08.08.2023 21:27
4159
Мбаппега «жазо» ва тутқунликдаги Кейн. Сўнгги трансфер хабарлари

«ПСЖ» янги ҳужумчи олди, Неймар «Барселона»га қайтиши мумкин.

Ёзги трансферлар давом этмоқда, яна бир қатор футболчилар ўзларига янги клуб топишди, яна бир қанча трансферлар ҳал бўлиши кутилмоқда. Қуйида сўнгги кунларнинг энг асосий трансфер хабарлари дайжести.

Амалга ошган трансферлар

«ПСЖ» «Бенфика» ҳужумчисини қўлга киритди

Гонсалу Рамуш футбол фанатларига 2022 йил охирида яхши танилганди. Португалиялик ҳужумчи ЖЧ-2022 1/8 финалида Швейцарияга қарши ўйинда (6:1) Криштиану Роналду ўрнига майдонга тушганди. Кўпчиликка нотаниш бўлган йигитча ҳет-трик қайд этган, унинг жамоаси рақибни яксон этганди.

Рамуш «Бенфика» сафида ҳам мавсумни ёмон ўтказмади: 47 ўйин, 27 гол, 12 голли узатма. Португалия чемпионатида олтин медални қўлга киритди, энди эса Парижга йўл олди.

Париж клуби молиявий фэйр-плей қоидаларини айланиб ўтиш учун футболчини мавсум якунида сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди ва уни расман ўз футболчиси сифатида тақдим этди.

Фабрицио Романо аввалроқ 22 ёшли форвард кейинги ёзда 65 миллион еврога сотиб олинииши мумкинлигини айтганди. Яна 15 миллион евро бонуслар шаклида тўланиши кўзда тутилган.

«Интер» янги дарвозабон топди

Милан клуби бу ёзда Андре Онанани «Манчестер Юнайтед»га сотди ва Самир Ҳандановични эркин агент сифатида қўйиб юборди. Табиийки, жамоага янги дарвозабон керак эди ва клуб Ян Зоммер танловида тўхтади.

Швейцария жамоаси дарвозабони «Бавария»га ярим йил муқаддам келганди, уни ўшанда оёғини синдириб олган Мануэл Нойернинг ўрнига олиб келишганди. Энди Нойер қайтганидан кейин Ян иккинчи рақамли дарвозабон бўлишни истамади ва мюнхенликлар клуби билан хайрлашиб, «Интер» билан 2026 йил ёзига қадар шартнома тузди. Миланликлар клуби трансфер учун 6 млн евро тўлаган.

«Наполи» Ким Мин Жэга ўринбосар топди

Ёзда «Наполи» жуда муҳим футболчисини йўқотди — кореялик ҳимоячи Ким «Бавария»га йўл олди. Италия чемпиони Бразилиядан унинг ўрнига футболчи топди. Таркиб 22 ёшли Натан билан тўлдирилди ва у билан беш йиллик шартнома имзоланди. Ҳимоячи трансфери учун «Наполи» «Ред Булл Брагантино» клубига 10 млн евро тўлади.

Бундан ташқари, «Наполи» «Селта» ҳавбеки Габриэл Вейгуни сотиб олишга ҳаракат қилмоқда. Романонинг маълумотига кўра, италянлар клуби 30 млн евро таклиф қилмоқда, аммо испанлар 10 млн евро кўпроқ сўрамоқда.

«Арсенал» тарбияланувчиси «Лион»га ўтди

«Арсенал»нинг собиқ футболчиси Эйнсли Мэйтленд-Найлс Францияга йўл олди. Лондон клуби сафида 130 ўйин ўтказган футболчи эркин агентга айланган. Ўтган давр мобайнида футболчи тўрт бор ижарага берилган: «Ипсвич», «Вест Бромвич», «Рома» ва «Саутҳемптон» клубларига. «Мен айнан шу клуб билан шартнома имзолаганимдан жуда хурсандман, — деди футболчи трансфер амалга оширилганидан кейин. — Агар кимдир менга ёшлигимда қачондир «Лион»да ўйнашим мумкинлигини айтганида, мен буни тасаввур қила олмасдим! Мен энди шунчаки бу имкониятдан фойдаланишим керак».

«Тоттенҳэм» Микки Ван де Вен трансферини эълон қилди

«Волфсбург» ҳимоячиси Микки ван де Вен фаолиятини Премер-лигада давом эттиради.

«Тоттенҳэм» клуби расмий сайти нидерландиялик 22 ёшли футболчи билан 2029 йилга қадар шартнома имзоланганини эълон қилди. Ван де Вен лондонликлар сафида 37-рақамда тўп суради. Лондон клуби трансфер учун немис жамоаси ҳисоб рақамига бонуслар билан қўшиб ҳисоблаганда 50 миллион евро ўтказади. 

Ван де Вен «Волфсбург» шарафини 2021 йилнинг август ойидан буён ҳимоя қилиб келаётганди. У ўтган мавсум жамоаси сафида 36 ўйинда майдонга тушиб, битта гол ва 2та ассистга муаллифлик қилган.

Кутилаётган трансферлар

Неймар «Барселона»га қайтадими?

«ПСЖ» бу ёзда Неймар билан хайрлашиши мумкин. L'Equipe маълумотига кўра, бразилиялик ҳужумчи клуб президенти Носир Ал-Ҳилайфига жамоани шу ёзда тарк этиш ниятини билдирган.

«Барса» ва «ПСЖ» раҳбарлари билан яхши таниш бўлган шайх Мабҳут Ал-Марри эса Неймар Каталонияга қайтишини айтди. 31 ёшли футболчи агенти ва оила аъзолари билан маслаҳатлашиб, шундай қарорга келган. Шунингдек, у ижтимоий тармоқдаги профилидан ўзининг парижликлар клуби футболчиси экани ҳақидаги сўзларни олиб ташлаган.

Неймарнинг «ПСЖ» билан шартномаси муддати 2025 йил ёзига қадар кўзда тутилган. Тransfermarkt портали унинг трансферини 60 миллион еврога баҳолаган.

Аввалроқ Diario Sport нашри «ПСЖ» «Барса»га Усмон Дембеле трансфери доирасида Неймарни ижарага олишни таклиф қилгани ҳақида хабар берганди. Аммо Хави бунга рози бўлмагани, чунки у бразилияликни ўз лойиҳасида кўрмаётгани айтилган. Жоан Лапорта эса уни трансферга кўндиришга уринмоқда.

Diario Sport Пини Заҳави Неймарнинг трансфери билан шуғулланаётгани, Саудия клуби Неймарга шартнома таклиф қилаётгани ва уни бир мавсумга «Барса»га ижарага бериши, унинг маошининг бир қисмини тўлашга тайёрлиги ҳақида ҳам ёзган.

Бу вақтда Романо Неймар клуб раҳбариятига кетмоқчи экани ҳақида айтгани ҳақидаги хабарларни рад этди.

Мбаппе «ПСЖ»нинг асосий таркибидан алоҳида шуғулланмоқда

Бу вақтда эса парижликлар клубининг яна бир юлдузи Килиан  Мбаппе ўринбосарлар жамоаси билан шуғулланмоқда. 

Мбаппе ўтган ой охирида Осиё турнеси учун қайдномага киритилмаганди, энди эса «ПСЖ»нинг трансферга қўйилган футболчилари (Дракслек, Паредес, Вейналдум ва бошқалар) билан машғулотларда қатнашмоқда. Форвард 1-турда «Лорян»га қарши (12 август) ўйинда қатнашмаслиги деярли аниқ. Футболчи шундан кейин баёнот бериши кутилмоқда. Футболчи Парижда яна бир мавсум қолишни истайди, аммо у бир йилни футболсиз ўтказишини тасаввур қила олмайди. Қолаверса, кейинги йил ёзида нафақат Евро-2024, балки французлар мезбонлигидаги Олимпиада ҳам бўлиб ўтади. Мбаппеда олдиндаги мавсумда совринлар қўлга киритиш амбицияси ҳам бор. Парижда бўлмаса, бошқа жойда.

Бу вақтда эса Париж клуби сайтидан унинг сурати олиб ташланган.

«ПСЖ» Фати бўйича таклиф тайёрламоқда

«Барса»да Мессининг ўрнини эгаллаши кутилган Ансу Фати ҳам «ПСЖ»га кетиши мумкин. AS нашри хабарига кўра, парижликларнинг янги бош мураббийи Луис Энрике 20 ёшли ушбу футолчига ишонч билдирмоқда, у Испания миллий жамоаси бош мураббийи бўлганида ҳам унга имкон берганди.

Хави эса унга «Барселона» асосий таркибидан жой топиб бера олмаяпти ва унинг кетишига қарши эмас. Ўтган мавсумда Фати жамоа сафида 51 ўйинда қатнашган, аммо асосан захирадан ўйинга қўшилган. У 10 гол урган ва тўрт голга узатма берган.

Шунингдек, Ансунинг сотуви «Барса»га янги харидларга имкон бериши мумкин. AS нашри каталонияликлар уни сота олса, «Манчестер Сити» хавбеки Бернарду Силва ва «Вилярреал» ҳимоячиси Хуан Фойтни таркибга қўшиб олиши мумкинлигини қайд этган.

«Барселона» Франк Кессиени Саудия Арабистонига сотмоқда

«Ювентус» ҳақидаги хабарлар давом этмади ва энди «Ал-Аҳли» асосий вариантга айланди. Фабрицио Романонинг ёзишича, «Барса»нинг 26 ёшли ивуарлик ҳимоячиси ҳам Саудияга йўл олади. Клублар аллақачон сўнгги ҳужжатларни имзолашган, тез орада эса тиббий кўрик ўтказилади. Сўнгги хабарларга кўра, трансфер учун 15 млн евро тўланади, футболчининг ўзи билан уч йиллик шартнома имзоланади.

Дарвоқе, «Ал-Аҳли» бу билан чекланмайди. Романонинг хабарига кўра, клубнинг Европа топ-лигасидан келадиган навбатдаги футболчиси Рожер Ибанес бўлиши мумкин. «Рома»нинг 24 ёшли ҳимоячиси Кессие каби Парижда тиббий кўрикдан ўтади. Аммо бу ҳолатда клублар ҳали трансфер баҳосини келишиб олгани йўқ. Foot Mercato манбаси аниқлик киритишича, «Ал-Аҳли» римликларга 28 млн евро таклиф қилган. Футболчининг ўзи билан эса келишиб қўйилган.

«Челси» «Кристал Пэлас» вингерига 30 млн фунт таклиф қилмоқда

Тодда Боули харажат қилишдан зерикмаяпти. RMC Sport хабарига кўра, «Челси» Лондондаги қўшниларига 21 ёшли француз вингери Майкл Олисе бўйича яхшигина шартнома юборган. Футболчининг ўзи билан эса оғзаки келишувга эришилган, энди «Пэлас»ни кўндириш қолган. Ягона муаммо — Олисе ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида бел соҳасидан олган жароҳат эди, «Челси» бу билан шуғулланмоқчи.

«Челси» «Лидс» таянч яримҳимоячиси Тайлер Адамс трансферига ҳам қизиқмоқда. Фабрицио Романонинг ёзишича, клуб вакиллари 24 ёшли америкаликнинг вакиллари билан учрашиб, у қанча маош сўрашига аниқлик киритиб олишган. Шу билан бирга, Адамснинг келиши «Челси»нинг Мойсес Кайседо билан боғлиқ режаларига таъсир кўрсатмайди. Параллел равишда «Брайтон» билан ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Ўхшамаётган трансферлар

«Тоттенҳэм» «Бавария»нинг Кейн бўйича «ёғли» таклифини ҳам рад этди

Бу ёзнинг яна бир интригаси — Ҳарри Кейн фаолиятини қаерда давом эттиради? «Бавария» таклиф ортидан таклиф юбораётган бўлса-да, у ҳозирча «Тоттенҳэм» футболчиси бўлиб қолмоқда. 30 ёшли ҳужумчи учун юборилган 100 млн евро (ва 20 млн евро бонус) миқдоридаги таклиф ҳам лондонликлар клуби хўжайинларига маъқул келмади ва Дэниел Леви рад жавобини берди.

Sky Sports хабарига кўра, лондонликлар «Бавария» таклиф этаётган маблағдан 25 миллион фунт кўпроқ сўрамоқда.

The Athletic маълумотига кўра, «Тоттенҳэм» ҳамон ҳужумчи билан шартномани узайтиришга умид қилмоқда. Унинг ҳозирги шартномаси муддати кейинги йил ёзида тугайди.

Ўз навбатида, Фабрицио Романо мюнхенликлар раҳбарлари яқин вақтлар ичида жамоа бош мураббийи Томас Тухел билан учрашиб, келгусида нима қилиш бўйича бир қарорга келади. Вариант иккита: ёки янги таклиф берилади, ёки англиялик ҳужумчи трансферидан бутунлай воз кечилади.

The Telegraph хабарига кўра, Ҳарри Кейн АПЛ стартигача «Бавария»га ўтмаса, кейин клубини тарк этмоқчи эмас. Шу сабабли ҳужумчи мюнхенликларга ҳафта якунига қадар «Тоттенҳэм» билан трансферни ҳал қилиб олиш учун муҳлат берди. «Тоттенҳэм» АПЛ 1-турида 13 август, якшанба куни «Брентфорд» меҳмони бўлади.

«Манчестер Сити» Бернарду Силвани қўйиб юбормайди

Афтидан, «ПСЖ» ва «Барселона»нинг умидлари чиппакка чиқди. Фабрицио Романо маълумотига кўра, «Сити» икки клубни ҳам ҳеч қандай шарт билан 28 ёшли португалиялик яримҳимоячиси трансфери бўйича музокараларга киришмайди. Қолаверса, Англия чемпионлари яқин вақтлар ичида Бернардуга янги шартнома таклиф этади ва клубдагилар бу таклиф қабул қилинишига ишончи комил. Унинг ҳозирги шартномаси муддати 2025 йил ёзигача амал қилади.

«Манчестер Сити» шу ёзда «Бавария»га ўтиши кутилган Кайл Уокерни ҳам таркибда сақлаб қолишга қарор қилди ва унга ҳам янги шартнома таклиф қилди.

Марко Верраттининг Саудия Арабистонига трансфери барбод бўлмоқда

Ушбу трансфер муқаррардек кўринаётганди, аммо бундай бўлиб чиқмади. Маттео Мореттонинг ёзишича, «Ал-Аҳли» «ПСЖ» билан трансфер суммаси бўйича келиша олмаган. Клубларнинг бу борадаги позицияси бир-бириникидан кескин фарқ қилган: французлар 30 ёшли яримҳимоячи учун 70–80 млн евро сўраган, саудияликлар фақат 30 млн евро таклиф қилмоқда. Музокаралар чўзилмоқда ва Верратти катта эҳтимол билан кейинги мавсумни ҳам ҳозирги жамоасида ўтказади. Ҳолбуки у «Ал-Аҳли» билан ўзаро шартнома шартларини келишиб олганди.

  •  
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар