01.10.2020 18:44
9544
«МЮ» Дембеле учун жиддий ҳаракат бошлади, «Бавария» бозорда фаоллашди. Сўнгги трансфер хабарлари

«Манчестер Юнайтед»нинг Усмон Дембелега қизиқиб қолгани рост бўлса, (бу ҳақида ҳатто энг ишончли инсайдерлардан бири Фабрицио Романо ҳам ёзди) уч клуб ўртасида ўзига хос учбурчак ҳосил бўлганини айтиш мумкин. Гап шундаки, каталонияликлар анчадан бери трансфери режалаштирилаётган Мемфис Депайни сотиб олиш учун Усмон Дембеле «Юнайтед»га ўтишига розилик беришлари талаб қилинадиган кўринмоқда. Депай уч йил олдин «Лион»га айнан «МЮ»дан ўтган ва инглизлар клуби футболчининг илк трансфер ҳуқуқига эгалик қилишади. Гўёки, агар «Барселона» Дембелени қўйиб юборишни истамаса, Вудворд Мемфис Депайга эътиборини қаратиши, бу билан «таҳдид қилиши» ҳам мумкин. Шу тариқа, 25 миллион еврога ҳал бўлиши кутилаётган Депай трансферида кутилмаган қийинчилик юзага келади. Аслида «Юнайтед» учун Усмон Дембеле, «Барселона» учун Депай зарурроқ – маълумки, Куман жамоасида Гризманн ҳам, Месси ҳам ўнг қанотга кўпроқ ихтисослашишган, жамоага Депай каби чап қанот футболчиси керак. «МЮ»да эса аксинча, чап қанотда тўп сурадиган ҳужумчилар етарлича, асосий приоритет сифатида ўнг қанот вингери изланмоқда.

Ёзда мукаммал жамоадек тасаввур уйғотган «Бавария» трансфер бозорида бирданига фаоллашди – бир қатор манбалар бир қанча футболчиларни Мюнхен жамоаси билан боғлашни бошлаб юборишди. Хусусан, Bild нашрининг ёзишича, «Атлетико» яримҳимоячиси Тома Лемар «Бавария»нинг қизиқишлари доирасига кириб қолган. Ушбу ҳавбекка шунингдек, «РБ Лейпциг» ҳам эътибор қаратяпти. Sky Sport Deutschland эса, «Челси»нинг ёш тарбияланувчиси Каллум Ҳадсон-Одои Лондонни тарк этиб, «Бавария» сафига қўшилиши ҳақида ёзмоқда. Sky Germany нашри хабарига қараганда, Андрей Крамарич ҳам «Бавария» аъзосига айланиши мумкин. «Ҳоффенҳайм»нинг 29 ёшли ҳужумчиси Роберт Левандовскига ўринбосар сифатида қаралмоқда. Футболчи ушбу мавсумнинг 2 ўйинида 5 гол уришга улгурди. Голлардан иккитаси айнан «Бавария» дарвозасига урилган. 

Daily Mail нашри хабарида ёзилишича, «Тоттенҳэм» Аркадиуш Милик бўйича «Наполи» билан музокара олиб бормоқда. Лондонликлар трансфер ойнаси якунига қадар ушбу трансферга улгуришга умид боғлашмоқда. Польшалик 26 ёшли ҳужумчининг трансфер нархи тахминан 25 миллион фунт атрофида бўлади. Бошқа бир вариант сифатида эса, «Бенфика» билан музокаралар давом этяпти ва ҳужумчи Карлос Винисиус ижара асосида Лондонга келиши мумкин. Football London нашрининг ёзишича, 25 ёшли ҳужумчи агар Милик варианти амалга ошмаса, «Тоттенҳэм»да бир йил ижарада тўп суради ва уни 36 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи ҳам инглизларда бўлади.

Чемпионлар Лигаси гуруҳ босиқчи олдидан «Марсель» клуби ўз таркибини Маттео Гендузи билан кучайтирмоқчи, деб хабар беради Foot Mercato. Микел Артета ушбу футболчини режаларига киритмаган, бунинг устига франциялик яримҳимоячи ўтган мавсумда клуб раҳбарияти билан ҳам зиддиятга борганди. «Марсель» раҳбарияти 21 ёшли футболчини бир йилга ижарага олмоқчи. «Арсенал» Гендузини икки йил олдин «Лорьян»дан 8 миллион еврога харид қилганди.

«Эвертон» марказий ҳимоячи қидиришда давом этяпти. Telegraph хабарига кўра, ливерпулликлар «Норвич» аъзоси Бен Годфрини асосий номзод сифатида кўришмоқда. Клуб ушбу 22 ёшли футболчи 26 миллион фунтдан воз кечишга тайёр. Муқобил вариант сифатида эса «Челси»нинг ёш футболчиси Фикайо Томори номзоди кўриб чиқилмоқда.

«Зенит» «Атлетико» марказий яримҳимоячиси Эктор Эррерага қизиқиш билдирмоқда, деб ёзди Diario AS. 30 ёшли мексикалик футболчи бир йил олдин «Порту»дан эркин агент сифатида Мадридга келганди. Ўтган мавсумда у 21 ўйинда майдонга тушиб, 2 голга ҳаммуаллифлик қилди.

Дэви Классан яқин кунларда яна «Аякс»га қайтиши мумкин. Икки йил олдин ушбу яримҳимоячи айнан шу клубдан «Эвертон»га трансфер қилинганди, аммо Англияда унинг ишлари юришмади. Бундеслигада эса, футболчи ўз ўйинини қайта топишга муваффақ бўлди. Ўтган мавсумда у «Вердер» сафида 33 ўйинда майдонга тушиб, 7 гол урди ва 6 ассистни амалга оширди. Амстердамликлар собиқ футболчиси учун 12 миллион евро тўлашга тайёр.

«Валенсия» Дэнни Дринкуотерни ўз сафига қўшиб олмоқчи. Бу ҳақида Diario AS хабар тарқатди. 30 ёшли футболчи яқинда «Вильярреал»га сотиб юборилган Дани Парехонинг ўрнини босиши кутилмоқда. Таклиф кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олишни кўзда тутади. Дэнни «Челси» асосий таркибига кира олмай, ўтган мавсумни ижарада ўтказганди, лондонликларнинг бу ёздаги фаол харидлари эса, футболчининг имкониятларини янада пасайтириб юборгани шубҳасиз.

Plettigoal нашри «Арсенал»нинг чап қанот ҳимоячиси Энсли Мэйтленд-Найлз «Манчестер Юнайтед»га ўтиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. Манбада келтирилишича, 23 ёшли футболчининг Манчестерга ўтиши 80 фоизга аниқ бўлиб улгурган. Трансфер суммаси эса 22 миллион еврони ташкил қилиши мумкин. Аммо бошқа нашрлар бундай келишув ҳақида ёзмаётганига ҳам эътибор қаратиш лозим, зеро ҳозирда «МЮ» учун Алекс Теллес асосий вариант бўлиб тургани, Португалия клуби билан музокаралар давом этаётгани ҳақида ишончли хабарлар кўп.

«Лестер» вингери Демерэй Грэй жамоани тарк этиши мумкин. Daily Mail нашри хабарига қараганда, Дэни Жеймсни «Манчестер Юнайтед»дан сотиб олишга уриниши муваффақиятсиз чиққан «Лидс» ушбу вариантни кўриб чиқмоқда. «Тулкилар» билан шартномаси якунланишига бир йил қолган футболчи нисбатан анча арзон нархга тушиши мумкин. Ўтган мавсумда Грэй 21 ўйинда майдонга тушиб, 2 гол урган ва 4 марта шерикларига голли узатмани амалга оширган.

«Лидс» шунингдек, чап қанот ҳимоячиси Тодди Кэнтуэллнинг трансферини амалга ошириши ҳам мумкин, деб ёзмоқда Николо Шира. Англиялик 22 ёшли футболчи учун клуб 18 миллион евро тўлашга тайёр экан. Кэнтуэлл ўтган мавсумда АПЛда 37 ўйинда майдонга тушиб, 6 гол муаллифи бўлган. Аммо «Норвич» мавсумни муваффақиятсиз ўтказиб, лигани тарк этди.

«АЗ Алкмар» вингери Уссама Идрисси эса «Севилья» клуби қизиқишлари доирасига кириб қолди. Marca нашри хабарига кўра, андалусияликлар 24 ёшли футболчи учун 12 миллион евро беришга тайёр. Ўтган мавсумда ушбу ҳужумчи Эрдивизияда 25 ўйинда қатнашиб, 13 гол муаллифи бўлган ва 4 марта голли узатмани амалга оширган.

The Athletiс нашрида ёзишларича, ниҳоят Крис Смоллинг «Рома»га ўтадиган бўлди. Римликлар «Юнайтед» талаб қилган 20 миллион евролик чегарага яқинлашди ва тез соатларда трансфер ҳал бўлади. «Юнайтед» эса уч позиция бўйича иш олиб бормоқда. Агар кўнгилдагидек вариантлар бўлса, «МЮ» чап қанот ҳимоячиси (Алекс Теллес), ўнг қанот вингери (Санчо ёки Дембеле), шунингдек, марказий ҳужумчи (Кавани, Йович) дедлайн сўнггига қадар приоритет чизиқлар бўлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар