02.10.2020 21:16
19318
Эриксенга харидор топилди, Погба Дембелени кўндирди. Сўнгги трансфер хабарлари

«Интер» яримҳимоячиси Кристиан Эриксен клубини алмаштириши мумкин. Журналист Николо Ширанинг ёзишича «ПСЖ» ушбу даниялик футболчига қизиқиш билдирмоқда. Парижликлар клуби спорт директори Леонардо 28 ёшли ҳавбекннг агенти билан трансфер борасида гаплашган. Аввалроқ «Интер» шу йил қишида «Тоттенҳэм»дан 27 миллион евро эвазига сотиб олинган футболчисини шу нархга сотишга тайёрлиги, жамоа бош мураббийи Антонио Конте уни режаларига киритмаётгани, футболчининг агенти унинг хизматларини инглиз клубларига таклиф қилгани, аммо ҳеч бир клубдан қизиқиш билдирилмагани хабар қилинганди.

ESPN хабарига кўра, «агент» Поль Погба ниҳоят Усмон Дембелени Манчестерга ўтишга кўндирган. Клублар ўртасидаги музокаралар тезлашган. «Манчестер Юнайтед» Жейдон Санчога муқобил сифатида Дембеле вариантига тўхталган, аммо футболчининг Барселонани тарк этишни истамаётгани асосий тўсиқ бўлаётганди. Ушбу француз футболчиси ёзда «Ливерпуль» ва «Ювентус» вариантларини ҳам рад қилганди. Яна бир тўсиқ эса «Манчестер Юнайтед» ҳужумчини ижарага олмоқчи ёки 50 миллион евродан ортиқ тўламоқчи эмас. «Барселона» эса, «иблислар»нинг вингерга муҳтожлигини билгани учун ижарага рози эмас, тўлақонли трансфер ва каттароқ сумма ўтказиб берилишини хоҳламоқда. Манбада «МЮ» Окампос вариантини кўриб чиқаётгани ҳам тилга олинган. «Севилья» ушбу аргентиналик ҳужумкор яримҳимоячисини 40 миллион еврога қўйиб юборишга рози. 

«Тоттенҳэм» марказий ҳимоячиси Хуан Фойт катта эҳтимол билан «Вильярреал»да ўз фаолиятини давом эттиради. Испанлар клуби 22 ёшли футболчини кейин сотиб олиш шарти билан ижарага олмоқчи, деб ёзди Николо Шира. Аргентиналик ҳимоячи билан «Валенсия» ҳам қизиқаётганди.

«Манчестер Юнайтед» «Аталанта»дан Амада Траорени сотиб олмоқчи, деб хабар беради MEN. Ўтган мавсумда африкалик 18 ёшли вингер 3 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол муаллифи бўлганди. Аммо бу вариант кутилаётган Санчо ёки Дембеле трансферига боғлиқ эмас, дейишмоқда «МЮ»га яқин бўлган манбалар.

«РБ Лейпциг» «Атлетико» билан Тома Лемарнинг ижараси бўйича келишиб олди. Marca хабарига қараганда, 24 ёшли футболчи кейинги йил сотиб олиш ҳуқуқи билан бир йиллик ижарага олинади. Олдинроқ Лемарга «Бавария» клуби қизиқаётгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалганди.

«Манчестер Сити» ҳимоячиларга «тўймаяпти» кейинги нишон – «Аякс» чап қанот ҳимоячиси Николас Тальяфико. Ушбу трансфер учун «Сити» 22 миллион фунт тўлашга тайёр. Шахсан Пеп Гвардиола ушбу аргентиналик футболчи трансферига қизиқмоқда. Николас жамоани тарк этиши айтилаётган Зинченконинг ўрнига сотиб олинаётгани айтилмоқда, аммо аслида украиналик футболчининг майдонда ўрни ҳам қолмагандек. Пеп ушбу позицияда Менди ва Канселуга кўпроқ имконият бериб келяпти. «Шаҳарликлар» ушбу трансфер амалга ошмаса, Давид Алаба вариантини ҳам кўриб чиқишади. Маълумки, австриялик футболчи «Бавария» билан янги шартнома тузишдан бош тортди.

«Вольфсбург» Москванинг «Динамо» клуби ҳужумкор яримҳимоячиси Максимилиан Филиппни бир йил муддатга ижарага олмоқда, деб хабар берди «Спорт Экспресс». Жорий мавсумда 26 ёшли немис футболчиси РПЛда 7 ўйинда майдонга тушди ва 1 гол муаллифига айланди. Филипп бир йил олдин Дортмунднинг «Боруссия» клубидан 20 миллион еврога харид қилинганди.

Ди Марционинг ёзишича, «Фиорентина» «Наполи»нинг собиқ вингери Хосе Кальехонга ўз эътиборини қаратган. Флоренцияликлар 33 ёшли футболчини «Ювентус»га ўтишга яқин турган Федерико Кьезага ўринбосар сифатида кўрмоқда. Янги мавсум аввалида 7 мавсум давомида «Наполи» шарафини ҳимоя қилган Кальехон клубни эркин агент сифатида тарк этганди.

«Парма» ўнг қанот ҳимоячиси Маттео Дармиян яқин вақтлар ичида Миланда тиббий кўрикдан ўтади. Calciomercato хабарига кўра, «Интер» ушбу 30 ёшли футболчини 2,5 миллион еврога сотиб олмоқда. Ўтган мавсумда Дармиян 33 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол урган ва 1 голга ҳаммуаллифлик қилган.

«Барселона» «Манчестер Сити» марказий ҳимоячиси Эрик Гарсияни трансфер ойнаси якунига қадар қўлга киритмоқчи, деб ёзмоқда RAC1. Каталонияликлар Гарсия учун 8 миллион евро нақд, 2 миллион евро бонуслар кўринишида, шунингдек, яримҳимоячи Рафиньяни беришмоқчи. «Манчестер Сити» ҳимоячи учун 20 миллион евро олмоқчи, «Барселона» таклиф қилаётган Рафинья эса клубга керак эмас.

Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичида қатнашадиган «Ренн» ҳимоячи Вильям Салиба бўйича «Арсенал» билан музокаралар олиб боряпти. Бретонликлар 19 ёшли футболчини 1 мавсумга ижарага олишмоқчи. Лондон клуби Салибани бир йил олдин «Сент Этьен»дан 30 миллион еврога сотиб олган, аммо бир йил Францияда ижарада қолдирилганди. Янги мавсумда «Арсенал» таркибига қўшилган футболчи асосий таркибга кира олмаяпти.

«Кристал Пэлас» вингери Уилфрид Заа учун талабгор сифатида «Манчестер Юнайтед» ва «Атлетико» кураш олиб боришади, деб ёзмоқда The Guardian. 27 ёшли футболчининг трансфер қиймати 45 миллион евро атрофида бўлиши мумкин. Қизиғи, Заа «Манчестер Юнайтед» тарбияланувчиси ҳисобланади, аммо Мойес даврида иқтидорли футболчи сотиб юборилганди. Баъзи манбалар бунинг сабаби сифатида Заанинг Мойеснинг қизи билан муносабатларга киришганини тилга олишганди.

Луис Суареснинг адаши, «Уотфорд» ҳужумчиси Луис Суарес расман «Гранада» клуби аъзосига айланди. Испан клуби ушбу 22 ёшли футболчи билан 5 йилга шартнома имзоланди. 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар