11.08.2023 16:37
8202
Мбаппе кетмоқчи эмас, Неймарда икки вариант бор. Сўнгги трансфер хабарлари

Ёзги трансферлар давом этмоқда, яна бир қатор футболчилар ўзларига янги клуб топишди, яна бир қанча трансферлар ҳал бўлиши кутилмоқда. Қуйида сўнгги кунларнинг энг асосий трансфер хабарлари дайжести.

Кейн «Бавария» ўтмоқда

Here we go! Ҳарри Кейн «Бавария»га ўтишга розилик берди. 

10 август куни тонгда The Athletic нашри немислар клуби ҳужумчи трансфери бўйича ниҳоят «Тоттенҳэм» билан келишиб олгани ҳақида ёзди. Британиялик журналистлар Германиядаги манбаларига таянган ҳолда «Бавария»нинг 100 млн евродан кўпроқ миқдордаги трансфер таклифини қабул қилганини айтишди. Шундан сўнг 30 ёшли форварднинг якуний қарори кутилаётганди.

Сўнгги хабарларга кўра, «шпорлар» форвард учун 100 миллион евро олади, яна 20 миллион евро миқдорида бонуслар кўзда тутилган. 30 ёшли англиялик футболчи мюнхенликлар клуби билан 4 йиллик шартнома имзолайди. Бугун у Германияга йўл олиб, тиббий кўрикдан ўтади. 

Инсайдер Флориан Плеттенбергга кўра, Кейн «Бавария» сафида 12 август куни Германия Суперкубоги учун «РБ Лейпциг» клубига қарши кечадиган ўйиндаёқ майдонга тушишни истамоқда.

АПЛда трансфер рекорди янгиланиши мумкин

«Ливерпул» «Брайтон» яримҳимоячиси Мойсес Кайседо учун 127 миллион евро (110 миллион фунт стерлинг) миқдорида таклиф бергани ҳақида бир вақтда икки ишончли манба хабар берди — The Athletic нашри ва инсайдер Фабрицио Романо.

Бундан олдинроқ «Челси» 100 миллион фунт стерлинг таклиф қилганди, «Брайтон» эса каттароқ таклифни қабул қилган ва барчаси режа бўйича кечса, трансфер 11 август куниёқ эълон қилиниши мумкин.

Шу билан бирга, Романонинг охирги хабарига кўра, Мойзес Кайседо «Ливерпул»га фақат «Челси»га ўтишни исташини билдирган. У бу орқали ўз сўзида турмоқчи, чунки «Челси» билан май ойи охиридаёқ шахсий шартномани келишиб қўйганди.

Эндиликда «Челси» «Брайтон»ни кўндириш учун янги таклиф юбориши кутилмоқда.

Бу трансфер амалга ошса, Англия клубларининг Энцо Фернандес трансферида ўрнатилган рекорд янгиланади, «Челси» қишда «Бенфика» ҳавбеки учун 121 миллион евро тўлаганди.

2022/23 йиллар мавсумида Кайседо жамоаси учун барча турнирлар доирасида 43 ўйин ўтказган, 1 гол урган ва 1 голга узатма берган. 21 ёшли эквадорликнинг «Брайтон» билан шартномаси 2027 йил ёзига қадар тузилганди. 

Мбаппе «ПСЖ»да қолишга қарор қилди

«ПСЖ» раҳбарияти Килиан Мбаппе муаммосини ҳал эта олмаяпти. Le Parisien маълумотига кўра, ҳужумчи бу ёзда клубини ўзгартирмаслик бўйича узил-кесил бир қарорга келган. Мбаппе «ПСЖ» президенти Носир Ал-Ҳилайфий билан учрашган ва унга қолган бир йиллик шартномасини охиригача ўтаб қўйиш ниятини такрорлаган.

ESPN маълумотига кўра, Мбаппе Лига 1 янги мавсуми 1-тури доирасида шанба куни «Парк де Пренс»да «Лорян»га қарши кечадиган учрашувда иштирок этмаслиги аниқ. Манбага кўра, «ПСЖ» раҳбарияти агар клуб билан шартномани узайтирмаса, уни бутун мавсумга асосий жамоадан четлатишга тайёр.

Бу вақтда клуб Мбаппега навбатдаги мактубни йўллади. Унда Мбаппе бир йилдан кейин клубни эркин агент сифатида тарк этиши қандай оқибатларга эга бўлиши айтилган. Агар бу рўй берса, «ПСЖ» молиявий фэйр-плейни бузмаслик учун футболчиларни сотиши, академия футболчиларини асосий жамоага ўтказиш сиёсатини қайта кўриб чиқиши, шунингдек кўплаб ходимларни ишдан бўшатиши керак бўлади.

Неймар «Ал-Ҳилол» ёки МЛС чемпионатига кетишга уринмоқда

«ПСЖ»нинг янги бош мураббийи Луис Энрике ва клуб спорт директори Луиш Кампуш эса жамоанинг беш нафар футболчисига олдинги мавсумда уларга жамоада ўрин йўқлигини билдирган. RMC Sport маълумотига кўра, клуб халос бўлишни истаётган футболчилар рўйхатида Неймар, Уго Экитике, Марко Верратти, Ренату Саншеш ва Хуан Бернат ўрин олган.

Неймар клуб футболчилари фотосессиясига ҳам чақирилмаган. Ўтган ҳафта охирида 31 ёшли футболчининг клубдан ўзини қўйиб юборишни сўрагани маълум бўлганди, афтидан, клуб унинг бу сўровини маъқуллаган.

Инсайдер Фабрицио Романонинг аниқлашича, Неймарнинг вакиллари ва «ПСЖ» футболчини 2023 йил ёзида трансфер қилиш устида фаол иш олиб бормоқда. Бразилиялик футболчида Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клубидан ва MLS чемпионатидан таклиф бор.

AS маълумотига кўра, парижликлар Неймарни сотишдан камида 150 миллион евро ишлаб олмоқчи — шу билан бирга, уларга трансфер форматининг у қадар фарқи йўқ, улар ҳатто кейинроқ сотиб олиш шарти билан ижара вариантига ҳам қарши эмас.

Неймар Франция чемпионатининг ўтган мавсумида 20 ўйинда майдонга тушиб, 13 гол урган ва 11 голга узатма берган.

«Вест Ҳэм» ёздаги илк трансферини амалга оширди

«Вест Ҳэм» Англияда чемпионатнинг янги мавсуми стартигача бирорта трансфер амалга оширмаган ягона клуби бўлиб қолаётганди. Энди эса АПЛнинг биринчи тури бошланиши арафасида лондонликлар клуби барибир илк янги футболчисини таништирди. Бу «Аякс»нинг мексикалик яримҳимоячиси Эдсон Алварес бўлди.

25 ёшли футболчи билан 2028 йил июнига қадар амал қилувчи шартнома имзоланган. Трансфер учун 38 млн евро тўланган, яна 3 млн евро бонуслар сифатида ўтказиб берилиши кўзда тутилмоқда.

Алварес 2019 йилдан буён амстердамликлар сафида ўйнаб келаётганди ва жамоа учун 98 ўйинда майдонга тушиб, 10 та гол урган. Энди ушбу таянч яримҳимоячиси «Вест Ҳэм»да шу ёзда икки клуб учун рекорд даражадаги 105 млн фунт эвазига «Арсенал»га трансфер қилинган Деклан Райс ўрнини эгаллайди.

«Барселона» Франк Кессиени Саудия Арабистонига пуллади

26 ёшли ивуарлик яримҳимоячи «Ювентус»га ўтиши ҳақида ҳам гаплар бўлганди, аммо жиддийроқ таклиф «Ал-Аҳли»дан бўлди. Томонлар уч йиллик шартнома тузишган, унга кўра футболчи йилига 20 млн евро миқдорида маош олади, футболчини ўтган йил ёзида эркин агент сифатида ўз сафига қўшиб олган каталонияликлар клуби трансфер учун 15 млн евро ишлаб олди.

«Наполи» Каюсте билан шартнома имзолади

Италия чемпиони «Наполи» янги трансферлари билан мухлислари ва янги бош мураббий Руди Гарсияни мамнун қилмоқда. Навбатдаги янги футболчи – «Реймс» яримҳимоячиси Йенс Каюсте бўлди. Трансфер куни 24 ёшга тўлган швециялик футболчи учун 12 млн евро атрофида маблағ тўланди.

Қизиқарли жиҳати, Каюсте «Реймс»га ўтган йили «Мидтьюлланн»дан ўтганди. 2022/2023 йиллар мавсумида у французлар жамоаси учун барча турнирлар доирасида 33 ўйинда майдонга тушиб, тўрт гол урди ва бир голга узатма берди.

«Реал» Куртуа ўрнига де Хеани олиши мумкин

«Реал» бош мураббийи Карло Анчелотти янги мавсум олдидан жиддий муаммога учради. Асосий дарвозабон Тибо Куртуа оғир жароҳат олди – белгияликка чап тиззанинг олдинги хочсимон пайлари узилгани бўйича ташхис қўйилган. Куртуа машғулот майдонини кўзида ёш билан замбилда тарк этган, у ўз оёғида юра оладиган ҳолатда эмас. Яқин кунларда жарроҳлик амалиёти ўтказилади. У мавсум охирига қадар сафдан чиққан бўлиши мумкин.

Sky Sports маълумотига кўра, «Реал» «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ дарвозабони Давид де Хеанинг вакиллари билан алоқага чиққан, футболчи бу ёзда шартномаси муддати тугаши муносабати билан инглизлар клубини тарк этганди.

Аммо Marca «Севиля» посбони Яссин Буну – «Реал» раҳбарияти учун фаворит номзод бўлиб турибди. Марокашлик футболчи Саудия Арабистонидан бўлган таклифни қабул қилишга яқин турганди, аммо «Реал» варианти пайдо бўлгач, бу трансфер тўхтаб қолган. Буну Мадридда ўйнашни истамоқда.

«Манчестер Сити» Лукас Пакета бўйича катта таклиф тайёрлади

Фабрицио Романодан кутилмаган янгилик. Унинг маълумотига кўра, Англия чемпионлари «Вест Ҳэм»га 25 ёшли бразилиялик яримҳимоячи учун 81 млн евро таклиф қилган. Бу кутилмаган юриш бўлди, аммо ундан ҳам ҳайратланарли томони унга берилган жавоб бўлди, лондонликлар жамоаси бу таклифга рози бўлмаган. Қайд этилишича, «Сити» янги таклиф юборади, чунки ушбу трансферга шахсан Пеп Гвардиола қизиқмоқда.

Ҳарри Магуайр «МЮ»ни тарк этади. Клуб унинг ўрнига футболчи олмоқчи

«Манчестер Юнайтед» мухлислари учун яхши янгилик. Фабрицио Романонинг ёзишича, «Вест Ҳэм» 30 ёшли ҳимоячини 35 млн еврога трансфер қилиш бўйича келишувга эришган. Энди футболчининг ўзи билан шартнома бўйича келишиш қолган, клуб билан эса — тўловни қандай амалга ошириш бўйича музокаралар олиб борилади.

«МЮ» эса аллақачон Магуайр ўрнига футболчи изламоқда. Флориан Плеттенбергнинг ёзишича, клуб «Бавария» билан Бенжамен Павар бўйича фаол музокара олиб бормоқда. 27 ёшли француз трансфери 30 млн еврога тушиши мумкин. Худди шу Романонинг ўзи қўшимча қилишича, «Юнайтед» шорт-листида Павардан ташқари «Барселона»нинг собиқ футболчиси, айни вақтда «Ницца» аъзоси бўлган Жан-Клер Тодибо ҳамда «Байер»дан Эдмон Тапсоба ҳам бор.

«Ал-Ҳилол» Осимҳен учун космик сумма таклиф қилмоқчи

Corriere dello Sport маълумотига кўра, «Наполи» яқин вақтлар ичида Саудиянинг «Ал-Ҳилол» клубидан ақл бовар қилмас таклиф олади, бу клуб Виктор Осимҳен учун роппа-роса 200 миллион евро сарфлашга тайёр. Олдинроқ бу клуб 130 миллион евро таклиф этган, аммо рад жавоби олганди.

Хабар қилинишича, 24 ёшли ҳужумчининг ўзи учун йилига 45-50 миллион евро маош тўлаш назарда тутилган уч йиллик шартнома тайёрланган. Лекин неаполитанликлар келишишга шошилмаяпти ва Осимҳен билан шартномани янгилаш ҳақида ўйламоқда.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар