30.09.2020 21:02
9316
Гвардиола яна бир ҳимоячи олди, «Ювентус» янги трансферга тайёрланмоқда. Сўнгги трансфер хабарлари

Асосий таркиб футболчиларидаги жароҳатлар туфайли испаниялик мутахассис шу ёзда «Лестер»дан сотиб олинган Натан Аке ва 19 ёшли Эрик Гарсияни ўйнатишга мажбур бўлаётганди. Шу туфайли «шаҳарликлар» ҳимоя марказидаги муаммони ҳал этиш учун «Бенфика»дан 68 млн евро эвазига Рубен Диашни трансфер қилди, қарама-қарши йўналишда Николас Отаменди 15 млн эвазига Португалияга йўл олди. Бу Гвардиола давридаги тўққизинчи ҳимоячи трансфери бўлди. Мутахассис ҳимоя чизиғи учун шу вақтгача 440 млн евро сарфлаган.

Қуйида инглиз клубларининг сўнгги 10 йилликдаги трансферлар учун «тоза харажатлари» акс этган. «Тоза харажат» деганда, футболчиларни сотиб олиш учун сарфланган пулдан, сотишдан тушган тушумлар чегирилган ҳолдаги суммани тушуниш мумкин. Юқорида тилга олинган Диашнинг трансфери «Манчестер Сити» харажатларини 1 миллиард фунтдан ошириб юборди.

«Мартин менга керак. Истардимки, жамоада ҳар бир позицияда иккитадан футболчи бўлиши керак. Лео ва Гризманн «тўққизлик» сифатида ўйнашлари мумкин, лекин ҳар иккиси ҳам Мартин каби типдаги ҳужумчилар эмас», деди «Барселона» устози Рональд Куман Мартин Брейтуэйт ҳақида.

«Бавария» «Брайтон»нинг ўнг қанот литерали Тарик Лэмптини қўлга киритмоқчи, деб хабар бермоқда SPORT1. Мюнхенликлар 19 ёшли футболчи учун 15 миллион евро тўламоқчи, аммо инглизлар камида 25 миллион евродан умид қилмоқда. Ушбу мавсумда ёш футболчи кўпчиликнинг эътиборини қозонмоқда – 3 ўйинда битта ассистдан ташқари, 2 марта пенальти ишлади.

Кшиштоф Пёнтек Италияга қайтиши мумкин. Sky Sport Italia нашрида ёзилишича, «Фиорентина» ушбу польшалик ҳужумчини сотиб олмоқчи, «Ҳерта» эса ушбу трансфердан камида 25 миллион евро умид қилмоқда. 25 ёшли футболчи қишда «Милан»дан 24 миллион еврога харид қилинганди. Пёнтек Бундеслигада 15 ўйинда қатнашиб, 4 гол муаллифига айланган.

«Ювентус» «Фиорентина» вингери Федерико Кьеза билан шахсий шартнома шартларини келишиб олди. Бу ҳақида Corriere della Sera хабар тарқатди. Манбада келтирилишича, 22 ёшли футболчи туринликлар билан 5 йиллик келишувга эришган. Ҳозирда «Ювентус» трансфер суммаси юзасидан музокаралар олиб бормоқда. Тахминий сумма 45 миллион еврони ташкил қилмоқда.

«Монако» яримҳимоячиси Кейта Бальде «Сампдория сафида ижарада тўп суради. Бу ҳақида Италия клуби расман хабар берди. 25 ёшли футболчининг бир йиллик ижара қиймати 1 миллион евродан иборат. Шунингдек, бир йилдан кейин сенегаллик вингерни 12 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқи ҳам «Сампдория»га тегишли бўлади.

«Челси»га «Ницца»дан эркин агент сифатида ўтган 21 ёшли марказий ҳимоячи Маланга Сарр яна Франция чемпионатига ижарага берилиши кутилмоқда, деб ёзади Telefoot Chaine. «Сент Этьен» «Лестер»га ўтган Уэсли Фофананинг ўрнини босувчи сифатида Саррни кўрмоқда.

TF1 хабарига кўра, «Лидс» Микаэл Кюизанс борасида «Бавария» билан келишувга эришди. 21 ёшли ҳавбек учун инглизлар 20 миллион евро тўлайди. Ёш француз бугун тиббий кўрикдан ўтгач, трансфер расман эълон қилинади.

Адриан Сильва «Лестер»дан «Сампдория»га ўтишга яқини турибди, деб ёзмоқда Sky Sport Italia. Икки йил олдин Португалиядан келган Сильва «Лестерда ишлари юришмагач, «Монако»га ижарага берилганди. Ўтган мавсумда 31 ёшли футболчи Франция чемпионатида 22 ўйинда майдонга тушди ва 2 голга ҳаммуаллифлик қилди.

«Арсенал» чап қанот ҳимоячиси Сеад Колашинац яна Бундеслигага қайтмоқда, деб ёзди Германиянинг Bild нашри. Трансфер суммаси тахминан 10 миллион еврони ташкил қилади. Ҳозирда келишувнинг сўнгги деталлари устида музокаралар давом этмоқда.

Telefoot Chaine хабарига қараганда, «Наполи» «Лилль» марказий яримҳимоячиси Бубакари Сумарени сотиб олиш устида иш олиб боряпти. 21 ёшли футболчи учун италияликлар 30 миллион евродан воз кечишга тайёр. «Янги Погба» деб эътироф этилаётган Сумарега аввалроқ «Манчестер Юнайтед» ва «Интер» клублари қизиқиш билдираётганди.

«Саутҳэмптон» «Брест» билан таянч яримҳимоячиси Иброҳим Диалло бўйича келишувдан умид қилмоқда, деб ёзади L'equipe. Иқтидорли футболчи учун инглизлар турли бонуслар билан биргаликда 15 миллион евро тўламоқчи. «Саутҳэмптон» шунингдек, «Тулуза»дан Иброҳим Сангарени сотиб олишга уринганди, аммо якунда футболчи «ПСВ» билан шартнома имзолади.

Япониялик футболчи Такехиро Томиясу «Милан» аъзосига айланиши мумкин. Sky Sport Italia нашри хабарида ёзилишича, Уэсли Фофана учун курашда муваффақиятсизликка учраган миланликлар «Болонья»нинг 21 ёшли ҳимоячисига эътибор қаратди. Трансфер суммаси 25 миллион евро атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда.

Яқиндагина «Барселона» сафида ўйнаб юрган Кевин Принс Боатенг фаолиятини Б-Сериясида давом эттиради. Ганалик футболчи «Монца» клуби билан мавсум охиригача шартнома имзолади.

Mundo Deportivo хабарига қараганда, Александр Зинченконинг агентлари футболчини «Барселона»га таклиф қилиб кўришган. Ҳали испанлардан жавоб бўлганича йўқ, аммо «Манчестер Сити»да асосий таркибдан муқим ўрин ололмаётган ҳимоячи бошқа вариантларни кўриб чиқаётган бўлиши мумкин. Пеп Гвардиола Зинченконинг позициясида Менди ва Канселуга кўпроқ имконият беряпти.

Инқироз ўз йўлига, аммо машҳур футбол агенти Жорже Мендешнинг жорий трансфер ойнасидаги даромади 20 миллион еврога яқинлашди. «Манчестер Сити ва «Бенфика» ўртасидаги Диаш-Отаменди рокировкасидан ҳар икки футболчининг агенти ҳисобланган Мендеш 8,3 миллион евро ишлади. Бундан ташқари, у Нелсон Семеду трансферидан 3 миллион евро, Фабио Сильванинг яна ўша «Вулверҳэмптон»га ўтишидан 4 миллион евро улушга эга бўлган. Диего Жотанинг «Ливерпуль»га ўтиши эса Мендешга 4,4 миллион евро келтирган. Трансфер ойнасининг энг қизғин палласи энди яқинлашаётгани эътиборга олинса, ушбу агентнинг даромади яна ошиши мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар