (1:0), кейинги турда Маленнинг голи ҳам «Боҳум»ни енгишга ёрдам бера олмади (1:1). Лекин жамоада еврокубок ўйинларида тажриба тўплаган футболчилар қолган, қолаверса, янги юлдузлар етишиб келмоқда — жамоа Малендан ташқари Адейеми ва Мукокога ҳам таяниши мумкин. Лекин Дортмунд жамоаси ва барқарор сўзлари бир-бирига бегона — жамоа ишонч билан плей-оффга чиқиши ҳам, гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетиши ҳам мумкин.

Бу клубларга «Милан» ва «Нюкасл» жиддий кураш таклиф этади. Италияликлар ривожланишнинг америкача моделидан бормоқда ва натижаларга тезда эришиш эмас, ёш футболчиларни ўстиришга урғу қаратмоқда. Бошқа томондан ўтган мавсумда жамоа ЕЧЛда яхши иштирок этди ва бу муваффақиятни такрорлашга уриниб кўради. Шу мақсадда жамоага яна бир тажрибали ҳужумчи Торимий олиб келинмоқда.

«Нюкасл» эса саудияликлар қўлига ўтганидан кўп ўтмай ЕЧЛга йўлланма олди. Эдди Ҳау жамоаси — ёш ва истиқболли футболчилардан таркиб топган, аммо, АПЛнинг шиддатли суръатини ҳисобга олган ҳолда, уларда икки фронтда ҳам муносиб иштирок этиш учун куч етиши ҳақида ҳозирча аниқ гап айтиб бўлмайди.

Бу гуруҳда шахсий қарама-қаршиликлар билан боғлиқ қизиқ интригалар ҳам бор. «ПСЖ» дарвозабони Доннарумма Миланга қайтади, бир неча йил муқаддам у «россонерилар» фанатлари нафратини келтирган ҳолда бу ердан кетганди. «Милан»нинг сўнгги йиллардаги етакчиси Тонали ҳам «Сан-Сиро»да майдонга тушади: Сандро шу ёзда 64 млн евро эвазига «Нюкасл»га трансфер қилинганди.

G гуруҳи

«Манчестер Сити», «Лейпциг», «Црвена Звезда», «Янг Бойз»

Бу квартетда барчаси ҳозирдан маълум. Гуруҳда ЕЧЛнинг амалдаги ғолиби ва яққол фаворит «Манчестер Сити» бор, сўнгги йилларда еврокубокларда яхши иштирок этаётган «Лейпциг» бор, олдига Европа лигасига йўлланма олиш вазифаси қўйилган «Црвена Звезда» ва «Янг Бойз» клублари бор.

Ўтган мавсумда ЕЧЛ 1/8 финал босқичида «Сити» «Лейпциг»га ҳеч қандай имкон қолдирмаганди (7:0, 1:1).  Ўшанда немислар сафида Гвардиол ўйнарди, хорватиялик ҳимоячи ёзда амплуа бўйича рекорд нархда (90 млн евро) «шаҳарликлар» сафига ўтди.

Бу гуруҳдаги асосий интрига: Ҳоланд гуруҳ босқичида қанча гол уриши ва бир ўйинда кўп гол уриш бўйича турнир рекордини ўрната олиши бўйича бўлади. Ҳозирча норвегиялик ҳужумчи ЕЧЛда феноменал даражада самарадорлик кўрсатмоқда – у унинг урган голлари сони ўйинлар сонидан кўпроқ: 30 ўйинда 35 гол!

Н гуруҳи

«Барселона», «Порту», «Шахтёр», «Антверпен»

Ўтган мавсумда «Барселона» ҳақиқий ўлим гуруҳига тушган ва қаторасига иккинчи йил Чемпионлар лигаси плей-офф босқичига ўта олмаганди. Бу сафар эса гуруҳдан чиқиш муаммо бўлмаслиги керак, гуруҳдаги рақиблар бутунлай бошқа даражада. «Порту» — еврокубокларда тажрибага эга мустаҳкам жамоа, ўтган мавсумда 1/8 финалда бўлажак финалчи «Интер»га муносиб қаршилик кўрсатганди («аждарлар» икки учрашув натижасига кўра, 0:1 ҳисобида ортда қолганди). Аммо ёзда жамоанинг кўп йиллик етакчиси Отавио Саудия Арабистонига йўл олди, асосий тўпурари Меҳди Торимий Миланга кетмоқда, марказий ҳимоячиларининг (Пепе, Маркано) эса ёши ўтиб қолди, шундай  экан, португалияликлар олдингидек ўйнашини кутиш қийин.

«Шахтёр» ҳам ЕЧЛда яхши тажрибага эга, аммо савия борасида каталонияликларга рақобат қила олмайди. «Антверпен» эса ЕЧЛга ҳар замонда адашиб келиб қоладиган жамоалар сирасига киради. Албатта, «Барса» бу жамоаларнинг исталган бири билан ўйинда очко йўқотиши мумкин, кўк-анорранглилар ўйинида ҳали муаммолар бор, аммо шу шароитда ҳам гуруҳ масаласини муддатдан илгари ҳал қилиш мумкин, агар бу сафар ҳам қандайдир муаммолар туғилса, Хавининг жамоадаги келажаги сўроқ остида қолади.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар