19.10.2020 12:43
19380
«Ўзбек Мессиси» ва Ўзбекистондаги «Женоа»мания. Италия матбуоти Шомуродовнинг А Сериядаги дебюти олдидан

Италия А Серияси 4-тури доирасидаги сўнгги учрашув бугун, 19 октябрь куни «Верона» ва «Женоа» ўртасида кечади. Душанба оқшомида Веронадаги «Маркантонио Бентегоди» стадионида ўтказиладиган ўйин нафақат Италия, балки ўзбекистонлик футбол мухлисларининг ҳам диққат эътиборида бўлади. Ушбу баҳсда Элдор Шомуродов А Сериядаги дебют учрашувини ўтказиши кутилмоқда. Tribuna.uz ўзбекистонлик ҳужумчининг кутилаётган дебюти олдидан Италия матбуотида Шомуродов ҳақида янграётган фикрлар, анонсларга назар ташлади.

 Сalciomercato: «Шомуродовнинг трансфери Ўзбекистонда «Женоа»манияга сабаб бўлди»

Италиянинг катта аудиторияга эга бўлган «Сalciomercato» футбол сайти Элдор Шомуродовнинг «Женоа»га трансфери Ўзбекистонда ушбу клубга катта қизиқиш пайдо бўлгани ҳақида ёзган

 «Элдор Шомуродов Италиянинг энг кўҳна клубларидан бири сафига ўтгач, Ўзбекистон ва Марказий Осиёлик мухлислар Европанинг кучли бешликдаги ягона кумирлари ўтган клубга жиддий қизиқа бошлашди. Бу трансфер буюк ипак йўли мамлакатларида катта ажиотажга сабаб бўлди.

«Женоа»нинг 61-рақамли минглаб қизил-кўк либослари сўнгги 10 кун ичида Тошкент ва Самарқандда сотилиб, Генуя клубига бўлган қизиқиш яна уйғонди. Яна дейилиши бежизга эмас, 15 йиллар олдин Илёс Зейтуллаев «Женоа»даги Темурийлар мамлакатидан келган илк футболчи бўлганди.

Ўрта Осиёлик мухлислар фақат интернет дўконлар эмас, «Женоа»нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ҳам ёпирилиб кела бошлашди. Клубнинг интернетдаги ҳар бир хабар ва постлари остида ўзбекистонлик мухлисларнинг Шомуродовни қўллаб-қувватлаётганини учратиш мумкин.

 Бу ҳали Шомуродов клуб либосида майдонга тушмасдан аввал рўй берган воқеликлардир. Энди тасаввур қилинг, Элдор А Серияда голлар ура бошлагач, яна нималар рўй бериши мумкин?», - дея савол билан якунлайди мақоласини Сalciomercato журналисти Марко Триподи.

 La Gazzetta dello Sport: «Женоа»даги янги «Ўзбек Мессиси»

 Италия ва жаҳон футболидаги энг обрўли нашрлардан бири саналмиш «La Gazzetta dello Sport» ҳам Элдор Шомуродов ҳақида бир қатор мақолалар эълон қилиб, ўзбекистонлик футболчининг футболга кириб келиши, Ўзбекистон ва Россиядаги фаолияти ҳақида ёзиб, уни «Ўзбек Мессиси» дея атаган.

 «Ўзбекистонлик форвард душанба куни Италия А Сериясида дебютини ўтказиши мумкин. Кўпчилик учун ҳали унча таниш бўлмаган ҳужумчини ўз уйида Месси билан таққослашади», - дейилади мақоланинг сўз бошисида.

 «Чанг тўзонлар ичидаги қора кўзлар. Шарқдаги серқуюш мамлакатнинг жанубида нефть қазиб олинади. Элдор туғилган Жарқўрғонда ҳам болалар катта футболни кўча футболидан бошлашади. Элдор туғилган жой Тошкентдан (670 км) кўра, чегарадош Афғонистон пойтахти Қобулга (490 км) яқинроқ. Ўзбекистон миллий жамоаси эса ФИФА рейтингида Бенин ва Ҳаити ўртасида жойлашган – 85-ўринда.

 Футболчилар оиласидан чиққан Шомуродов Ўзбекистонда футболнинг қуйи бўғинидан босқичма-босқич кўтарилиб, «Машъал» академияси, «Бунёдкор» клуби ва Ўзбекистон миллий жамоаси аъзосига айланади. «Ростов»да тўп суриб танилади.

 Ўзбекистон миллий жамоаси ўз Буффони ва Мессисига эга. 38 ёшли Игнатий Нестеров ўзбек Буффони бўлса, Шомуродов «ўзбек Мессиси» - «Ростов»га ўтгач уни шундай атай бошлашган. Элдор 25 ёшда бўлса-да, у миллий жамоасида аллақачон 21та гол уришга эришган. Россияда Моуриньо билан учрашиб қолган Элдор унга «Челси» ва унинг мухлиси эканлиги ҳақида айтган. У ушбу ҳафтадан Роландо Маран қўл остида «Женоа» сафида дебютини ўтказиши ва янги орзулари сари қадам ташлаши мумкин», - дейилади мақолада.

 «Женоа» бош мураббийи: «Верона» билан ўйинда 7 нафар футболчи ёрдам бера олмайди. Шомуродовга умид боғлаяпман»

 Италия А Серияси 4-тури доирасидаги «Верона» - «Женоа» ўйини олдидан генуяликлар бош мураббийи Роландо Маран таркибдаги муаммолар ва Элдор Шомуродов ҳақида фикр билдирди.

«Бизни оғир учрашув кутиб турибди. «Верона» дастлабки уч турда ўз уйида «Рома»ни йирик ҳисобда мағлуб этди, «Удинезе»дан 3 очко олди. Веронадаги сафар учрашуви ҳеч бир жамоа учун осон кечмаган.

«Верона»га қарши ўйинда қандай таркибни туширишни ҳали ҳам билмайман. Жамоамизнинг 7 нафар аъзоси коронавирус туфайли душанба куни ҳам таркибда бўлмайди. Шу боис катта ротацияга қўл уришга мажбур бўламан. Асосий таркибни ўйин куни аниқлаб олсам керак.

Элдор Шомуродов асосий таркибга тушадими? Янги ҳужумчимиз 5-6 кундан буён жамоа билан машғулотларда иштирок этмоқда. Элдор машғулотларга катта иштиёқ билан ишламоқда, унинг Италия А Сериясида тезроқ мослашишга бўлган интилишлари мени қувонтирмоқда ва унга умид боғлаяпман. Ўйин услубимизни ўзлаштириш ва янги муҳитга мослашиш учун вақт талаб этилса-да, Шомуродовнинг машғулотларда қандай ишлаётганидан хурсандман», - дея «Женоа» бош мураббийининг матбуот анжуманидаги сўзларидан иқтибос келтирмоқда buoncalcioatutti.it сайти.

Corriere Dello Sport: Шомуродов асосий таркибда тушади

 Италиянинг яна бир обрўли нашрларидан бири Corriere Dello Sport «Верона» - «Женоа» учрашувига превью эълон қилиб, Элдор Шомуродовни асосий таркибда тушишини тахмин қилган. Италиялик журналистлар «Женоа» ҳужум чизиғида Шомуродов – Пандев ҳужум жуфтлигини танлаган.

Генуяликларнинг тахминий таркиби қуйдагича кўриниш олган: Маттиа Перин, Кристиан Сапата, Марсиелло, Голданига, Чиглионе, Бадель, Ровелла, Радованович, Чиборра, Горан Пандев, Элдор Шомуродов.

 «Верона» - «Женоа». Ўзаро сўнгги ўйинлардаги натижалар:

 Италия А Серияси турнир жадвали:

 «Верона» - «Женоа» ТВда намойиш этиладими?

 Италия А Серияси 4-турига якун ясаб берувчи душанба кунги «Верона» - «Женоа» баҳси Ўзбекистон ва Россияда катта қизиқишга сабаб бўлаётгани боис, «Futbol TV» ва Россиянинг «Матч ТВ» телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилади. Учрашув бугун, 19 октябрь, душанба куни соат 23:45да бошланади.

 Анонс. Италия А Серияси. 4-тур.

«Верона» - «Женоа»

Верона, «Маркантонио Бентегоди» стадиони.

Ўйин бошланиш вақти: 23:45

ТВ-трансляция: «Futbol TV», «Матч ТВ».

Усмон Ибодов тайёрлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар