Англияда Моуриньо – Гвардиола, Испанияда «Атлетико» - «Барса», Италияда пешқадамлар тўқнашуви. Ҳафта ўйинлари анонси

Ниҳоят баҳоргача миллий жамоа йиғинлари ўтказилмайди, демак баъзи танаффусларни айтмаганда, биз ўша пайтгача клублар футболидан баҳра оламиз. Агар чемпионатлар кечроқ бошлангани туфайли, тақвимлар тиғизлигини ҳам инобатга олсак, Европада ўзига хос «боксинг дэй» бошланмоқда. Айниқса, топ клублар декабрь ойида ҳар уч кунда майдонга тушадилар. Дастлабки кунлардан эса, бизни бир қатор қизиқарли учрашувлар кутиб турибди. «Пичоққа илинадиган»лари билан танишинг.

ВИЛЬЯРРЕАЛ – РЕАЛ МАДРИД (21 ноябрь, 20:15)

Мадридликлар мавсумни у қадар ишончли бошлашмади. Турнир жадвалида «Реал» йўқотилган очколар бўйича 3-ўринда бўлса-да, сўнгги ўйинда Валенсиядаги йирик мағлубият ҳамда яқин тақвимда жамоани бир қатор оғир учрашувлар кутиб тургани Зиданнинг вазифасини янада оғирлаштиради. «Реал» кейинги 25 кун ичида 8 учрашувда майдонга тушади. Бу тўқнашувларда «Реал» ЕЧЛ даги оғир аҳволини ўнглаши, шунингдек, «Вильярреал», «Севилья», «Атлетико» ва «Атлетик» каби жамоаларга қарши майдонга тушиши керак. Мана шу масъулиятли ойда Мадрид клубининг муҳим турнирлардаги имкониятлари юзага чиқади.

«Вильярреал» мана шу синовларнинг дастлабкиси. Эмери жамоаси ёзда бир қатор эътиборли харидлар билан кучайди. Мавсум бошида «Барселона»дан мағлуб бўлгач, барча мусобақалардаги кейинги 10 учрашувни мағлубиятсиз ўтказиб, 8тасида ғалаба қозонди. Бундан ташқари, «Вильярреал» айниқса, уй учрашувларида «Реал» учун жуда ноқулай рақиб эканини ҳам эътироф этиш керак. Мадридликлар «Эстадио де ла Керамика»да охирги 5 ўйиннинг атиги 1 тасида ғалаба қозонишган, охирги уч ўйин бир хил – 2:2 ҳисобида якунига етган.

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, меҳмонларда йўқотишлар анча кўп. Марказий ҳимоя эндигина изга тушган пайтда, Рамос ҳам, Варан ҳам миллий жамоа сафидаги ўйинларда жароҳат олишди ва биринчи таймда алмаштирилишди. Жароҳатларнинг қай даражада жиддийлиги маълум эмас, аммо бу ўйинда Рамос иштирок этмаслиги аниқ, Вараннинг эса тайёр бўлиш эҳтимоли жуда паст. Шунингдек, аввалроқ Менди, Одриосола, яримҳимояда Васкес, Каземиро, Вальверде каби футболчилар ҳам жароҳат олишганди. Карим Бензема ҳам «Реал»га ёрдам бера олмайди. Мезбонлар сафида эса, Хайме Коста ва Хуан Фойтнинг ҳолати сўроқ остида, Алберто Морено эса, баҳоргача сафдан чиққан.

Ҳар икки клуб ҳам келаси ҳафтада еврокубокларда майдонга тушадилар. «Вильярреал» юз фоизлик натижа билан Европа лигаси гуруҳида пешқадамлик қилаётган бўлса, «Реал» юқорида айтилганидек, ЕЧЛ да анча масалани ҳал қилиши керак. Чоршанба куни Зидан шогирдларини «Интер» кутиб турибди.

ТОТТЕНҲЭМ – МАНЧЕСТЕР СИТИ (21 ноябрь, 22:30)

Жозе Пепга қарши. Ўз вақтида бу баҳс нафақат маълум бир чемпионатнинг, балки бутун Европанинг асосий қарама-қаршилигига айланганди. Мураббийларнинг нафақат ютуқлари, балки футболга бўлган муносабати, характери ва ғоялари томонидан ҳам бу икки шахс гўёки икки қутбга айланганди. Ҳозирда Англияда Пепни кўпроқ Клопп билан қиёслашмоқда, аммо «Тоттенҳэм»нинг сўнгги пайтлардаги ишончли ўйинлари ва аксинча, «Манчестер Сити»даги баъзи муаммолар туфайли, бу ўйин ҳам жуда қизиқарли ва шиддатли ўтиши кутилади. Шу йилнинг февралида лондонликлар ғалаба қозонганликлари, одатий равишда Моуриньонинг иккинчи мавсумлари анча муваффақиятли кечишини ҳам инобатга олсак, «Тоттенҳэм» томонига яна бир-икки танга ташланади. Умуман сўнгги икки йилни олсак, «Тоттенҳэм» ўтган мавсумда 4 очко олишга муваффақ бўлди, Чемпионлар Лигасида «шаҳарликлар»ни чиқариб юборди.

Лекин «Тоттенҳэм»нинг бугунги пешқадамлиги ҳам аслида бироз алдамчи бўлиши мумкин. Тан олиш керак, жамоа анча осон тақвимда ўйнади ҳамда Сон ва Кейннинг индивидуал маҳорати ҳам кўп жабҳада қўл келди. Кучсизроқ жамоаларда ушбу юлдузларни зарарсизлантириш учун етарлича малака етишмаган бўлса, кучли жамоалар буни эплашлари мумкин. «Тоттенҳэм»нинг яқин бир ойдаги учрашувлари – «Манчестер Сити», «Арсенал», «Челси», «Ливерпуль» ва «Лестер»га қарши кечади. Мана шу ўйинлар «Тоттенҳэм» ва Жозе амбицияларини белгилаб беради.

Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус оқибатлари «Тоттенҳэм»ни ҳам четлаб ўтмади. Мэтт Доэрти бир неча ҳафтага сафдан чиқди. Шунингдек, Ламела, Ндомбеле Бергвейнларнинг ҳам тайёр бўлишлари сўроқ остида. Аммо Сон ва Кейнда муаммо йўқ, асосийси шу. Меҳмонларда эса, Агуэро ҳам, унинг ўрнини босишга ҳаракат қилиб келган Стерлинг ҳам майдонга тушишлари сўроқ остида. Натан Аке келаси ойда тикланади. Бенжамин Менди ҳам ҳали тикланиб улгурмади, аммо Гвардиолада қанот ҳимоячилари «тиқилиб ётибди»

АТЛЕТИКО – БАРСЕЛОНА (22 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

Худдики, иложи бўлганда, «Барселона» шу йил футбол ўйнаб турмасликкаям рози бўладигандек туюлади. Раҳбарият сайлов ҳаракатлари-ю, футболчиларнинг маошларини қирқишни режалаштириш билан овора, Месси кетиш учун ёзни кутяпти, Куман ҳамон оптимал жамоасини тасаввур ҳам қила олмаяпти. Ягона ёрқин нуқта Ансу Фати ҳам афсуски, узоқ муддатга сафдан чиқди. Шу паллада, лиганинг энг барқарор клуби майдонига сафар қилиш айни муддао эмасди.

Ҳа, Симеоне жамоасини чемпионатнинг соядаги пешқадами дейиш мумкин. Агар қолдирилган ўйинларни ютса, «Атлетико» яккапешқадам, «Атлетико» лигада энг кам – атиги 2 маротаба гол ўтказиб юборган. «Атлетико» - ҳозирча Ла Лигада мағлубиятга учрамаган ягона жамоа. Фақатгина «Сосьедад» кўпроқ гол урган, аммо мадридликларнинг захирасида икки учрашув турибди. Хуллас, ҳозирча «Атлетико» пешқадамлар ичида энг барқарор, кучли ва чемпионлик учун асосий даъвогардек кўриняпти.

Лекин шунча гапни чиппакка чиқарадиган бир факт борки, биз доим бу тўқнашувларда эслашдан чарчамаймиз. «Атлетико» 11 йилдан бери Ла Лига доирасидаги учрашувларда «Барселона»ни мағлуб эта олмаяпти. Чемпионлар Лигасида ғалаба бўлган, Суперкубокда ҳам, эсингизда бўлса, айнан «Атлетико» Валверденинг истеъфосига сўнгги тошни қўйганди. Аммо айнан Ла Лига баҳсига келганда, ҳалигача «Атлетико» бу довонни ошиб ўта олгани йўқ.

Жароҳатларга тўхталсак, меҳмонларда Фатидан ташқари, Серхио Бускетс ҳам бир неча ҳафтага сафдан чиққанди. Мезбонларда эса, ҳужум чизиғида жиддий йўқотишлар бор – Коста ҳам, Суарес ҳам жамоасига ёрдам бера олмаслиги эҳтимоли бор. Эктор Эррера яна бир ойгача сафга қайта олмаса, Лукас Торрейрада ҳам муаммолар бор.

ЛИДС ЮНАЙТЕД – АРСЕНАЛ (22 ноябрь, 21:30)

Англиянинг бугунги кундаги энг беқарор клублари ўртасидаги учрашув ҳам жуда қизиқ кечиши табиий. «Лидс» охирги тўрт ўйиндан учтасини бой берди, аммо бир ғалаба ўша паллада турнир жадвалини бошқариб турган «Астон Вилла» устидан йирик ҳисобда қўлга киритилди. «Арсенал»нинг «Олд Траффорд»даги ишончли ғалабаси барча мутахассисларнинг олқишига сазовор бўлганди, аммо ҳафта ўтиб, ўша «Астон Вилла» Лондонда мезбонлар дарвозасига жавобсиз учта гол киритганди. «Лидс»даги бу сакрашларнинг сабаби, кўпроқ Бьелсанинг ҳарактери, ўз услубидан воз кечмаслиги сабаб бўлса, Артета ғоялари бир қатор кучли ижрочиларга эхтиёж сезмоқда. Ёш ва тажрибасиз футболчилар ҳар доим ҳам ишончни оқлай олишмаяпти.

Бу қарама-қаршилик аср бошларида АПЛнинг ўзига яраша классик тўқнашувларидан бирига айланганди. Сўнгги йилларда эса, томонлар фақат Англия кубоги баҳсларида баҳслашишмоқда. Масалан, шу йилнинг бошида кубок доирасида қуръа бу икки жамоани рўпара қилган, ўйин 1:0 ҳисобида «Арсенал» ғалабаси билан тугаган.

Йўқотишлар ҳар икки томонда ҳам етарли. «Арсенал» миллий жамоа йиғинларида марказдаги икки асосий кучидан айрилди. Томас Парти жароҳатланган бўлса, Муҳаммад Эл-Нени миллий жамоа йиғинида коронавирус юқтириб олгани айтилмоқда. Мезбонлардан эса асосий йўқотиш ҳужумчи Родриго бўлиши мумкин. Унинг майдонга тушиши шубҳа остида. Диего Льоренте ҳам жароҳатланган.

ЛИВЕРПУЛЬ – ЛЕСТЕР (23 ноябрга ўтар кечаси, 00:15)

«Ливерпуль» омадсизликлар гирдобига шу қадар кириб қолдики, яқинда Юрген Клопп жароҳатланса ҳам, ҳеч ким ҳайрон қолмаса керак. Сўнгги икки мавсумда етакчиларнинг жароҳатлари деярли содир бўлмаган жамоада айниқса, ҳимоячилар бирин кетин сафдан чиқишмоқда. Аввалига ван Дейк, кейин Трент, Гомес, Робертсон жароҳатланиб, кейин уларни ўрнини тўлдириши мумкин бўлган Ҳендерсон ва Фабиньода ҳам муаммолар пайдо бўлди. Кейин навбат ёшларга келди – Уильямс Англия ёшлар таркибидан эрта қайтди. Саналган номлар ичида фақат Роберстон ва Уильямснинг якшанба оқшомига қадар тайёр бўлиш эҳтимоли бор холос. Шунингдек, Муҳаммад Салоҳнинг ҳам вирус туфайли камида ўн кун ўйнай олмаслиги айтилмоқда. У Англияда қайта анализ топшириши кутиляпти. Алькантара ва Окслейд ой охирида машғулотларга қайтишади. Мана сизга 10 футболчи, бутун таркиб.

«Лестер»нинг ҳам бу борада ўз дарди бор. Бу ерда ҳам ҳимоя чизиғида. Чағлар Суюнжи, Рикардо Перейра, Тимоти Кастан ва Уэсли Фофана каби футболчиларнинг барчаси ушбу ўйинда қатнаша олмаслик эҳтимоли мавжуд.

«Лестер» 8 ўйиндан 18 очко жамғарган бўлса, «Ливерпуль»да атиги 1 очкога кам. 2-ўриндаги «Тоттенҳэм»ни бу турда «Манчестер Сити» билан қийин учрашув кутиб турганини эътиборга олсак, «Ливерпуль» ушбу ўйинни ғалаба билан якунласа, якка пешқадамга айланиб олиш эҳтимоли катта. Ўз навбатида, пешқадамликни мустаҳкамлаш имконияти «Лестер»да ҳам бор. Яна бир интригалардан бири «Лестер» бош мураббийи Брендон Рожерс ўз вақтида «Ливерпуль»ни бошқарган ва чемпионликка ҳам сал қолган. Собиқ жамоасига қарши ўйин ушбу мураббий учун ҳам алоҳида тайёргарликни талаб қилиши шубҳасиз. Ўзаро ўйинларга қаралса, «Лестер» 6 ўйиндан буён «Ливерпуль» устидан ғалаба қозона олмаётганини таъкидлаш жоиз.

НАПОЛИ – МИЛАН (23 ноябрга ўтар кечаси, 00:45)

Айтиш мумкинки, Италия чемпионатида бу мавсумнинг энг ёрқин икки жамоаси бу турда рўбару келади. «Милан» охирги уч ўйиндан иккитасини дуранг билан якунлаган бўлса-да, ҳамон А Серияда якка карвонбоши ва мағлубият нималигини билмаётган икки жамоадан бири бўлиб турибди. Агар «Наполи»га Туринга боришга пандемия тўсқинлик қилмаганда, яъни техник мағлубият ёзилиб, устига яна бир очко чегирилиб ташланмаганда, «Милан»нинг асосий таъқибчисига айланарди. Бу ҳолат бўйича «Наполи» судга ариза берди. Шу ҳолатда ҳам, «Наполи» ушбу ўйинда ғалаба қозонса, «Милан»га очколар бўйича етиб олиши ва тўплар нисбатига кўра пешқадамга айланиб олиши ҳам мумкин.

Қизиқ томони агар ўзаро ўйинларга қаралса, сўнгги учрашувлар айниқса, жуда муросасиз кечган. Охирги 6 ўйиннинг 4 тасида дуранг қайд этилган. Табиийки, ҳар икки жамоа ҳам, шунчаки, рақобат қилмасдан, ҳали «Ювентус» ўзига келгунча, имкон қадар кўпроқ очко жамғариб олишга ҳаракат қилишади. Дуранг ҳеч қайси томонни қониқтирмайди. «Милан»нинг Неаполда ғалаба қозонмаганига эса роппа роса 10 йил бўлди.

Мезбонлар сафида Элсаид Хюсай ва Виктор Осимҳенларда жароҳат бор. Ушбу футболчилар бир неча ҳафта жамоага ёрдам бера олишмайди. Миланликларда эса, йўқотишлар йўқ.

БОШҚА ЭЪТИБОРЛИ ЎЙИНЛАР

21 ноябрь. Ньюкасл – ЧЕЛСИ (17:30), БАВАРИЯ – Вердер (19:30), СЕВИЛЬЯ – Сельта (22:30), Ҳерта – БОРУССИЯ Д (22 ноябрга ўтар кечаси, 00:30), ЮВЕНТУС- Кальяри (22 ноябрга ўтар кечаси, 00:45) МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД – Вест Бромвич (22 ноябрга ўтар кечаси, 01:00)

22 ноябрь. Фулҳэм – ЭВЕРТОН (17:00), ИНТЕР – Торино (19:00), РОМА – Парма (19:00).

 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар