02.12.2020 01:22
5200
Теглар
Янги тарихини ёзаётган «Турон». Фарғонадаги воқеаларга бой тўқнашувдан фотогалерея

Про лига сўнгги турининг энг охирги учрашуви «Нефтчи» ҳамда «Турон» ўртасида ўтказилиб, турнирнинг энг муҳим қарама-қаршилигида Фарғонанинг узоқ тарихга эга жамоаси янги тарихини ёзаётган клубга имониятни бой берди. «Олтин ўйин» кутилганидан-да қарама-қаршиликларга бой ўтиб, якунда «Турон» қисқа тарихида илк марта Суперлигага йўлланма олди.

Учрашув олдидан Фарғонадаги «Истиқлол» ўйингоҳида Про лига ўйини эмас, худди финалдагидек байрамона муҳит ҳукмрон эди. Ўйин ОАВда кенг ёритилган, минглаб томошабинлар трибуналардан жой олган, ПФЛ ва Фарғона вилояти раҳбарияти стадионга ташриф буюрган, ТВ қаршисида эса минглаб мухлисларни йиға олган қарама-қаршилик эди бу.

«Фарғона дербиси» ўз номига яраша ўтди. Майдоннинг ҳар бир қаричи учун футболчилар тўқнашуви, пенальти, 11 метрлик жарима зарбасининг қайтарилиши, захирадан майдонга тушган Асилбек Қаюмовнинг ғалаба голи, 90-дақиқада эса тажрибали Мансур Саидовнинг хавфли ҳужумидан кейин тўпнинг қўлга тегиб, ҳакамнинг пенальтига асос йўқ дейиши ва ҳуштакдан кейин меҳмонларнинг тарихий ғалабадан кейинги қувончли онлари...

Афсуски, «олтин» учрашувнинг энг эсда қоларли воқеаси ҳакам ҳуштагидан кейин юз берди. Суперлига йўлланмасини қўлдан чиқарган аламзада «Нефтчи» футболчилари бош ҳакам ва унинг ёрдамчилари билан ўйин якунланганидан ўзаро орани очиқ қилишга киришишди. Мезбон клуб вакилларига қўшилиб, маҳаллий мухлислар ҳам трибунадан майдонга тушиб, ҳакамларга ташланишди. Мухлислар ва клуб вакиллари муштларидан қочаётган бош ҳакам Шавкат Насибуллаевни «Нефтчи» футболчиси каратэ услубида сакраб тепгани лавҳалари бутун дунёни айланиб, шов-шув кўтариш улгурди. Ўйин якунидаги ушбу хунук манзара ПФЛ раҳбарияти ва Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров қаршисида рўй берганини инобатга олсак, айбдорларнинг жиддий жазога тортилишини кутса бўлади.

Тартибсизлик тинчигач, Про лигадан Суперлигага ҳақли равишда йўлланма олган «Турон» клуби ўзи муносиб бўлган совринни боши узра кўтариб, олтин медалларга эга чиқди. Фарғонадаги финалга тенг тарихий учрашувдан Tribuna.uz фотомухбири тайёрлаган фотогалереяни томоша қилиб, ўйин тафтини ҳис этинг.

Суратлар муаллифи - Муҳаммаджон Ғаниев

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар