07.10.2020 22:33
5845
Кавани «МЮ»да, Суарес «Атлетико»да, «Арсенал» динозаврсиз. Ёз ва кузнинг асосий трансферлари

6 октябрга ўтар кечаси Европада трансферлар ойнаси ёпилди.

Артур
Қаердан: «Барселона»
Қаерга: «Ювентус»
Баҳоси: 72 миллион евро (бу ва кейинги бошқа маълумотлар — transfermarkt.de бўйича)

Бразилиялик футболчини Хавининг меросхўри деб аташаётганди, аммо «Барселона» уни сотиб юборишга қарор қилди. Унга талаб аввалдан мавжуд эди, Кике Сетьен даврида эса Артур асосий таркиб футболчиси бўлолмади. Натижада у июлдан олдинроқ таътилга кетиб қолди ва у бундан хурсанд бўлса ҳам керак — у Чемпионлар лигасида «Бавария»дан учралган шармандали мағлубиятда иштирок этмади. Унинг трансфери доирасида қарама-қарши йўналишда Миралем Пьянич 60 миллион евро эвазига трансфер бўлди, шундай экан, «Барса» 12 миллион евро фойда қилди, аммо 24 ёшли ҳавбек ўрнига 30 ёшлисини олди.

Тиагу Алькантара
Қаердан: «Бавария»
Қаерга: «Ливерпуль»
Баҳоси: 22 миллион евро

Келиб чиқишига кўра бразил бўлган испан футболчиси кўп вақтдан буён премьер-лигада тўп суришни орзу қиларди, «Ливерпуль»да эса худди у каби марказий яримҳимоячига эҳтиёж сезилаётганди. Шу ёзда томонларнинг юлдузи юлдузига мос келди ва Тиагу Алькантара «Челси»га қарши кечган биринчи ўйинидаёқ ҳаммани қойил қолдириб рекорд ўрнатди: у бир бўлимда 75та узатмани амалга оширди. Лекин ушбу 29 ёшли футболчи тезда коронавирус юқтириб олди ва кейинги ўйинларда иштирок эта олмаяпти, аммо ҳавбек ҳали «Ливерпуль»га кўп фойда келтириши аниқ. Алоҳида қайд этиш керакки, мерсисайдликлар ушбу маҳоратли футболчини 22 миллион евро эвазига ўзиники қилди.

Эдинсон Кавани
Қаердан: «ПСЖ»
Қаерга: «Манчестер Юнайтед»
Баҳоси: эркин агент

Ушбу 33 ёшли уругвайли ёздаёқ Парижни тарк этганди, «ПСЖ» унинг хизматларисиз ҳам Чемпионлар лигаси финалига чиқа олди. Аввалига Кавани «Бенфика» сафига қўшилиши ҳақида кутилмаган хабарлар тарқалганди, барчаси келишиб олингандек эди, аммо лиссабонликлар ушбу форвард жуда кўп миқдорда маош талаб қилгани учун музокараларни тўхтатди. Шундан сўнг агентлар Каванининг хизматларини деярли барча топ-клубларга таклиф қилиб кўришди, фақат «МЮ» футболчининг молиявий талабларига рози бўлди. Уругвайлик ҳужумчи янги жамоасида 7 рақамини олди, лекин кўпчилик у асосий таркиб футболчиси бўлишига ишонқирамаяпти.

Кай Хаверц, Тимо Вернер, Бен Чилуэлл, Ҳаким Зиёш, Эдуар Менди, Маланг Сарр, Тиагу Силва
Қаерга: «Челси»

Бу трансферларни биттама-битта санаб, ушбу материалга киритиш имконсиз. Сўнгги бир йил давомида тақиқ туфайли янги харидларни амалга ошира олмаган «Челси» ёзги трансферларнинг энг фаол жамоасига айланди. Ҳаверц ёзги трансферлардаги энг қимматбаҳо харид бўлди (80 миллион евро), Вернер — олтинчи (53 миллион евро). «Челси» ҳатто дарвоза чизиғини янгилади — энди клубда асосий дарвозабон «Ренн»нинг собиқ посбони Менди бўлади. Фрэнк Лэмпарддан бу футболчиларни ҳамжиҳатликда ўйната олиш талаб этилади.

Луис Суарес
Қаердан: «Барселона»
Қаерга: «Атлетико»
Баҳоси: эркин агент

«Барселона» Месси билан хайрлашмади, аммо бошқа бир фахрий юлдузини қўйиб юборди. Каталонияликлар олти йил муқаддам Суарес учун 80 миллион евро тўлашганди, ҳозир эса тажрибали футболчини тўғридан тўғри рақибга текинга бериб юборди. Ҳали бир йиллик шартномаси бўлган уругвайлик футболчи билан шартнома бир томонлама бекор қилинди — «Барса» бунинг учун футболчига товон пули ҳам тўлаб берди. Суарес янги жамоасидаги дебютини аъло даражада ўтказди: иккинчи бўлим охирида захирадан майдонга тушиб, бир голли узатма ва икки гол муаллифи бўлди.

Гарет Бэйл
Қаердан: «Реал»
Қаерга: «Тоттенхэм»
Баҳоси: ижара

Бэйлнинг Зинедин Зидан ва «Реал» билан муносабатлари кундан кунга ёмонлашиб бораверди. Иш шунга бориб етдики, ушбу уэльслик юлдуз футболчи Чемпионлар лигаси ўйинлари учун заявка қилинмади. Карантиндан кейин Бэйл атиги икки ўйинда иштирок этди, қолган ўйинларни захира ўриндиғидан кузатди. У шу ёзда кетиши аниқ бўлганди, аммо 31 ёшли бу форварднинг маошини тўлашга рози бўлган жамоа чиқавермади. Охир-оқибат Бэйлни собиқ клуби «Тоттенҳэм» ўз сафига қўшиб олди. Лекин у ҳали «шпорлар» сафида майдонга тушмаяпти — одатдаги каби жароҳатини даволамоқда.

Томас Партей
Қаердан: «Атлетико»
Қаерга: «Арсенал»
Баҳоси: 50 миллион евро

Примеранинг энг кучли таянч яримҳимоячиларидан бири «Ювентус»га ёки «ПСЖ»га ҳам ўтиши мумкин эди, аммо «Арсенал» барчани доғда қолдирди. Лондонликлар 27 ёшли ганалик футболчи трансфери учун охиригача ҳаракат қилишди, Диего Симеоне бу футболчини сотишга қаттиқ қаршилик кўрсатганди: испан матбуотида ёзилишича, «Атлетико» бош мураббийи африкалик футболчи кетганидан хабар топгач, қаттиқ ғазабланган. «Арсенал» трансферларнинг сўнгги кунида мадридликларни айланиб ўтиб, Ла Лига раҳбариятига Партейнинг шартномасида белгиланган бадал пулини тўлашлари ҳақида маълум қилганди. Лондонликлар клуби учун ушбу трансфер — муҳим. «Канонирлар»да таянч яримҳимоя чизиғида Патрика Виейрадан кейин муносиб футболчи ўйнамади, Партей эса бундай ишларни бажаришда энг яхшилардан бири. Мадридга Лондондан бошқа бир таянч яримҳимоячиси Лукас Торрейра йўл олган.

Хамес Родригес
Қаердан: «Реал»
Қаерга: «Эвертон»
Баҳоси: эркин агент (ОАВ маълумотига кўра, трансфер инглизларга 20 млн еврога тушган)

«Эвертон» премьер-лига турнир жадвалининг ўртасида юраверишдан чарчади ва таркибни жиддий равишда кучайтиришга қарор қилди. Карло Анчелотти бош мураббий бўлганида бу иш осонроқ кечади: италиялик мутахассис «Наполи»даги собиқ шогирди Алланни (25 млн евро), шунингдек, «Реал» ва «Бавария»да ўзи билан бирга ҳамкорлик қилган Хамес Родригесни Англияга келишга кўндирди. «Эвертон» «Уотфорд»дан Абдуллае Дукурени ҳам сотиб олди (22 млн евро), «Шальке»га ижарага берилган Жонжо Кенни ҳам қайтди. Колумбиялик футболчи фаолиятида янгилик қилиши зарур ҳам эди — унинг юлдузи сўнгги йилларда сўна бошлаганди. Хамес ўтган мавсумни ёки захира ўриндиғида ёки «Реал» лазаретида ўтказди, ҳозир эса «Эвертон»ни Англия чемпионатида биринчи ўринга олиб чиқди. Тўрт ўйинда 3 гол ва 4 голли узатма — Хамес учун ажойиб старт.

Лерой Сане
Қаердан: «Манчестер Сити»
Қаерга: «Бавария»
Баҳоси: 45 миллион евро

Вақт давом этади, «Бавария» эса Германия терма жамоасига айланишда давом этади. Жамоа бу ниятини ҳеч кимдан яшириб ҳам ўтирмайди. Клуб бошқаруви раиси Карл-Хайнц Румменигге ушбу футболчи трансферидан кейин шундай деганди: «Биз ўз олдимизга энг яхши немис футболчиларини тўплаш мақсадини қўйганмиз — Сане билан шартнома имзоланиши ҳам шунинг учун». Лерой бир йил олдин ҳам «Манчестер Сити»дан кетиши мумкин эди, аммо 2019 йил август ойи бошида тиззасидан оғир жароҳат олди ва немислар клуби трансферни кечиктиришди. Умуман олганда, ҳеч нарса ўзгармади, фақат «Бавария» бир йил муқаддам Санега 100 миллион евродан ортиқ маблағ тўлашга тайёр эди, бу йил эса у икки баравар арзонроққа тушди.

Рубен Диаш
Қаердан: «Бенфика»
Қаерга: «Манчестер Сити»
Баҳоси: 68 миллион евро

«Манчестер Сити» ҳимоячилар билан шартнома имзолашда давом этди. Британия нашрлари ҳисобига кўра, Хосеп Гвардиола даврида бу чизиқ учун сарфланган харажатлар миқдори қарийб ярим миллиард еврога етган. Клуб ёзги трансферлар давомида «Наполи»дан Калиду Кулибалини (30 ёшга чиқаётган футболчи учун 80 млн евро) ёки «Севилья»дан Жюль Кундени (21 ёшли футболчига 50 млн евро) сотиб олишга ҳаракат қилганди, якунда 23 ёшли Рубен Диаш 68 млн еврога харид қилинди. Диаш биринчи пасда яхши - 88,6 фоиз аниқлик (бу Гвардиола учун энг муҳими), иккинчи қаватда яхши ўйнайди - бир ўйинда ўртача 2,6 марта юқори қаватда тўп учун курашда ғолиб чиққан, шунингдек, мавсумдан мавсумга диагонал узатмалар бўйича ўсиб борган - бир ўйинда ўртача 4,5та аниқ пас. У муаммосиз тўпни рақиб жарима майдони ҳудудига етказиб бериши мумкин. Қисқаси, «шаҳарликлар» учун мос футболчи ва узоқ вақтлар давомида жамоада муваффақиятли тўп суриши мумкин. Унинг трансфери доирасида «Бенфика»га 15 млн евро эвазига Николас Отаменди йўл олди. 

Донни ван де Бек
Қаердан: «Аякс»
Қаерга: «Манчестер Юнайтед»
Баҳоси: 39 миллион евро

Ёзги трансферлар давомида «МЮ» «Боруссия»дан Санчони ёки «Барселона»дан Усмон Дембелени олиб келиши ҳақида тинимсиз хабарлар чиқиб турди, лекин жамоанинг ёздаги асосий хариди «Аякс»дан 23 ёшли Донни ван де Бекни олиб келиши бўлди. Аммо у қай мақсадда таклиф қилингани ҳозирча аниқ эмас, унинг позициясида ўтган мавсумда Бруну Фернандеш ёрқин ўйин кўрсатган, мавсум стартида ҳам шу руҳда давом этмоқда, шу позицияда ўйновчи Поль Погба ҳам ҳеч қаерга кетмади. Нидерландиялик футболчи эса захирада ўтириб имкониятини кутмоқда. Сульшер уни Матич ўрнида ўйнатишга ҳаракат қилмоқда, лекин рақиб ҳужумларини бузиш билан шуғулланиш учун устун жиҳати эмас. Ҳа, у Амстердам жамоасида вақти келса таянч яримҳимоясида ҳам ўйнарди, аммо Эредивизия билан АПЛни таққослаб бўлмайди. Кутамиз, норвегиялик мутахассис ушбу истеъдодли футболчига қандай вазифа топшираркан.

Сержиньо Дест
Қаердан: «Аякс»
Қаерга: «Барселона»
Баҳоси: 21 млн евро

Куман келгач таркибда «тозалаш» ўтказган «Барселона» раҳбарияти (Ракитич, Видаль, Суарес, Семеду, Тодибо, Рафинья, Миранда) сўнгги кунларгача Депай ва Гарсияни олиб келишга бесамар уринди ва трансферлар даричасини муваффақиятсиз якунлади. Лекин жамоа «Вулверҳемптон»га катта пул эвазига сотилган Семеду ўрнига «Аякс»дан 21 млн евро эвазига америкалик 19 ёшли истеъдодли футболчини олиб келди. У ҳозирча каталонияликлар клубига мослашишда давом этмоқда, ушбу ўнг қанот ҳимоячиси кейинчалик майдонда Серхио Робертонинг ўрнини эгаллаши кутилмоқда. Уни Нидерландияда бежиз «янги Алвеш» деб аташмаганини тез орада билиб оламиз.

Бонус
Гуннерзавр
Қаердан: «Арсенал»
Қаерга: Ҳеч қаерга

Душанба куни Европада трансферлар ойнаси ёпилди, аммо бу кундаги асосий воқеалардан футболчи бўлмаган шахснинг клубни тарк этаётгани бўлди. Гап шундаки, «Арсенал» ўз маскоти — Ганнерзавр қисқартиришга тушганини маълум қилди. Бу ёқимли динозавр 27 йилдан буён «канонирлар»нинг ўйинларида иштирок этиб келарди. Лекин раҳбарият коронавирус пандемияси даврида унга ортиқча харажат қилишни истамади.

Бу хабар бутун Англия ва Европада кенг муҳокама қилинди, кўпчилик Партейнинг трансфери учун 50 миллион еврони аямаган раҳбариятни айблади. BBC телеканали таҳлилий дастурининг катта қисмини шу мавзуга ажратди, «Арсенал» мухлислари Гуннерзаврни қайтариш учун хайрия бошлашди ва қисқа муддатда 11 минг фунт йиғилди. Айрим клублар маскот билан шартнома имзолашлари ҳақида хабар қилишди. Масалан, «Севилья» ва «Спартак».

Аммо 6 октябрь куни кўпчилик футбол мухлислари ёдидан чиқа бошлаган Месут Ўзил саҳнада пайдо бўлди. У «Арсенал» футболчиси сифатида қолар экан, Жерри Кининг маошини тўлаб боришини маълум қилди.

«Мен «Арсенал» футболчиси эканман, клубнинг улкан ва садоқатли маскотимиз учун харажатларини қоплаб бераман. Шундай экан, Жерри ўз ишини давом эттириши мумкин», деди у.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар