05.10.2020 15:29
12676
Европада трансферларнинг сўнгги куни. Ким қаерга ўтиши кутилмоқда?

Бугун тунда Европадаги лигаларнинг асосийлари учун трансферлар ойнаси ёпилади. Ҳозир барча лигаларда иш қайнамоқда – ОАВда турли футболчиларнинг келажаги борасида турли хабарлар тарқалмоқда. Қуйида бугун ҳал бўлиши кутилаётган трансферларнинг асосийлари келтирилади.

Эдинсон Кавани – «МЮ»га (эркин агент мақомида)
Уругвайлик форвард кўп вақтдан буён ўзига янги жамоа изламоқда. У «ПСЖ»далигидаёқ «Атлетико», «Рома» ва «Челси» каби клублар билан музокаралар ўтказди. 2020 йил ёзида, парижликлар клубини тарк этганидан кейин Кавани «Бенфика»га ўтаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳозирда Эдинсон «Манчестер Юнайтед»га ўтиш арафасида. Бу маълумот футболчининг агенти Уолтер Гульельмоне томонидан тасдиқланган. «Бу тўғри. Биз «МЮ» билан келишувга эришганмиз. Трансфер бугун расман эълон қилиниши кутилмоқда», деган у Inside Futbol агентлиги мухбирига.

Эрик Шупо-Мотинг – «Бавария»га (эркин агент мақомида)
Ўтган мавсумда Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида кутилмаган тарзда қаҳрамонга айланган ва «ПСЖ»ни финалга олиб чиққан камерунлик футболчи энди клубдан кетмоқда. Айнан Шупо-Мотинг ярим финал ўйинида «Аталанта» дарвозасига ҳал қилувчи голни урганди. Умуман, мавсум давомида Эрик жуда кам ўйин ўтказган: парижликларнинг барча турнирлар доирасидаги ўйинларида атиги 20 марта майдонга тушган, шундан фақат 8 марта бошланғич таркибда.

Клуб Шупо-Мотинг билан шартномани узайтиришни истамади. Энди камерунлик жокер «Бавария»га йўл оладиган кўринмоқда. Германия ва Франциядаги нашрлар маълумотларига кўра, Эрик мюнхенликлар билан икки йиллик шартнома имзолаши кутилмоқда. Аввал у Германияда «Нюрнберг», «Гамбург», «Майнц» ва «Шальке-04» каби клубларда тўп сурган.

Тьемуэ Бакайоко – «Челси»дан «Наполи»га
Француз футболчиси «Челси»да ўйнаб кетолмади. У икки марта ижарага юборилди – «Милан»га ва «Монако»га. Бу жамоаларда Бакайоко ёмон ўйнамади, аммо «аристократлар» барибир унга ишонч билдиришмади. Тьемуэ яна ижарага берилмоқда, бу сафар «Наполи»га. Бакайоконинг трансферига неаполитанликлар бош мураббийи Женнаро Гаттузо шахсан қизиқиш билдирган, икки йил муқаддам улар «Милан»да ҳамкорлик қилишганди.

Федерико Кьеза – «Фиорентина»дан «Ювентус»га

«Фиорентина» ҳужумчиси Федерико Кьеза «Ювентус» футболчисига айланади. Бу ҳақдаги маълумот италиялик таниқли инсайдерлар – Фабрицио Романо ва Жанулка Ди Марцио томонидан тасдиқланган. Романонинг маълумотига кўра, Туринликлар клуби 22 ёшли футболчини кейин сотиб олиш шарти билан икки йилга ижарага олмоқда. Бьянконери биринчи ижара мавсуми учун 2 млн евро, иккинчи мавсум учун –  8 млн евро тўлайди. Икки йилдан кейин эса трансфер учун 40 млн евро тўланади, флоренцияликлар бонуслар кўринишида яна 10 млн евро олиши мумкин.

Бугун футболчи тиббий кўрикдан ўтади. Италиялик ушбу футболчи билан 2025 йилгача шартнома тузилади. Федерико Кьеза жорий мавсумда «фиалкалар» сафида уч ўйин ўтказди ва бир гол уриб, бир голга узатма берди. Ўтган мавсумда у 37 ўйинда 11 гол урган ва шерикларини 9 марта голли пас билан таъминлаганди.

Шунингдек, «кекса синьора»ни Дуглас Коста тарк этади — бразилиялик футболчи «Бавария»га ўтмоқда.

Мемфис Депай — «Лион»дан «Барселона»га
«Лион» ҳужумчиси Мемфис Депай 5 октябрь куни «Барселона» учун тиббий кўрикдан ўтади. Таниқли журналист Николо Ширанинг ёзишича, кўк-анорранглилар француз клубига 25 миллион евро тўлайди (плюс бонуслар). «Лион» клуби спорт директори Жуниньо ҳам «Барселона»билан Депай борасида музокаралар ўтказилаётганини тасдиқлаган. «Депай «Барселона» билан келишувга эришган. Эҳтимол у эртага «Барса»га йўл олар. Лекин аниқ эмас», дея унинг сўзларини келтирган El Chriringuito.

Мемфис Депай «Лион»га 2017 йил «Манчестер Юнайтед» сафидан келганди, унинг клуб билан шартномаси 2021 йилгача тузилган, Transfetmarkt портали футболчининг трансферини 44 миллион еврога баҳолаган. Журналист Фабрицио Романо каталонлар клуби Депай билан шартнома имзолаш учун аввал Усмон Дембелени «Манчестер Юнайтед»га сотишга розилик бериши шарт бўлишини айтганди - инглиз клуби ҳам нидерландиялик футболчини сотиб олиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, каталонияликлар «Манчестер Сити» ҳимоячиси Эрик Гарсиянинг трансферини ҳал қилишган. Инглизлар клуби ушбу футболчи трансферидан 15 миллион евро (плюс бонуслар) олади. Эрик Гарсия «Барселона» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. У 2016 йилда «Манчестер Сити» тизимига ўтган. Ўтган мавсумда 19 ёшли футболчи инглизлар клубининг барча турнирлар доирасидаги 25 ўйинида майдонга тушган ва Испания терма жамоасида ҳам дебют қилган.

Жоау Мариу – «Интер»дан «ПСЖ»га
Лондоннинг «Вест Ҳэм» ва Москванинг «Локомотив» клубларида ижара асосида ўйнаб келган бу футболчи яна «Интер»га керакмас бўлиб қолди. Португалиялик яримҳимоячининг трансфер ҳуқуқига эгалик қилувчи итальянлар клуби унинг нархини 18 млн еврога баҳоламоқда. Ёзда руслар клуби уни харид қилмоқчи бўлганида «Интер» айнан шунча сўраганди. Лекин футболчининг трансфер суммаси Transfermarkt порталида 13 млн евро қилиб кўрсатилган.

Ёзда «Локомотив» нарх қимматлик қилиб музокараларни тўхтатган ва Жоау «Интер»га қайтганди. Мариу «Марсель»га ўтиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалди, аммо португалиялик футболчи якунда Франциянинг бошқа бир клуби – «ПСЖ» сафида пайдо бўладиган бўлди. Ҳозирча Мариу тўлиқ сотиб олиниши ёки ижара асосида Парижга ўтиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Жоау яқин соатлар ичида тиббий кўрикдан ўтиб, янги клуби билан шартнома имзолаши кутилмоқда.

ОАВ маълумотига кўра, ушбу футболчи учун собиқ жамоаси «Спортинг» ва Италиянинг «Торино» клублари ҳам рақобат қилмоқда.

Жастин Клюйверт – «Рома»дан «РБ Лейпциг»га
Афсонавий Патрик Клюйвертнинг ўғли «Рома»нинг асосий таркибидан жой ололмаяпти. Жастин жорий мавсумдаги ўйинларда икки марта захирадан ўйинга қўшилиб, атиги 18 дақиқа ўйнади, «Ювентус» билан ўйинда эса ўйин охиригача захирада қолди. Клюйвертларнинг кичиги ўйин амалиёти учун ёшлар билан ишлашни маъқул кўрувчи «РБ Лейпциг»га йўл олмоқда. Ушбу 21 ёшли футболчига Германиянинг бошқа бир жамоаси «Ҳерта»дан ҳам қизиқиш мавжуд эди. Итальян журналисти Фабрицио Романонинг ёзишича, нидерландиялик футболчи 1,5 миллион евро эвазига бир мавсумга ижарага берилмоқда. Шу билан бирга, «РБ Лейцпиг»да унинг трансферини сотиб олиш ҳуқуқи ҳам бўлади.

Марио Гётце – «Ҳерта»га (эркин агент мақомида)
Германиядаги Bild нашри маълумотига кўра, Гётце «Ҳерта» аъзосига айланади. Берлинликлар клуби Мариога анчадан буён жиддий қизиқиш билдириб келмоқда. Энди эркин агент мақомини олган футболчи бўлажак клуби билан музокара олиб бормоқда. Гётценинг трансфери бўйича «Ҳерта» бош мураббийи Бруно Лаббадианинг ўзи шуғулланмоқда. Ҳозирда Марионинг маоши масаласи муҳокама этилмоқда: Дортмунднинг «Боруссия»си сафида у йилига 10 млн евро олган, берлинликлар эса унга 5 миллион евро таклиф қилишмоқда. «Бавария» ҳам, аниқроғи жамоа бош мураббийи Ханс-Дитер Флик уни ортга қайтаришни истаганди, аммо клуб раҳбарияти бунга розилик билдирмади. Энди Мариода фаолиятини давом эттириш учун вариантлар кўп эмас.

Алекс Теллес – «Порту»дан «МЮ»га

«Порту» ҳимоячиси Алекс Теллес «Манчестер Юнайтед»га ўтишга яқин турибди. Бразилиялик футболчи тиббий кўрикдан ўтиш ва «МЮ» билан шартнома имзолаш учун Англияга келган. У бугун янги жамоаси билан «4+1» схемасида шартнома имзолайди. Аввалроқ «Порту» ушбу 27 ёшли қанот ҳимоячиси трансфери учун 20 миллион евро олиши хабар қилинганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар