25.12.2020 16:43
8306
Вадим Абрамов: «Бунёдкор»дан кетсам, таркибнинг 90 фоизи тарқалиб кетади. Миллий жамоа учун футболчиларни ким тайёрлайди?» 

Бир ой аввал Ўзбекистон футбол ассоциациясида ўтган Ижроия қўмитанинг йиғилишида «Бунёдкор» клуби ҳамда Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамовнинг 2021 йилдан бошлаб фақат миллий жамоада фаолият олиб бориши ҳақида маълум қилинганди. Янги йил кириб келишидан бир ҳафта аввал Tribuna.uz мухбири Вадим Карленович билан суҳбатлашиб, мураббийнинг кейинги фаолияти билан қизиқди.

- Вадим Карленович, ЎФА қарори билан 2021 йилда «Бунёдкор»ни тарк этиб, фақат миллий жамоада ишлашингиз керак. Клубни тарк этдингизми?
- Йўқ, ҳали «Бунёдкор»дан кетганим йўқ. Аммо клубни тарк этишим кераклиги ҳақида ЎФА томонидан қарор қабул қилинган. Мени ҳеч ким клубдан истеъфога чиқаргани йўқ. Аммо режа бўйича клубни тарк этишим керак. Шундай экан, ҳозирча бу борада ҳеч қандай расмий янгилик йўқ.

- Ўзингиз клубда қолиб ишлашни хоҳлаяпсизми?
- Менимча, «Бунёдкор»да қолиб ишлашим миллий жамоа учун ҳам яхши бўлади. Буни анчадан буён такрорлаб келаман. Ҳозирда футболимизда юз бераётган ўзгаришлар туфайли ҳам клубда қолишим миллий жамоамиз учун фойдалироқ. Кўраяпсиз, Арвеладзе «Пахтакор»дан кетди ва март ойида миллий жамоамизнинг муҳим ўйинлари борлиги сабабли футболчиларнинг қандай ҳолатда бўлиши мени ташвишлантиради. Ахир, клубнинг 80 фоиз футболчиси миллий жамоа аъзоси саналади. Улар расмий ўйинларимиз бошлагунга қадар қандай ҳолатда бўлишади, уларни ким бошқаради? Қолаверса, «Пахтакор» Осиё Чемпионлар лигаси ўйинларини Ўзбекистон миллий жамоасининг расмий ўйинларидан кейин ўтказади. Бу ўйлантирадиган масала.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, мен ҳам «Бунёдкор»дан кетсам муҳим ўйинлар олдидан Ўзбекистон миллий жамоаси футболчиларини ким тайёрлаб боради? Март ойида футболчиларни миллий жамоа йиғинига чақириб, 3 кун ичида қандай тайёрлайман? Ахир, мен ҳам сеҳргар эмасман. Қандай йўл тутишим керак?

«Бунёдкор»нинг аксарият футболчиларига таклифлар тушмоқда. Биласизми, ҳозир клубдан кетишимни эълон қилсам, жамоанинг қарийб 90 фоизи бошқа клубларга тарқалиб кетади. Кейин эса кимлардир «Абрамов кетишидан олдин ҳамма футболчиларни сотиб кетди», деб айтади. Ҳамманинг ҳам фикрини изоҳлай олмайман, мени ишим кимнидир қаёққадир сотиш эмас, вазифам жамоага мураббийлик қилиш. Кимдир клубдан кетса, уни Абрамов сотган ҳисобланмайди. Аслида журналистлар сотишяпти уларни... Футболчиларнинг ўзидан сўраш керак, уларни аслида ким сотаётганлигини. Ўзлари айтишсин бошқа клубга ким сотаётганлигини. Очиғи, шу масала жаҳлимни чиқаради. 

Ҳозирги вазифам «Бунёдкор» футболчиларини бошқа клубларга тарқалиб кетишдан сақлаб қолишдир. Менку миллий жамоа манфаати учун ҳам клубда қолишни истайман, аммо ҳаммада шундай қараш вужудга келдики, фақат клубда ишлашим шартдек. Бундай қараш қандай юзага келтирилгани ва буни ким қилганини сиз ҳам яхши биласиз. Улар ўйлашяптики, бу футболимиз учун тўғри бўлади. Улар ҳамма нарсани билишади. Нима ҳам қилардим. Вазият ҳозирча шунақа. Клубдаги фаолиятим борасида эртага, 26 декабрь шанба кунги ЎФА конгрессидан кейин аниқ бир фикр билдиришим мумкин, - дейди Вадим Абрамов Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар