06.01.2021 18:58
5613
Италияда грандлар тўқнашуви, Англияда дерби ва «Барселона»да навбатдаги синов. Кун ўйинлари анонси

Бугун Европада учта катта ўйин бўлиб ўтади. Италияда азалий рақиблар –«Милан» ва «Ювентус» чемпионлик пойгасидаги устунлик учун майдонга тушишса, «Олд Траффорд»да Манчестернинг икки клуби Лига кубоги финали учун саф тортишади. Финалда ғолибни Жозе Моуриньо кутиб турибди. Испанияда эса «Барселона» ўз муаммоларини ечиш билан банд ва бу сафар Куман шогирдларини навбатдаги класико қарши олади. Қизиғи, учала ўйин ҳам деярли бир вақтга белгиланган. Таъбга қараб мазмун жиҳатидан анча фарқли бўлган ўйинлардан бирини танлаш мумкин бўлади. Муҳими, бугунги футбол кечасини уйқу билан ўтказиб юбормасангиз кифоя.

МИЛАН – ЮВЕНТУС (00:45)

Қарийб ўн йилдан буён биринчи марта А Сериянинг энг совриндор бу икки жамоаси ўртасидаги учрашув турнир жадвали учун ҳам ҳал қилувчи шартларда бўлиб ўтади. «Ювентус» Конте қўл остида яна топ-клуб сифатида қайтишидан олдин «Милан» охирги чемпион ҳисобланарди, кейинги – 2011/12 йиллар мавсумида миланликлар 2-ўринни қўлга киритишди. Шу-шу Турин клуби чемпионликни нишонлаб келади, кейинги йилларда гоҳ «Наполи», гоҳ «Рома», гоҳ «Интер» «Ювентус»га рақобат қилди, сўнгги йилларда биринчи марта бу мақомда «Милан»ни кўриб турибмиз.

Бугун «Милан» фаворит ҳам. Пиоли шогирдлари кучли бешликда ҳали мағлубият нималигини билмаётган ягона жамоа бўлиб турибди. Жамоа 15 ўйиндан 37 очко тўплаган ҳолда «Ювентус»дан 10 очкога илгарилаб кетган. Айтиш мумкинки, агар бу ўйинда ҳам «Милан» мағлубиятсиз сериясини давом эттирса, «Ювентус»га пойгага қайтиш қийинлашиб кетади. Зеро, чемпионлик учун нафақат «Интер» ҳам курашмоқда. Бу ўйин бошлангунча, «Интер» «Сампдория»га қарши сафар ўйинида ғалаба қозониб, турнир жадвалида вақтинча карвонбоши бўлиб олиши ҳам мумкин. Шу ҳолатнинг ўзи ҳам мезбонларга қўшимча босим юклайди.

Миланликлар сафида ҳали ҳам Златан Ибраҳимович сафга қайтгани йўқ. Унинг тикланиши январ ойи бошларига мўлжалланганди, аммо у бу ўйинга ҳам тайёр эмаслиги маълум бўлди. Бошида жамоа Златансиз қийналган, кутилмаганда икки марта дуранг қайд этган бўлса-да, сўнгги ўйинларда усиз ҳам натижа кўрсатишни эплай бошлади. Аммо айнан топ-ўйинларда Ибраҳимовичнинг ўрни билинади. «Наполи», «Интер» ва «Рома» – Италияда ҳозирда пешқадамлик қилиб турган топ-жамоалар, швециялик ҳужумчи уларнинг ҳар бирига иккитадан гол уришни уддалаган. Златаннинг голларисиз «Ювентус»га қарши осон бўлмайди. Шунингдек, «Беневенто»га қарши ўйинда Сандро Тонали қизил карточка олган ва дисквалификация туфайли у ҳам майдонга туша олмайди. Шунингдек, асосий таркибнинг яна икки футболчиси - Ребич ва Крунич коронавирусга чалингани туфайли бу ўйинда қатнашмайди.

«Ювентус»да муаммолар каттароқ. Биринчидан, Алваро Мората бир неча ҳафтага сафдан чиққан. Бундан ташқари, жамоа қанот ўйинчилари Алекс Сандро ва Куардадода коронавирус аниқланган. Натижада жамоа таркибида текширувлар амалга оширилмоқда. Бу эса клубнинг Миланга сафарини кечиктирган. Албатта учрашув қолдирилиш эҳтимоли деярли йўқ, бундай сценарий кейинроқ ҳам муаммо туғдиришини кўрганмиз. «Наполи»даги вазият туфайли аввалига «Ювентус»га ғалаба ёзилган, кейин эса, суд орқали бу натижа бекор қилинганди.

Тахминий таркиблар
МИЛАН
– Донарумма, Калабрия, Кьер, Романьоли, Эрнандес, Диаз, Кессие, Кастиллехо, Чолхонўғли, Ҳауге, Леау;
ЮВЕНТУС
- Шчесни, Бонуччи, Де Лигт, Кьеллини, Данило, Кьеза, Бентанкур, Маккени, Рэмзи, Дибала, Роналду.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – МАНЧЕСТЕР СИТИ (00:45)

Англия Лига кубоги қуръаси футбол мухлисларига Манчестер дербисидан яна бир бор баҳра олишлари учун имконият яратди. Тўғри, чемпионат доирасида ўтказилган охирги дерби у қадар баҳра берадиган бўлмаган, жуда кўп мухлис ва мутахассисларнинг ҳафсаласини пир қилганди. Аммо бу сафар бошқача бўлиши табиий. Биринчидан, аввалги сафардан фарқли равишда ҳар икки жамоа АПЛдаги вазиятни ўнглаб, босимни камайтирди, ҳозирда бу икки клуб йўқотилган очколар камлиги бўйича турнирнинг энг яхши икки жамоалари бўлиб турибди.

Иккинчидан, жамоаларнинг спорт формаси ҳам бир-бирига қўшимча устунлик бермайди. «Юнайтед» сўнгги ўйинини «Сити»дан икки кун олдин якунлаган, яъни қўшимча тикланиш вақтига эга бўлди. Аммо «Эвертон»га қарши ўйин қолдирилгани туфайли Пеп Гвардиола жамоаси ҳам «Челси»га қарши ўйиндан олдин 8 кунлик дам олиш имконига эга бўлганди. «МЮ» эса  бир ойдан бери ҳар уч кунда бир ўйин режимида ўйнаб келмоқда. Хуллас, ҳар икки жамоада ҳам ўзига яраша устунлик ва ўзига яраша муаммолар бор.

Жамоалар ўтган мавсумда ҳам худди шу босқичда дуч келишганди. «Олд Траффорд»да меҳмонлар 3:1 ҳисобида устун келишган, жавоб ўйинида эса «Юнайтед»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси финал учун етарли бўлмаган. Умуман, «Сити» Лига кубогининг охирги уч мавсумидаги ғолиби ҳисобланади. Бу турнирдаги сўнгги муваффақиятсизлик 2016/17 йиллар мавсумида рўй берган, ўшанда «Юнайтед» илк босқичларда ҳамшаҳарларини курашдан чиқариб юбориб, якунда турнир ғолиби бўлганди. Пандемия туфайли тақвим тиғизлигини ҳисобга олиб, бу сафар Лига кубогига ўзгариш киритилди ва яримфинал ҳам аввалги босқичлар каби бир ўйиндан иборат бўлади. Демак, ҳаммаси бугун ҳал қилинади.

Сульшер ҳам ўсиб бораётган жамоа учун ҳар қандай соврин катта ёрдам бўлишини таъкидлаб, жиддий қарашини айтиб ўтди. Шу билан бирга, Лингард, Донни ван Де Бек каби асосий таркибга кира олмаётган футболчилар учун ҳам имконият бериши мумкинлигини яширмади.

Ротация бўйича Сульшерда муаммо йўқ, жароҳатланган футболчилар ҳам қолмаган. Каванининг дисквалификациясини айтмаса, унинг ихтиёрида футболчилар кўп. «Манчестер Сити»да эса, аксинча, Жезус, Эдерсон, Торрес ва Уолкерда вирус аниқлангани расман айтилганди, шунингдек , Лапорт, Аке ва Гарсиянинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида. Лига кубогида жамоалар 20 футболчини рўйхатга киритиши ва 5 марта ўйинчи алмаштириш имконига эга эканини эътиборга олсак, ўйин давомида ўзгартиришлар киритиш учун Сульшерда имконият кўпроқ бўлади.

Тахминий таркиблар
МЮ
– Ҳендерсон, Биссака, Байи, Магуайр, Шоу, Фред, Мактомини, Ван де Бек, Фернандеш, Гринвуд, Марсиял.
МАНЧЕСТЕР СИТИ – Стеффан, Конселу, Диаш, Стоунз, Менди, Гундоган, Фернандиньо, Фоден, Де Брюйне, Маҳрез, Стерлинг.

АТЛЕТИК – БАРСЕЛОНА (01:00)

Испанияда уч жамоа - «Реал», «Барселона» ва «Атлетик» тарих давомида юқори лигани тарк этмаган. Шу туфайли бу уч жамоанинг ўзаро ўйинлари журналистлар томонидан «Класико» деб аталади. Яъни «Эл Класико» деганда доим ҳам «Реал» ва «Барса» ўртасидаги тўқнашувни тушунмаслик керак.

«Атлетик» ҳар доимги «Атлетик» режимида мавсумни давом эттирмоқда – 17 ўйиндан сўнг 21 очко ва 9-ўрин. Аммо агар бу учрашувга «Барселона»даги вазият ракурсида қарасак, жуда аҳамиятли курашга айланади. «Барселона» тарихидаги энг ёмон стартлардан бирини ўтказмоқда, жамоа 16 ўйиннинг ярмида ғалаба қозона олмади, пешқадам «Атлетико»дан бир ўйин кўп ўтказган ҳолда 10 очко ортда боришяпти. Месси бугунгача ўйиндан атиги 2 гол урди, бу айниқса, ёзда «Барселона»га керак бўлмай қолган, энди эса тўпурарлар руйхатини бошқариб, «Атлетико»ни чемпионлик сари етаклаётган Луис Суарес фонида рўй бераётгани Роналд Куманга эътирозларни кўпайтиряпти. Эндиги рақиб эса «Атлетик». Ўта ноқулай рақиб. Бу ўйинда ҳам очко йўқотилса, жамоанинг энг ашаддий фанатлари ҳам чемпионликка ишонмай қўйишса керак. Куман эса, бу ҳақида фикрини билдириб бўлди, унинг чемпионлик пойгасидан чиқиб кетишгани ҳақидаги фикрлари кўпчиликнинг ғазаблантирди ҳам.

Январ ойида каталонияликлар қаторасига уч Ла Лига ўйинини сафарда ўтказади. Бильбаодан сўнг шанба куни «Гранада» сафари, икки ҳафталик танаффусдан (суперкубок ўйинлари бўлиб ўтади) кейин эса «Эльче» меҳмони бўладилар. Куман «Камп Ноу»даги ишончни сақлаб қолиш учун бу ўйинларни йўқотишсиз ўтказиши шарт. 

«Барселона» Бильбаода сўнгги уч ўйинда ғалаба қозониш тугул, гол ҳам ура олмаган. Сўнгги икки ўйинда мезбонлар бир хил – 1:0 ҳисобида устун келишган. Февралда бўлиб ўтган кубок учрашувида «Атлетик» Иньаки Уильямснинг сўнгги дақиқалардаги голи эвазига рақибини турнирдан чиқариб юборганди.   

Тахминий таркиблар
АТЛЕТИК
– Симон, Маркос, Нуньес, Мартинес, Берчиче, Венкедор, Весга, Муниаин, Уильямс, Гарсия, Вильялибре;
БАРСЕЛОНА – Штеген, Дест, Араухо, Лангле, Альба, Йонг, Пьянич, Педри, Месси, Дембеле, Гризманн.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар