24.12.2020 22:51
12054
«Шартнома узайтирилгани йўқ». Рўзиқул Бердиев Ислом Кенжабоев ва жамоани тарк этиши мумкин бўлган 7 футболчи ҳақида

Қаршининг «Насаф» клуби 2020 йилги мавсумни кутилганидан яхшироқ ўтказиб, Суперлигада кумуш медалларига эга чиққан бўлса, Ўзбекистон кубоги баҳсларида яримфиналга қадар етиб борди. Муваффақиятли ўтган мавсумдан кейин жамоани аксарият етакчи футболчилар тарк этиши кутилмоқда.

Клуб бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг Tribuna.uz сайти мухбирига маълум қилишича, шартномаси якунига етган футболчилардан Ислом Кенжабоевнинг Қарши клубини тарк этиши ойдинлашган.

«Ислом Кенжабоевнинг жамоамиз билан шартномаси шу йилнинг сўнгига қадар имзоланган эди. Мавсум якунланганидан кейин у олдида Жанубий Корея клубидан таклиф борлиги ва ўзини хорижда синамоқчи эканлиги ҳақида менга айтганди. Эртага, 25 декабрь куни Ислом жамоамизни никоҳ оқшомига таклиф қилган. Унинг кейинги фаолияти ва ҳаётига омад ва бахт тилаб қоламан», - дейди «Насаф» бош мураббийи.

Ислом Кенжабоевдан ташқари, «Насаф» асосий таркибининг яна 7 нафар футболчиси билан имзоланган шартномаларнинг муддати якунига етган. Жумладан, ҳужумчи Бобур Абдухолиқов, яримҳимоячи Шароф Муҳитдинов, Марко Станоевич, Дилшод Раҳматуллаев, Жавоҳир Эсонқулов, ҳимоячилар Дилшод Саитов ва жамоа сардори Умар Эшмуродов сингари футболчилар билан амалдаги келишув яна бир ҳафтадан кейин, 31 декабрь куни ўз кучини тўлиқ йўқотади ва улар эркин агентга айланишади. Маълум қилинишича, шартномаси якунига етган футболчилар билан ҳали ҳам янги шартнома имзолангани йўқ.

«Ҳа, бир қатор футболчиларимизнинг амалдаги шартномаси жорий мавсум якунида ниҳоясига етади. Улар билан ҳали шартномани узайтира олганимиз йўқ. Таркибда қандай ўзгаришлар бўлиши ҳақида ҳозирча гапириш қийин», - дейди Рўзиқул Саъдуллаевич Tribuna.uz сайтига.

Маълумот учун, Рўзиқул Бердиев Ўзбекистон профессионал футбол лигаси томонидан «Суперлиганинг 2020 йилдаги энг яхши мураббийи» номинациясида Шота Арвеладзе ва Миржалол Қосимов билан бирга уч номзоддан бири бўлиб турибди. Ғолиб номи йил якунида эълон қилинади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар