21.11.2020 14:42
4839
ЎФА Ҳакамлар қўмитаси бошлиғи ишдан олинди. ПФЛ ходими янги раҳбар этиб тайинланган

Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошидаги Ҳакамлар қўмитаси раиси Арслон Ҳотамов лавозимидан озод қилинган.

Tribuna.uz сайти манбасининг хабар беришича, Ўзбекистон миллий чемпионатларида фаолият олиб бораётган бир неча нафар ҳакамлар коррупцияга гумонланиб, сўроқ қилиниши ортидан Ҳакамлар департаменти раҳбари Арслон Ҳотамов ишдан олинган. 58 ёшли ушбу собиқ бош ҳакам бир неча ой олдин Бекзод Арипов ўрнига Ҳакамлар департаменти раҳбари сифатида иш бошлаганди.

Ҳотамовнинг ўрнига бунгача Ўзбекистон профессионал футбол лигасида «Клубларни лицензиялаш ва ривожлантириш бўлими»да мутахассис, шунингдек Суперлига ва Про лига ўйинларида комиссар сифатида фаолият юритган Эркин Бахтиёров ЎФА қошидаги Ҳакамлар департаменти бошлиғи сифатида тайинланган. Текширувлар якунига етгач, бу ҳақда тўлиқ маълумот берилиши кутилаяпти. 

Аввалроқ, Ўзбекистон Суперлигаси учрашувларида фаолият олиб бораётган бир қатор бош ҳакамлар Суперлига ўйинлари натижасига атайин таъсир кўрсатиш, учрашув олдидан клуб вакиллари билан алоқага чиқиб, ўйинда жамоага ёрдам бериш масаласида келишиш, пора олиш каби қинғир ишларга қўл уришда гумон қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.

Маълумот учун, Профессионал футбол лигаси томонидан ўтказиладиган миллий чемпионат ва кубок ўйинларига Ўзбекистон футбол ассоциацияси қошидаги Ҳакамлар департаменти томонидан ҳакам ва назоратчилар тайинланади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар