06.10.2020 09:47
6639
Дембеленинг «МЮ»га ўтиши барбод бўлди. Депай ҳам «Лион»да қолди

«Барселона» яримҳимоячиси Усмон Дембеле Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клубига ўтиши амалга ошмади.

The Athletic нашри хабарига кўра, «МЮ» раҳбарияти футболчини ижарага олишни истаган, аммо «Барса»дагилар фақат сотиш вариантини кўриб чиқишларини билдиришган. Трансферлар даричаси ёпилиши арафасида «Барселона» футболчини ижарага беришга рози бўлган, аммо бунинг учун Дембеле каталонлар билан шартномани яна бир йилга узайтириши талаб этилган — бу эса амалга ошмаган ва трансфер барбод бўлган.

Ўз навбатида, «Лион»нинг нидерландиялик ҳужумчиси Мемфис Депай ҳам «Барселона»га ўта олмади. «Барса» раҳбарияти сўнгги паллаларда клуб ушбу футболчи билан шартнома тузмаслиги ҳақида «Лион» раҳбариятига хат жўнатган.

Бунга эса Усмон Дембеленинг «МЮ»га трансфери амалга ошмагани сабаб бўлди.

Мемфис Депай 2017 йилда «МЮ»дан «Лион»га келганди. Келишувга кўра, инглизлар ушбу футболчини сотиб олиш ҳуқуқини сақлаб қолган. Шу туфайли, «МЮ» «Барса»дан Дембелени олиш учун музокаралар чоғида ушбу ҳуқуқи билан босим кўрсатишга ҳаракат қилганди.

Дембеле 2017 йилда «Барселона»га Дортмунднинг «Боруссия» клубидан 138 млн евро эвазига келган. Ўтган мавсумда ушбу француз Испания чемпионатида атиги беш ўйинда майдонга тушди (шундан учтаси — бошланғич таркибда) ва битта гол урди, шунингдек, бир марта сариқ, бир марта қизил карточка олди. Футболчининг клуб билан амалдаги шартномаси 2022 йил ёзига қадар тузилган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар