16.10.2020 17:56
8125
Ҳафта ўйинлари анонси: «Ливерпуль» пешқадамга қарши, «Арсенал» етакчиларсиз қолган «Сити» меҳмони

Ниҳоят яна Европада миллий чемпионатлар қолган жойидан давом эттирилади. Айниқса, шанба оқшоми шу қадар тиғизки, келаси ҳафтада Европа Чемпионлар Лигаси бошланиши муносабати билан деярли барча топ-клублар ўз ўйинларини шу кунда ўтказишади. Бу ўйинлар ичида уларнинг ўзаро ўйинлари ҳам, дербилар ҳам бор. Энг қизиқарли ўтиши кутилаётганлари қуйидаги анонсимизда.

ЭВЕРТОН – ЛИВЕРПУЛЬ (17 октябрь, 16:30)
Анчадан буён «Ливерпуль» дербиси Англия миқёсида бу қадар аҳамият касб этмаганди. Анчелотти бошчилигидаги «Эвертон» мавсумни жуда муваффақиятли бошлади – 4 ўйин, 100 фоизлик кўрсаткич. Жамоа ҳар ўйинда ўртача 3тадан гол ураётганди, мағлуб этилган рақиблар ичида «Тоттенҳэм» ҳам борлигини инобатга олсак, «Эвертон»нинг мақсадлари жиддий. Таркибда Динь, Гомиш, Аллан, Хамес каби ўз вақтида турли лигаларда чемпионлик учун курашган тажрибали футболчиларнинг борлиги жамоани янада салобатли қилади.

Аммо барибир тан олиш керак, ҳақиқий синов энди бошланяпти – яраланган «Ливерпуль» «кўклар» учун энг ашаддий рақиб. Ўзаро ўйинларда доимий     равишда «Ливерпуль» устун бўлгани, «Эвертон» дербидаги охирги ғалабасини ўн йил олдин қўлга киритгани ҳам кўп нарсани айтиб турибди. Шундай бўлса-да, бу тўқнашувлар анча кескин кечган, охирги 22 ўйиннинг ярмида дуранг қайд этилган. Шу дуранглардан бири икки йил олдин «Ливерпуль»ни деярли чемпионликдан маҳрум қилганди.

Таркиблар борасида мезбонларда муаммолар бор. Ғалабали ўйинларда асосий фигура бўлган футболчилар Динь ва Аллан майдонга тушиши сўроқ остида. Шунингдек, Йерри Мина ва Шеймус Коулменда ҳам кичик жароҳатлар бор. Агар санаб ўтилган футболчилар тикланиб улгуришмаса, Анчелотти ҳимоя чизиғини бутунлай янгилашига тўғри келади. «Ливерпуль»да эса, дарвоза чизиғида Алисон йўқлиги ўйинга қай даражада таъсир этишини ўтган ўйинда кўрдик. Бразилиялик посбон сэйвлари билан бўлмаса-да, ҳимоячилар билан яхши алоқа ўрнатгани билан муваффақият қозонганди. Адриан билан ҳимоячилар ҳам ишончсиз ўйин намойиш қилишди. Лекин вирусдан даволанган Мане ва Алькантара соғайиб, машғулотларга қайтишгани «қизиллар» учун яхши хабар. Наби Кейта эса, худди шу касаллик туфайли ўйинни ўтказиб юборади.

Мавсумни худди ўтган икки йилнинг давомидек бошлаб, ишончли ғалабаларни қўлга киритган «Ливерпуль» ўтган турда жуда оғир зарбани қабул қилиб олди. 2:7 ҳисобидаги мағлубият Клоппни уч очкосиз қолдириш билан бирга, ўйиндаги асосий камчиликларни очиб ҳам берди. «Эвертон» «Астон Вилла»нинг «шпаргалкаси»дан қандай фойдалана олади, кўрамиз.

НАПОЛИ – АТАЛАНТА (17 октябрь, 18:00)
Ҳеч нарса бўлмагандек, ўтган мавсумни давом эттираётган ҳақиқий жамоа, шубҳасиз, «Аталанта»дир. Бергамоликлар А Серияни уч ишончли ғалаба билан бошлашди, уч ўйинда 13 гол уришга муваффақ бўлишди. Одатда жуда қийин рақиб ҳисобланадиган «Торино» ва «Лацио» клублари сафарда мағлуб этилгани, ўтган мавсумнинг кашфиёт жамоаси «Кальяри» йирик ҳисобда «тиз чўктирилгани» жамоа яхши формада эканини далолат қилади. Бутун Европада топ-жамоалар айнан спорт формаси бўйича муаммоларга дуч келаётгани бир томонда, аммо «Аталанта»га улар каби, августнинг ўрталаригача еврокубокларда иштирок этгани умуман салбий таъсир кўрсатмаётгани ҳам жумбоқ.

«Наполи» ҳам илк икки ўйинда ишончли ғалаба қозониб, гол ўтказмаган ҳолда рақиблар дарвозасини 8 марта ишғол қилганди. Аммо ўтган турда «Ювентус»га қарши ўйин учун ёзилган техник мағлубият барчасини бузиб юборди. Неаполликлар жамоаси таркибида коронавирус чиққач, маҳаллий ҳокимият Турин сафарига рухсат бермади. Ўйинни қолдириш бўйича ҳаракатлар эса бекор қилинди. Миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус жамоага ўйинларга қайтишга имкон яратди дейиш мумкин.

Мезбонлар таркибида вирусдан даволанаётган Петр Зелински ва Элиф Элмас жамоага ёрдам бера олмайди. «Женоа» билан ўйинда жароҳат олган етакчи ҳужумчи Лоренцо Инсинье машғулотларни бошлаб юборган ва бу ўйинда сафга қайтиш эҳтимоли бор. «Аталанта»да эса Маттиа Калдара жароҳат туфайли сафдан чиққан.

Ўзаро ўйинларнинг охирги учтасида «Наполи» ғалаба қозона олмаяпти. Ҳатто Неаполдаги охирги уч учрашувнинг 2тасида меҳмонлар ютгани ва бир ўйин дуранг билан якунлангани ҳам эътиборга молик.

ҲОФФЕНҲАЙМ – БОРУССИЯ ДОРТМУНД (17 октябрь, 18:30)
Германия чемпионати одатдагидек, жуда қизиқарли бошланди. Худди ҳар куздагидек. Атиги уч тур ўтган бўлса-да, очко йўқотмаган жамоа қолмади. Атиги икки клуб – «Байер» ва «Вольфсбург» мағлубиятга учрамаган, аммо уларнинг ҳисобида бирорта ғалаба ҳам йўқ.

«Ҳоффенҳайм» эса мана шу талотўпнинг қаҳрамонларидан биридир. Бир пайтлар Киевнинг «Динамо»си Европада оламшумул натижалар кўрсатиб, суперкубокни ютгач, клуб вакилларидан бири мавсум якунидаги байрам тадбирларидан бири шундай деган экан – «яхшиям Европа Суперкубогида жамоамизга «Бавария» рақиб бўлди, «Пахтакор» эмас». Сабаби ўша мавсумда тошкентликлар «Динамо»ни уйда 5:0, сафарда эса 1:0 ҳисобида мағлуб этган. Яхшиям Чемпионлар Лигаси ва Европа Суперкубогида «Бавария»га «Барселона», «ПСЖ», «Лион» ёки «Севилья» каби жамоалар рақиб бўлди, «Ҳоффенҳайм» эмас. Ҳоффенҳаймликлар 4:1 ҳисобидаги ғалаба билан мюнхенликларни «ерга тушириб» қўйишди.

Себастиян Ҳёнес шогирдлари учун навбатдаги синов Дортмунднинг «Боруссия»си бўлади. «Аусбург»дан мағлубият дортмундликларнинг ҳали у қадар кучли эмасликларини кўрсатса, умуман «қишлоқликлар»нинг «Боруссия» билан ўзаро ўйинларда ҳам устунлиги бор. Охирги беш ўйиндан 4тасида ғалаба қозонилган, бир ўйин дуранг билан якунланган. Айниқса, ўтган ёздаги тўқнашувда «Ҳоффенҳайм» Дортмундда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонган, Андрей Крамарич покерга эришганди.

Таркибларда катта муаммолар йўқ. Аммо дортмундликларни мазкур учрашувдан уч кун ўтиб, Римда қийин учрашув кутиб турганини ҳам унутмаслик керак. «Лацио» билан ўйин Европа Чемпионлар Лигаси гуруҳида кўп масалани ҳал қиладиган аҳамиятли ўйинлардан бири бўлади. Люсьен Фавр «Ҳоффенҳайм»га қарши ўйинда таркиб танлашда ЕЧЛ баҳси ҳақида ҳам ўйлаши мумкин.

ИНТЕР – МИЛАН (17 октябрь, 21:00)
Миланда Италиянинг асосий дербиси бўлиб ўтади. Анчадан бери ушбу тўқнашув ўз олдига турнирда юқори мақсадлар қўйган икки рақиб ўртасида бўлмаётганди. Тўғри, ҳозир мавсум бошида яхши натижалар оддий «Сассуоло»да ҳам бор, аммо «Милан»нинг муваффақиятли серияси ўтган мавсум охиридан бери давом этиб келаётганини ҳам эътиборга олиш керак. Пиоли шогирдлари уч ўйинда ғалаба қозонишди ва дарвозаларидан бирорта ҳам гол ўтказиб юборишмади. Рақиблар «Болонья» ҳамда икки дебютант «Кротоне» ва «Специя» бўлгани эътиборга олинса, ҳақиқий синов энди бошланади – шанба оқшомида «Интер», кейинги турда «Рома».

«Интер» ҳам ёмон бошламади: икки ғалаба ва «Лацио» билан дуранг. Шунингдек, сўнгги дербиларда ҳам «нераддзури»нинг устунлиги кузатилган – охирги тўрт ўйинда тўрт ғалаба ва «Милан» айнан А Серия доирасида охирги марта 2016 йилнинг февралида ғалаба қозонган. Аммо таркибдаги йўқотишлар борасида «Интер»нинг ҳолати бироз муаммоли. Конте жамоасида биратўла 6 нафар футболчи коронавирус билан касалланди. Булар – Бастони, Янг, Раду, Шкриньяр, Наингголан, ҳамда Гальярдини. Стефано Сенси эса «Лацио»га қарши ўйинда қизил карточка олгани учун дисквалификацияни ўтамоқда. Алексис Санчесда эса жароҳат бор. «Милан»да Маттео Габбия ва Леонардо Дуартеда вирус аниқланган. Златан Ибраҳимович ушбу касалликдан соғайган ва дербига тайёр. Етакчи футболчилардан бири Анте Ребич жароҳатланганди, аммо унинг ҳам сафга қайтиш эҳтимоли бор.  

МАНЧЕСТЕР СИТИ – АРСЕНАЛ (17 октябр, 21:30)

Устоз ва шогирднинг навбатдаги баҳси. Бунгача ўтказилган сўнгги учрашувда Англия кубоги яримфиналида Артета устози устидан ғалаба қозонган ва уни илк марта мавсумни совринсиз якунлашга мажбур қилганди. Аммо гап Премьер Лига баҳслари ҳақида кетганида, қаторасига 6 ўйиндан бери «Манчестер Сити»нинг қўли баланд келмоқда ва бу ўйинларнинг ярмида йирик ҳисоб қайд этилган. Умуман, «Арсенал» АПЛда «Манчестер Сити»ни охирги марта 2015 йилда мағлуб этган.

Ушбу қора анъанани бузишнинг айни вақти. Чунки Гвардиола жамоаси мавсумни яхши бошлай олмади. Ўйинларда жамоа айниқса, жисмоний томондан яхши ҳолатда эмаслиги билиниб турибди. «Вулверҳэмптон»да қарши ўйиннинг 2-бўлимида жамоа кураша олмай қолган бўлса, кейинги турларда «Лестер» ва «Лидс» айнан мана шу жабҳада «шаҳарликлар»дан устун келди. Бунинг устига «Сити»нинг бир қанча етакчиларида муаммолар бор. Серхио Агуэро ва Габриел Жезус соғайгани айтилса-да, улар бу ўйинга тайёр бўлишлари шубҳа остида. Бунинг устига, Раҳим Стерлинг ва Кевин де Брюйне миллий жамоа йиғинларида кичик жароҳат олишди. Бельгиялик футболчи навбатдаги ўйинни ўтказиб юбориши аниқ бўлди, Стерлинг ҳам жамоага ёрдам бера олмаслиги эҳтимоли бор. Жамоа бахтига Чемпионлар Лигасида нисбатан енгилроқ гуруҳ тўғри келди, акс ҳолда бугунги спорт формаси билан ушбу мусобақадаги истиқбол ҳам хавф остида қоларди. Келаси ҳафтада манчестерликлар «Порту»ни қабул қилади.

«Арсенал»да жароҳатланганлар кўпроқ бўлса-да, асосий футболчилар эмас: Чемберс, Мартинелли, Тирни, Мустафи ё захира ёки ўрнини алмаштириш имкони бўлган футболчилар ҳисобланишади.  

ХЕТАФЕ – БАРСЕЛОНА (17 октябрь, 23:55)

«Барселона»ни янги мураббий билан кузатиш қизиқ. Клуб эътиборли трансферлар қилмагани учун, ўйиндаги ўзгаришларда айнан Куманнинг имзосини сезиш қийин бўлмайди. Дастлабки баҳсларда жамоа яхши таассурот қолдирди: Месси ва Коутиньонинг янги роли, ажойиб Фати, жамоавий ҳаракатланиш ва тезкорликдаги ижобий чизгилар натижага ҳам таъсир кўрсатаётганди – дастлабки икки ўйин йирик ҳисобда ғалаба қозонилди. Аммо «Севилья» билан учрашув жамоани бироз тўхтатгандек туюлди.

Шу маънодаки, «Севилья» ҳозирда нафақат Испания, балки Европада энг яхши спорт формасида бўлиб турган жамоалардан бири. Буни биз «Бавария» билан суперкубок учрашувида ҳам кўргандик. Айнан шундай жамоа фонида маълум бўлдики, ҳали Куман ғоялари футболчиларга сингиб, функциялар автоматлашиб улгурмаган. Кўп иш қилиниши керак. Анча ноқулай ва жисмонан яхши ҳолатда бўлган «Хетафе»га қарши ўйин ҳам навбатдаги имтиҳон бўлади. Мадридликлар сўнгги турда Сосьедадда мағлуб бўлсалар-да, ундан олдинги ўйинларни яхши ўтказишган, уч ўйинда ўз дарвозаларини дахлсиз сақлаб қолишганди.

Бу ўйин «Барселона» учун стратегик аҳамиятга ҳам эга. Келаси ҳафтада ЕЧЛ бошланади. Илк рақиб, «Ференварош», бу клуб катта қийинчилик туғдирмайди, аммо кейинчалик қийин ўйинлар бошланади. Аввалига, 24 октябрь куни «Реал» «Камп Ноу»га ташриф буюрса, кейин Куман шогирдларини Турин сафари кутиб турибди. Яъни агар «Барселона» ўз ўйинини янада такоммилаштириб олиши керак бўлса, бу ишни ҳозир қилиш керак ва қийин тақвим олдидан очко йўқотиш ҳам мумкин эмас.  

Таркибларга тўхталсак, Тер Стегендан ташқари, ўтган турда Альба жароҳат олганди. Аслида ўнг қанот учун сотиб олинган Сержино Дест қарама-қарши тарафда ёмон таассурот қолдирмади. Демак, агар таркибда муаммо туғиладиган бўлса, футболчиларнинг жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб қарор қилиш мумкин, зеро  миллий жамоалар билан боғлиқ танаффус ҳам айнан мезбонларнинг фойдасига ишлайди. «Барселона»нинг аксарият футболчилари миллий жамоалар таркибида, турли қитъаларда ўйинлар ўтказиб қайтишган бўлса, «Хетафе» деярли тўлиқ таркиб билан ушбу учрашувга хотиржам тайёрланди.

НЬЮКАСЛ – МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (17 октябрь, 23:55)
Сульшернинг курсиси қимирлаб қолди ва унинг истеъфоси учун ставкалар қабул қилишни бошлашди. Дастлабки турларда АПЛнинг энг ёмон жамоаси номинациясида ғолиб чиққан «Манчестер Юнайтед» зудлик билан аҳволни ўнглаши керак. Бу ўйинда ҳам очко йўқотилиши, биринчидан, турли манбалар томонидан айтилаётган, гўёки футболчиларнинг мураббийга ишончсизлиги ортаётгани рост бўлса, бу жиддийлашади. Иккинчидан, кейинги турларда «Юнайтед»ни «Челси», «Арсенал» ва «Эвертон»га қарши ўйинлар кутиб турибди. Жамоа янада қийин аҳволга тушиб қолиши мумкин. Бунинг устига келаси ҳафта Парижга сафар қилинади. Ҳа, бу Европа Чемпионлар Лигаси – Сульшерда АПЛдаги муваффақиятсиз ўйинлардан кейин ўзига келиб олишда кўмак берадиган Европа Лигаси йўқ энди.

«Ньюкасл» эса «Юнайтед»нинг классик рақиби, ҳатто энг шонли йилларда ҳам «чалиш»ни уддалаган. «Сент Жеймс Парк»даги охирги 4 ўйиннинг атиги биттасида меҳмонлар устун келишган. Ўтган йили Лонгстаффнинг голи мезбонларга ғалаба олиб келганди. Шунингдек, «Ньюкасл» тўрт ўйиндан бери мағлубиятга учрамаяпти. Тўғри, иккита ўйин Лига кубоги доирасидаги ўйинлар эди, аммо шундай бўлса ҳам, аутсайдер учун бундай серия кўтаринки руҳ ва ишонч бағишлайди. Яна бир устунлик, мана шундай паллаларда барча топ-клубларнинг рақиблари сингари – биринчидан, «Юнайтед» футболчиларининг аксарияти миллий жамоалар йиғинларида қатнашиб келишди, иккинчидан, келаси ҳафтада уларни «ПСЖ» билан ўйин кутиб турибди.

Таркиблар борасида ҳар икки жамоага ҳам ҳавас қилиб бўлмайди. Меҳмонлардан Антони Марсиял дисквалификация туфайли ўйнай олмайди. Янги трансфер Эдинсон Каванининг ҳам майдонга тушиши даргумон, у анчадан буён жамоавий машғулотлардан узоқ эди ва бунинг устига карантиндан чиқди. Эрик Байи миллий жамоасида жароҳат олди. Ҳимоячи ҳаммаси яхши эканини айтаётган бўлса-да, унинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида. Лекин Алекс Теллес ва Факундо Паллестри каби янги қўшилган футболчилар дебют қилишлари мумкин.

«Ньюкасл» лазаретида эса бир бутун жамоа ётибди. Дуайт Гейл, Жамал Льюис, Мартин Дубравка, Мэтт Ритчи каби футболчилар аниқ жамоага ёрдам бера олишмайди, Йедлин, Ласселс, Лонгстафф ҳамда Даммет каби футболчиларнинг майдонга туша олмасликлари эҳтимоли юқори.

БОШҚА ЎЙИНЛАР
16 октябрь. «Ним» – «ПСЖ» (23:55)
17 октябрь. «ЗЕНИТ» – «Сочи» (16:00) «ЧЕЛСИ» – «Саутҳэмптон» (19:00), «Сельта» – «АТЛЕТИКО» (19:00), «Арминия» – «БАВАРИЯ» (21:30), «РЕАЛ» – «Кадис» (21:30), «Кротоне» – «ЮВЕНТУС» (23:45)
18 октябрь. «ТОТТЕНҲЭМ» – «Вест Ҳэм» (20:30), «ЛЕСТЕР» – «Астон Вилла» (23:15)
19 октябрь. «Лидс» – «Вулверҳэмптон» (23:55) 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар