07.10.2020 22:04
10574
«МЮ» раҳбарияти Сульшернинг асосий трансфер мақсади бўлган 4 футболчидан бирортасини таклиф қила олмаган

«Манчестер Юнайтед» раҳбарияти бош мураббий Оле-Гуннар Сульшернинг ёзги трансфер ойнасидаги асосий мақсади бўлган футболчилардан ҳеч кимни сотиб ололмади, дея ёзмоқда ESPN нашри.

Манбанинг хабар беришича, норвегиялик мураббий «Юнайтед»га «Боруссия» яримҳимоячиси Жейдон Санчо, «Борнмут» ҳимоячиси Натан Аке (кейинчалик «Ман Сити»га ўтди), «РБ Лейпциг» ҳимоячиси Дайо Упамекано ва «Астон Вилла» яримҳимоячиси Жек Грилишни таклиф қилишни истаган. Бироқ клуб ижрочи директори Эд Вудворд мураббийнинг асосий трансфер мақсади бўлган 4 футболчидан бирортасини ҳам таклиф қила олмаган.

Сульшер қишки трансфер ойнасида «Ред Булл»дан Эрлинг Ҳоландни ҳам таклиф этмоқчи бўлган, аммо ҳужумчи «Боруссия»га ўтган. 

Қайд этилишича, «МЮ» трансфер ойнасида ўз сафига қўшиб олган футболчилардан бирортаси мураббийнинг асосий трансфер нишони бўлмаган. Шунга қарамай, клуб раҳбарияти янги ўйинчилар номзодини Сульшер билан маслаҳатлашгач, трансферни амалга оширган.

Маълумот учун, Манчестер клуби ёзги трансфер ойнасида ўз сафига Донни ван де Бек («Аякс»), Эдинсон Кавани (эркин агент), Алекс Теллес («Порту») ҳамда ёшлар жамоаси учун 18 ёшли хавбек Факундо Пельистри ва вингер Амадо Траорени ўз сафига қўшиб олди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар