09.01.2021 13:18
2435
Теглар
«Бухоро футболида ҳам ишлайдиган тизим яратишимиз керак». Вилоят ҳокими футбол масаласида йиғилиш ўтказди

8 январь куни Бухоро вилоят футбол ассоциациясининг конгресси бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов бошчилик қилди.

Ҳокимлик матбуот хизмати хабарига кўра, тадбирда Бухоро футбол ассоциацияси ижроқўм аъзолари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, Бухоро вилояти туман ва шаҳар футбол ассоциациялари мутасаддилари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, Ўзбекистон Про-лига ва Биринчи лига мусобақаларида иштирок этувчи вилоят футбол клублари, вилоят футбол маҳорат мактаби, болалар ва ўсмирлар футбол мактаби раҳбарлари ҳамда футбол фахрийлари қатнашишган. Кузатувчи сифатида Ўзбекистон футбол ассоциацияси делегати иштирок этган.

Конгресс кун тартибидан ўрин олган биринчи масалада Бухоро вилоят футбол ассоциацияси томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳисоботи эшитилди. Шу билан бирга вилоят футбол ассоциациясининг 2021 йилги бюджети тасдиқланди ҳамда вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти, қолаверса, Бухоро футбол ассоциацияси Ижроия қўмитаси аъзолари сайланган. 

Унга кўра, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов Бухоро вилоят футбол ассоциацияси президенти, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Алиев Бухоро вилоят футбол ассоциацияси вице-президенти, Фаррух Ҳамроев Бухоро вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти этиб тасдиқланди.

Тадбирда сўз олган вилоят раҳбари «Бухоро» клуби 2020 йилги Суперлига баҳсларида омади келмаган бўлса-да, жамоада янгидан-янги истеъдодли ўйинчилар кашф этилаётгани, бухоролик футболчилар мамлакатимизнинг турли ёшдаги миллий жамоаларида тўп сураётганлигини айтиб, клубда ўзгаришлар қилинганини таъкидлаб ўтди.

«Мана, яқинда клубда ўзгартиришлар қилдик. Мураббийлар штабини янгиладик. Кўрамиз, улар қандай натижа кўрсатишаркан? Биз барча соҳаларда бўлгани каби футболда ҳам ишлайдиган тизим барпо этишимиз керак», - дейди Ботир Зарипов.

Конгрессда сўз олган Ўзбекистон футбол ассоциацияси вице-президенти Шоакрам Исроилов Бухоро футболининг ўзига хос тарихи борлигини, унинг ана шу тарихий анъаналарини қайта тиклаш зарурлигини айтиб ўтган. 

«Шу куни йиғилишда Бухоро шаҳри ва туманларидаги маҳаллаларда спорт майдончаларини ташкил этиш, ёпиқ спорт мажмуаларидан самарали фойдаланиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Бу борада вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Шаҳриёровнинг ахбороти эшитилди. Ботир Зарипов ахборотда қайд этилган камчиликларнинг қисқа муддатда бартараф этиш юзасидан шаҳар ва туманлар ҳокимлари, тегишли мутасаддиларга топшириқ берди», - дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Маълумот учун, «Бухоро» клуби 2020 йил якунларига кўра Суперлигадан Про лигага тушгач, амалдаги раҳбарият ва мураббийлар штаби истеъфога чиқарилиб, 5 январь куни Даврон Файзиев клуб бош мураббийи сифатида фаолият бошлаганди. Мураббий олдига вилоят ҳокими ва ҳомийлар томонидан Суперлигага чиқиш вазифаси қўйилган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар