15.10.2020 00:19
1673
Теглар
«Тамбов» Жалолиддиновни РПЛда рўйхатдан ўтказди, у 18 октябрь куни дебют қилиши мумкин

Россиянинг «Тамбов» клуби ўзбекистонлик Жасур Жалолиддиновни РПЛ мусобақалари учун рўйхатдан ўтказди. Бу ҳақда Россия Премьер-Лигаси расмий сайтида маълумот пайдо бўлди. «Тамбов» футболчини 14 октябрь санаси билан рўйхатдан ўтказган.

«Тамбов» РПЛ 11-турини Волгоградда «Ротор»га қарши ўтказади. Бу жамоада ўзбекистонлик Максим Шацких ёрдамчи мураббий бўлиб ишлайди.18 октябрь куни Тошкент вақти билан 18:00 да бошланадиган ўйинда Жасур Жалолиддинов дебют қилиши мумкин. Агар майдонга тушса, бу Жалолиддинов учун РПЛ баҳсларидаги биринчи ўйини бўлади.

Жалолиддиновнинг трансфер ҳуқуқи Москванинг «Локомотив» клубига тегишли ва у 18 август куни «темирйўлчилар» сафида РПЛ қайдномасига киритилган эди. 19 сентябрь куни РПЛ қайдномасидан чиқарилган Жалолиддинов «Локомотив»нинг асосий жамоаси билан машғулот ўтказишда давом этди. Клубдаги легионерлар сони кўплиги сабаб «Локо» 18 ёшли футболчини ижарага беришга қарор қилган. РПЛ турнир жадвалида 13-ўринда бораётган «Тамбов»да Жалолиддинов 7-рақамда ўйнайди.

«Бунёдкор» футбол клуби тарбияланувчиси ҳисобланган Жасур Жалолиддинов 2002 йил 15 майда туғилган. У 350 минг евро эвазига «Бунёдкор»дан «Локомотив»га ўтган ва 5 йиллик шартнома имзоланганди. Жалолиддиновнинг «Тамбов» билан ижара шартномаси 2020/21 йилги мавсуми якунига қадар мўлжалланган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар