28.12.2020 20:44
18276
«Барселона»дан кетиши, алдангани ва 8:2 ҳақида. Месси катта интервью берди

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси янги йил таътилига кетиш олдидан La Sexta нашрига катта интервью берди. Футболчи суҳбат давомида кўплаб мавзуларда мухлисларни иккилантираётган саволларга очиқ жавоб берган.

«Барселона» ҳақида

– Доим айтганман: «Барселона» – менинг ҳаётим. Бу ерда 13 ёшимдан буён яшайман, футбол ўйнайман. Барселонада ватаним Аргентинадан кўпроқ вақтим ўтган. Клуб мен учун ҳамма нарса берди. Мени футболчи ва инсон сифатида тарбиялади, шу сабаб «Барселона» учун боримни беришга тайёрман. Мен ва Барселонани муҳаббат боғлаб туради. Ахир менинг болаларим ҳам шу ерда туғилган. Клуб билан муҳаббатимизга ҳеч нарса дахл қилмаслиги керак.

Ўтган ёз мен учун жуда ёмон келди. Тўғриси, доим ёзда хафа бўламан, чунки мавсум тугайди. Ўтган йил нима бўлса бўлди. Содир бўлган воқеалар менга, жисмоний ҳолатимга, ўйинимга салбий таъсир қилди. Ҳозир эса ҳаммаси жойида, ўзимни яхши ҳис қиляпман ва совринлар учун курашишга тайёрман.

Албатта, спорт муаммолари сабаб йиғлаганим йўқ, лекин жуда қийналдим. Айнан спорт билан боғлиқ муаммолар мени қийнади ва мавсум аввалида жуда ёмон ҳолатда эдим.

Бартомеу ёмон гаплар тарқатгани ҳақида

– У мени кўп масалада алдаган. Тўғриси, жуда кўп нарсаларда. Айнан нималар бўлганини айтолмайман, чунки клубдаги гапларни ташқарига чиқариш ниятим йўқ. У кўп нарсалар ваъда қилиб, бажармади, узоқ йиллар мени алдаб келди. Раҳбарият Луис Суарес билан қилган ишидан ҳайратга тушдим. Улар Суаресни асосий рақобатчиларимиздан бирига бепул бериб юборишди. Суарес кетганини қабул қилишнинг ўзи оғир, лекин унинг қандай кетгани... Бу жуда ёмон бўлди.

Бартомеу мени ёмон инсон деб кўрсатиш учун ҳар хил миш-мишлар тарқатган (Бартомеу бу учун махсус пиар жамоаси шакллантириб, уларга пул тўлаган). Мен ундан шунчаки кетишимда ёрдам беришини, мени тушунишини сўрадим. У эса фақат «Йўқ, йўқ, йўқ», дерди.

Янги президент ким бўлишини билмайман, номзодлардан ҳеч бири менга қўнғироқ қилгани ҳам йўқ. Мен сайловларда овоз бермасам ҳам керак. Ким келса ҳам, клуб оғир ҳолатда, «Барселона»ни юқори ўринларга қайтариш учун ишлаш керак. Клуб молиявий қийин ҳолатда, янги футболчиларни жалб қилиш учун пул йўқ. Аввало молиявий ҳолатни яхшилаш керак.

«Бавария»га қарши ўйинда 2:8 ҳисобидаги мағлубият ҳақида

– Мен кўп мағлуб бўлганман, лекин ўша куни жуда оғир бўлди. Чунки жуда ёмон тарзда мағлуб бўлгандик. Оғир ўйин, умуман, биз учун оғир йил бўлди. Мағлуб бўлишимизни тушуниш мумкин, лекин бунақа енгилмаслик керак.

Неймар ва Суарес билан умумий чат ҳақида

– Ҳа, чатимиз бор. Неймар бирга ўйнаймиз, демади, яна бирга ўйнашни хоҳлардим, деди, тўғрими? Неймар ҳақидаги миш-мишларни эшитиб, кулиб қўйдим, чунки бўлиб ўтган ишлардан кейин мантиқан қарасак, унинг нархи жуда баланд бўлиши керак.

Гризманн ҳақида

– У билан муносабатларимиз жуда яхши. Биз кийиниш хонасида ёки ўйиндан кейин бирга мате (парагвайча чой) ичамиз. Унинг «Барселона»га келишини хоҳламаганимни айтишади, лекин бу нотўғри. Орамизда ҳеч қандай муаммо йўқ.

Руҳшуносга бормаслиги ҳақида

– Хотиним доим руҳшуносга бор дейди, бу менга кераклигини ҳам биламан, лекин бормаганман. Мен барчасини ўз ичимда сақлайдиган одамман, ҳеч қачон қийналаётганимни билдирмайман. Руҳшунос қабули мен учун фойдали бўлишини биламан, лекин бормайман.

Марадонанинг ўлими ҳақида

– Бу ҳақда менга отам ёзиб қолди. Янгиликларни ёқиб, ҳаммасини билдим. Диего бетоблигини билсак-да, унинг ўлими кутилмаган бўлди. Бунга ишона олмадим. Уни эслаб кийган футболкамни «Ньюэллс»дан кимдир совға қилганди. Уни сақлаб қўйгандим ва кийиш вақти келганини англадим. Гол уришим кераклигини ҳис қилгандим. Гол эса умуман кутилмаганда содир бўлди. Ўлимим ҳақида ўйлайманми? Йўқ, бу ҳақда гапиришни ҳам истамайман.

Фаолиятидаги энг яхши мураббийлар

– Пеп ва Луис Энрике. Пепда ноодатий нимадир бор. У ҳеч ким кўрмайдиган нарсаларни кўришга ёрдам беради, ҳимоя ва ҳужумни жуда зўр тайёрлайди. Пеп ва Луис Энрике каби энг зўр мураббийлар билан ишлаш бахтига сазовор бўлганимдан хурсандман. Айнан улар сабаб мен футболни ва тактикани яхшироқ тушуна бошладим. Пеп билан ҳамон гаплашиб тураман, лекин унинг жамоасига ўтиш ҳақида эмас.

Куман жамоадаги вазиятга тўғри баҳо бериб, яхши ишлаяпти. Ҳозир жуда қийин вазият. Жамоада футболчи жуда кўп, бироқ вазият аста-секин яхшиланиб бормоқда.

Келажакдаги режалар ва АҚШда ўйнаш ҳақида

– Ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас. Мавсум якунланишини кутаман ва июнда бир қарорга келаман. Ҳозир фақат жамоа ҳақида, совринлар ютиш ҳақида ўйлаш, оддий нарсаларга чалғимаслик керак. Хави келса, қоламанми? Билмайман, мавсум тагасин кейин кўрамиз. Мен доим бошқа лигаларда ўйнаб кўришни орзу қилганман. Масалан, АҚШда. Балки бу амалга ошар ҳам, ҳозир бўлиши шарт эмас. Лекин «Атлетико» ва «Реал»га ўтмаслигим аниқ. Ҳозир бутун диққатим кейинги 6 ойдаги ўйинларга қаратилган.

Фаолиятимни тугатгач, мураббий бўлмасам керак, балки спорт директори бўларман. Менга ёқадиган ва клубга фойда келтирадиган футболчиларни чақириш қизиқарли иш. Қаерга кетсам ҳам яшаш учун Барселонада қоламан. Клубдан кетсам ҳам, бу чиройли тарзда содир бўлиши керак. Клубга доим қайта олишим ва буни муносиб тарзда амалга оширишим керак. «Барселона» ҳар қандай футболчидан катта, умид қиламан, у ғалабали юришига қайтади.

Янги йил тилаги

Барчани қийнаган бу оғир йил тезроқ тугасин ва келаси йил ҳаммаси яхши бўлсин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар